15:45 / 17.01.2022
13770
Роналду яна беш йил футбол ўйнамоқчи
Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду қониқарсиз натижалар, клубдаги ўзгаришлар фонида бирйўла икки йирик медиа – Sky Sports ва ESPN’га интервью берди. Португалиялик 36 ёшли форвард суҳбат давомида Ральф Рангникнинг фаолияти, клубдаги ички муҳит, АПЛ жорий мавсумидаги мақсадлари, Сульшер ҳамда Кэррикнинг клубдан кетиши ҳақида гапирди.

Рангникнинг клубдаги фаолияти ҳақида

Журналистлар Роналду билан суҳбатни Оле-Гуннар Сульшер ўрнига иш бошлаган вақтинчалик мураббий Ральф Рангникнинг фаолияти ва клубдаги иши ҳақидаги савол билан бошлашди.

Фото: Getty Images

– Ральф жамоада 4-5 ҳафта олдин иш бошлаган бўлса-да, кўп нарсани ўзгартиришга эришди. Аммо у ўз ғояларини ўйинчиларга сингдириши учун мураббийга вақт керак. Шунга қарамай, у жамоада яхши иш олиб бораётганига гувоҳман. Биз ҳозирда энг яхши ўйинларимизни кўрсата олмаётганимизни биламиз, бунинг учун маълум жиҳатларимизни яхшилашимиз шарт. Фикримча, Рангник келганидан кейин айрим ўйинларда яхши кўриндик, бироқ унга барибир вақт талаб этилади. Ҳар ҳолда футболчилар менталитети ва уларнинг маданияти, қандай ўйнаётгани, жамоа ўйин тизимини ўзгартириш осон эмас. Ишонаманки, у буни амалга ошира олади.

«5-7-ўринларни эгаллашни истамайман»

Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед»нинг айни дамда 7-ўринда экани ва кучли тўртликдан ўрин олиш имкониятлари ҳақида гапирди.

– Қарашларимиз ўзгармай, тўртликка киришнинг иложи йўқ. «МЮ» менталитети камида топ-3лик даражасида бўлиши керак, ундан камига қаноатланмайман.

Яхши нимадир қурмоқчи бўлсангиз, баъзида бошқасини бузишингизга тўғри келади. Шундай экан, нега ўзгармаслигимиз керак? Янги йил, янги ҳаёт... Умид қиламанки, «МЮ» мухлислар истаётган даражага қайта олади. Улар бунга муносиб.

Ҳозирда биз ўзгаришга қодирмиз. Бу қай тахлит амалга ошиши кераклигини яхши биламан, аммо бу ҳақда мен гапиришим нотўғри бўлади. Айтишим мумкин бўлгани шуки, биз янада яхшироқ ўйнай оламиз. Ҳаммамиз. Ҳозирги вазиятни ўнглашимиз шарт.

Шахсан мен олтинчи, еттинчи ёки бешинчи ўринни эгаллашни истамайман. Ғалаба қозониш ва совринларга курашиш учун шу ердаман. Ўйлайманки, рақобатчилар билан кураша оламиз, аммо ҳали энг яхши даражамизга чиқа олмадик. Кўп жиҳатларимизни кучайтира олсак ва менталитет жиҳатдан ҳам ўзгарсак, катта ютуқларга эриша оламиз. 

«Ёш ўйинчилар танқидни қабул қилмай қўйди»

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси жамоадаги футболчиларга маслаҳат бериши ва ҳозирги ёш футболчилар ўзгаргани ҳақида ҳам гапирди.

Фото: Getty Images

– Таркибдаги ёши нисбатан катта футболчилар ёш ўйинчиларга доим ёрдам бера олади. Тўғри, фарқ бор. Мисол учун, мен маслаҳат бераман, бироқ сўзларимга амал қилинмаса, бундан наф бўлмайди. Ким биландир куни билан гаплашиш мумкин. Бироқ унинг ўзида кучли хоҳиш бўлмаса, нимадир ўзгариши қийин.

18, 19, 20 ёшимда клубдаги ёши катта ўйинчилар мен билан қандай гаплашгани ҳамон эсимда. Ўшанда ўзимга: «Криштиану, биласанми, сен ўсишинг, янада яхшиланишинг керак. Улар сендан кўпроқ нарсани билишади, улар сендан кўра тажрибалироқ», дердим. Ҳар ҳолда ёши катта ўйинчилар энг қийин дамлардан ўтган бўлишади.

