14:23 / 21.12.2021
18924
2021 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон қанча олтин сотгани маълум қилинди

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида газ экспорти 48,1 фоизга, нефть ва нефть маҳсулотлари экспорти 69,1 фоизга ошган. Электр токи сотиш эса 53,9 фоизга камайган.

Фото: Akio Kon/Bloomberg

2021 йил январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 37,94 миллиард долларни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 4,95 миллиард долларга кўпайган (ўсиш — 15 фоиз). Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумот бермоқда.

Ташқи савдо айланмаси умумий ҳажмида экспорт 15,45 млрд доллар, импорт эса 22,48 млрд долларни ташкил этган. Ҳисобот даврида 7 млрд доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолиятда 20 та йирик ҳамкор давлат қаторида тўрт давлат: Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия билан фаол ташқи савдо баланси мавжуд. Қолган 16 та давлат билан ташқи савдо айланмасининг пассив баланси сақланиб қолган. 

ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (17,7 фоиз), Россия (17,4 фоиз), Қозоғистон(9,3 фоиз), Туркия (8 фоиз), Корея (4,4 фоиз), Қирғизистон (2,2 фоиз) ва Германия (1,8 фоиз) билан қайд этилган.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида 4,1 млрд долларли (умумий экспортнинг 26,6 фоизи) олтин экспорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 5,8 млрд долларни (умумуий экспортнинг 40,9 фоизи) ташкил этган.

Бундан ташқари, 684,8 млн долларли (ўтган йилга нисбатан 48,1 фоизга кўп) табиий ёки сунъий газ, 71,2 млн долларли нефть ва нефть маҳсулотлари (ўтган йилга нисбатан 69,1 фоизга кўп), 64,9 млн долларли (ўтган йилга нисбатан 53,9 фоизга кам) электр токи экспорт қилинган.

Top