13:28 / 29.01.2022
12825
Кўчага чиқинди ташлашдан нега уялмаймиз?

Озиқ-овқат маҳсулотларининг қоғозлари, баклажкалар, целлофан пакетлар – Тошкент кўчалари учун одатий манзара. Шундан, ва яна дарахтлар кесилаётганига бефарқликдан аччиқ ҳақиқатни англаш мумкин: ўзбекистонликларнинг кўпи табиатни севмайди.

Халқимизнинг кўп яхши хислатлари бор, аммо улар қаторига, афсуски, табиатни асраш фазилати ҳали қўшилмаган.

Буни, масалан, Тошкент кўчаларини кезиб, йўлакларда, ариқларда ётган маиший чиқиндилар мисолида кўриш мумкин. Ёки дарахтлар шафқатсизларча кесилаётганидан бефарқлик ҳам шундан дарак.

Урналар етишмаслиги, дарахткесарларга қонун ишламаётгани каби омилларни инкор этиб бўлмайди, тўғри, бироқ атроф-муҳитни жуда бир эъзозлайдиган халқмиз дейиш ҳам муболаға бўлади.

Асосий муаммо – бу мавзуга ҳеч ким жиддий қарамаслигида

Экофаол, “Тозалик фаришталари” лойиҳаси муаллифи Мўтабар Хушвақтова одамларнинг табиатга муносабати ўзгармаса, бу кетишда 10 йил ичида Ўзбекистон чиқиндихонага айланишидан хавотирда.

“Шаҳардан чарчаган одамлар тез-тез тоғ ёнбағирларига чиқишади. Чунки фақат у ерда чиройли тоза ҳаво, табиат бор. Лекин уларнинг орқасидан бир халта ахлат қолади. Натижада ўша жойлар ҳам бир неча йилда ахлатхонага айланади. Ва бизда дам олиш учун жойнинг ўзи қолмайди”, – дейди у.

Мўтабар “Тозалик фаришталари” лойиҳасини 4 йилдан бери амалга оширади. Унинг айтишича, бошида бу лойиҳа кўпчиликка ёққан. Ҳозир бу мавзуга эътибор сусайган. Шундай бўлса-да, бу мавзу ҳақида гапиришдан тўхтамаслик керак.

“Атроф-муҳит тозалиги ҳақида ОАВда тинмай бонг уриш керак. Бу мавзу қаердадир юмор, қаердадир жиддий кўринишда ёритилиши керак. Асосий камчилик – бу мавзуга ҳеч ким жиддий ёндашмаслигида: на давлат, на одамлар. Аввало одамлар ахлатни саралашни ўрганиши керак, бу жараён секин кетиши мумкин, лекин, албатта, натижасини беради”, – дейди Мўтабар.

Кодексдаги деярли ишламайдиган моддалар

Ўзбекистонда атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун жарималар белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-, 91-, 123-моддаларида чиқиндини ташлаш бўйича нормалар белгилаб қўйилган. 82-моддага мувофиқ, муҳофаза қилинаётган табиий ҳудуд режимини бузиш 1,1 млн сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Бундан ташқари, фуқаро 91-моддада кўрсатилганидек ноқонуний жойга чиқиндини ташлайдиган бўлса, ҳозирги кунда 669 минг сўм жарима тўлайди. Автомашинадан чиқиндини ташлайдиган бўлса, 123-моддага асосан 223 минг сўмгача жаримага тортилади.

“Афсуски, жарима миқдорини белгилаб қўйиш билангина кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди, – дейди филология фанлари номзоди, доцент, экожурналист Наргис Қосимова. – Ижро механизми узлуксиз ишлашини таъминлаш ва механизм амалда ўзини оқлаши лозим. Энг аввало, қонунчиликни такомиллаштириш, чиқиндини белгиланмаган жойга ташланишининг олдини олиш учун жарималарни ошириш ва уларни назорат қилиш зарур.

Чиқинди ташлаганларни қаттиқ жазога тортиш (камералар орқали аниқлаш), аҳолини чиқиндини саралашга ўргатиш, уларни қайта ишлашни йўлга қўйиш зарур.

ОАВда ҳам фалончи чиқиндини белгиланмаган жойга ташлагани учун жазоланибди, жаримага тортилибди, деган гаплар ёритилмайди. Демак, чиқинди бўйича назорат ҳаминқадар”.

Шаҳарларни урналар билан таъминлаш ҳақидаги бир нечта ҳужжатлар талабларини ниҳоят бажариб, шундан кейин ахлатни кўчага улоқтирганлик устидан назоратни кучайтириш, ўйлашимизча, эпласа бўладиган вазифа. Пандемия даврида юз минглаб ниқоб тақмаганлар тинимсиз кузатилиб, жаримага тортилди. Нега энди артоф-муҳит тозалиги учун шундай қилиб бўлмайди?

Чиқинди соҳасидаги тадбиркорликни рағбатлантириш керак

 Фото: Kun.uz

Ахлатни белгиланган жойга ташлаш кераклиги кўп таъкидланади. Аммо, юқорида айтганимиздек, жамоат жойларида етарлича ахлат қутилари йўқлиги ҳам бор муаммо.