Аммо ҳозирги ёш ўйинчилар танқидни қабул қилмай қўйишди. Мен буни жамоамиздаги футболчиларга нисбатан эмас, умуман айтаяпман. Болаларим бор, мен нима ҳақида гапираётганимни яхши биламан. Баъзида қаттиққўлроқ бўлсанг, улар бунинг аксини қиладилар. Айтмоқчиманки, ёш ўйинчилар билан гаплашганда ҳам тўғри сўзларни топа билиш ва оралиқни сақлаш керак.

Шунга қарамай, барчаси энг аввало футболчининг ўзига боғлиқ. Сен ўзинг билан фахрланишинг, кўзгуга қараб «Мен боримни бердим», дея олишинг керак. Менимча, ҳаммамиз шундай қилишимиз даркор. Биз ҳали кўп ютуқларни қўлга кирита олишимизга ишонишимиз шарт. Акс ҳолда бу даҳшатли тушдек бўлади.

Бир-биримизга ёрдам бериш учун ҳам шу ердамиз. Агар жамоада кимгадир ёрдамим, маслаҳатим керак бўлса, бунга доим шайман. Агар менинг ёрдамим керак бўлмаса, ўз ишингни бажариб, жамоага ёрдам бериш учун борингни беришинг шарт.

«Оле, Майкл менга фақат мураббий эмас, жамоадошларим ҳам эди»

Роналду жамоа бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер ва ундан кейин ёрдамчи мураббий Майкл Кэррикнинг истеъфоси ҳақида ҳам тўхталди.

– Очиғини айтсам, ўша паллада жамоага осон бўлмаганди. Оле билан хайрлашдик, кейин эса Кэррик кетишини айтди ва хайрлашди. Янги мураббийлар штаби иш бошлади. Бунча ўзгаришлардан сўнг исталган клубда қийинчилик бўлади. Жамоадан кимнидир кетиши оғир ва ёқимсиз ҳолат. Оле, Майкл менга фақат мураббий эмас, жамоадошларим ҳам эди. Ажойиб инсонлар. Оле кетганидан ҳамма хафа эди, аммо истеъфолар ҳам футболнинг бир қисми.

Фото: Getty Images

Натижалар ҳамма кутаётгандек кўриниш олмаса, ниманидир ўзгартиришга тўғри келади. Бундан хафа эдим, лекин клубни ҳам тўғри тушунишимиз керак. Бу оғир, аммо ҳаёт давом этади.

Ҳали ҳам мавсумни яхши ўтказишимиз мумкинлигига ишонаяпман. Бош мураббийнинг қарашларини майдонда кўрсатиш учун вақт талаб этилади. Фақат кўпроқ ишлаб, биргаликда натижага эришиш мумкин. 

«Роналдо ва Роналдиньодан кўпроқ соврин ютдим, аммо улар – жаҳон чемпиони»

Криштиану суҳбат давомида бразилиялик футболчилар — Роналдо ва Роналдиньо билан таққослашлари ҳақида ҳам гапирди.

– Ким кучли? Бу энг яхши ўйинчини қандай танлашга боғлиқ. Лекин мен таққослашни ёқтирмайман. Учаламиз ҳам тарихда из қолдирдик. Улардан кўпроқ шахсий совринлар қўлга киритдим, аммо Роналдо ва Роналдиньо – жаҳон чемпиони.

Уларга хайрихоҳлик билан қарайман. Ёшлигимда уларнинг ўйинларини томоша қилганман. Ким яхшироқ эканлиги муҳим эмас. Уларнинг иккаласини ҳам кумирим деб биламан. Улар футболда ажойиб тарих ёзишди.

«Генетик жиҳатдан ўзимни 30 ёшдагидек ҳис қиляпман»

Февралда 37 ёшни қаршилайдиган португалиялик футболчи 42 ёшгача ўйнай олиши мумкинлигини айтди.

– Генетик жиҳатдан ўзимни 30 ёшдагидек ҳис қиляпман. Яқинда тушундим, 33 ёшдан кейин тана исталган муаммоларни ҳал қилиши мумкин, аммо ҳақиқий жанг – ақлий курашдир.

Фото: Getty Images

Ҳаётда турли вазиятларга дуч келасиз – яхши, ёмон кунлар бўлади, аммо йиқилганингизда қайтадан оёққа туришга куч топа олиш – энг муҳими. «МЮ»да бахтлиман, ҳали футболда қолмоқчиман. 40, 41, 42 ёшгача ўйнай оламанми ёки йўқ, тушуниб олишим керак. Аммо мен учун футболдаги энг асосий жиҳат ўзгармаган – футболдан завқ олиш, - дейди Роналду.

Top