18:57 / 26.01.2022
4648
Фақат ривожланган иқтисодиёт барпо этиш орқали миллий хавфсизликни таъминлай оламиз – президент

Президент Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилликдаги режалар ҳақида гапирар экан, ЯИМни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 бараварга кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Президент видеоселекторида фақат самарали иқтисодий ислоҳотларгина мавжуд ижтимоий муаммоларни ечиш имконини бериши қайд этилди.

«Тараққиёт стратегиямиз янги иқтисодий дунёқараш, янгича иқтисодий муносабатлар асосида эркин ва фаровон ҳаёт қуришга хизмат қилади. Фақат ривожланган иқтисодиёт барпо этиш орқали биз тинчлик ва осойишталикни, миллий хавфсизликни таъминлай оламиз.

Ҳеч кимга сир эмас – бугун жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифа, керак бўлса, масалаларнинг масаласи бўлиб турибди.

Фақат самарали иқтисодий ислоҳотларгина мавжуд ижтимоий муаммоларни ечиш имконини беради. Биз келгуси фаолиятимизда иқтисодиёт тармоқларини комплекс ва жадал ривожлантириш орқали замонавий иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартиришга энг асосий эътибор қаратишимиз шарт.

Бунда, барча иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимларнинг келгуси беш йилдаги энг устувор вазифаси – ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард доллардан ошириб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,4 бараварга кўпайтириш ва камбағаллик даражасини камида 2 бараварга қисқартиришдан иборат бўлиши зарур.

Жорий йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик бўйича барча зарурий чоралар кўрилиши лозим. Шу билан бирга, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 триллион сўм кредитларни «маҳаллабай» кафолатли етиб боришини таъминлаши керак.

Шу билан бирга, бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширилмаслиги шарт.

Янги ерларни ўзлаштириш, сув тежовчи ва рақамли технологияларни жорий қилиш, илм-фан ва инновациялар орқали, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш лозим.

Иқтисодиётга беш йилда 120 миллиард доллар, шу жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этиш, экспорт ҳажмини йилига 30 миллиард доллардан ошириш шарт.

Кўряпсизларми, биз ўз олдимизга қандай улуғвор марраларни қўймоқдамиз. Энг муҳими, бу улкан вазифаларни ҳамон давом этаётган пандемия ва глобал инқироз шароитида амалга оширишга тўғри келади.

Бу биздан катта куч ва маблағ, юксак ирода ва қатъий интизомни, барча куч-имконият ва ресурсларимизни тўла сафарбар этишни талаб этади», дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top