Экожурналист Наргис Қосимова жамоатчилик жойларида етарли қутиларни қўймай туриб, аҳолини экологик маданиятга ўргатиш самара бермайди, деган фикрда. Унинг айтишича, чиқинди қутилари ҳаттоки сайилгоҳларда ҳам етишмайди, бори ҳам ўз вақтида тозаланмайди. Чиқиндини саралашни болаликдан ўргатиш, буни боғча, мактаблардан бошлаш керак.

“Аммо яна бир масала. Чиқинди саралаган тақдирингизда ҳам, чиқинди тўплаш жойларида яна уни аралаштириб юбориш ҳолатлари бор. Бу эса аҳолининг бу борадаги рағбатини йўқотади. Демак, ҳудудларда чиқиндини қайта ишлаш заводларига эҳтиёж катта”, – дейди у.

Бу каби чиқинди саралаш қутилари Тошкентда жуда-жуда кам / Фото: Kun.uz

Демак, чиқинди кластерларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳозирги чораларни етарли деб бўлмайди. Куни кеча Экология қўмитаси раҳбарияти чиқинди соҳасидаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказибди, шу каби учрашувлар тез-тез ўтказиб турилиши ва соҳа ривожи йўлидаги муаммолар тезроқ бартараф этилиши мақсадга мувофиқ.

8 йил ичида энг тоза шаҳарга айланиш: Калгари буни қандай уддалади?

Калгари шаҳри / Фото: Alix Kreil / Shutterstock

Атроф-муҳит тозалиги билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистондагина учрамайди, албатта. Шу ўринда бу муаммони бошидан ўтказиб, ечим топган аввалқадам давлатлар тажрибаси муҳим.

Канаданинг Алберта провинциясида жойлашган Калгари шаҳри бир неча йиллар давомида ифлос шаҳарлар рейтингида етакчи бўлиб келган. 2015 йилга келиб эса шаҳар дунёнинг энг тоза шаҳарлари 10талигига кирган. Калгари буни қандай уддалади?

2007 йилда шаҳар тозалиги учун “Too good to waste” дастури ишлаб чиқилди. 2009 йилда Калгари шаҳар кенгаши ахлат ташлаганлик учун жаримани 500 долларга оширди; транспорт воситасидан ахлат ташлаганлик учун 750 доллар ва ёнаётган сигаретани машина ойнасидан улоқтирганлик учун 1000 доллар жарима белгилади. Чиқинди полигонлари ҳам чиқинди учун чора эмаслигини англаган калгариликлар “Too good to waste” дастурига чиқиндини қайта ишлаш эвазига уни полигонларга жўнатишни камайтирди.

2000 йилларда Калгарида шаҳарлашув натижасида қурилишдан жуда кўп миқдорда қайта фойдаланиш мумкин бўлган чиқинди ҳосил бўлганди. Улар энди полигонга эмас, қайта ишлаб, янги қурилишларга йўналтириладиган бўлди. 80 фоиз чиқиндини 2020 йилгача полигонларга юбормаслик дастури ишлаб чиқилди. “Яшил Калгари” сайти ишга туширилиб, шаҳарни қандай тозалаш бўйича муҳим маслаҳатлар бериб борилди. Унда компост қилиш, чиқиндисиз тушлик қилиш, ахлат қутисига нима ташлаш керак ва керак эмаслиги каби элементар билимлар оддий қилиб тушунтирилган.

Бундан ташқари, Калгарида апрел ва июн ойларида баҳорги тозалаш (spring clean-up) ишлари олиб борилади ва 15 минг км пиёда ва автомашина йўллари тозалаб чиқилади.

Японлар чиқиндини кўчага ташлашни эмас, ўзлари билан олиб кетишни афзал кўради

 Фото: Ian Dagnall /Alamy

Кўпчилик сайёҳлар Япония таассуротларида кўчаларда ахлат йўқлигидан ҳайратга тушганини айтади. Японияда II Жаҳон урушидан кейинги тезкор саноат сабаб чиқиндилар асосий муаммога айланганди. Айниқса, Токиода жуда кўп нарсани ташлаб юборишга тўғри келгач, чиқинди учун полигонларда жой қолмаган. 1990 йиллардаги чиқинди назоратига оид қонунлар чиқинди полигонларига иложи борича камроқ нарса олиб бориш ҳақида эди. Қатъий тартиб сабаб чиқинди ташламаслик ҳам япон маданиятининг бир қисмига айланди. Улар чиқиндини кўчага ташлашни эмас, ўзлари билан олиб кетишни афзал кўришади.

Кўча овқат сотувчиларидан овқат харид қилиб, қоғозини сотувчига қайтариб берсангиз, бу табиий ҳол сифатида қаралади.

Японларнинг уйида ахлат қутилари муҳим ўрин тутади. Ахлатни қайта ишлаш бўйича ҳеч ким японларнинг олдига тушолмайди. Уларнинг контейнерлари хилма-хил чиқиндиларга мослашган. Япониядаги Камикасту шаҳридаги қайта ишлаш воситалари чиқиндиларни 40 турга ажратиш орқали чиримайдиган чиқиндининг 80 фоизини полигонларга ташлашдан сақлаб қоляпти. Ҳар бир шаҳар учун “Gomi guides” деган режа бор. Унда нима, қаерда ва қачон қайта ишланиши ҳақида маълумот берилади.

Японлар пластикнинг 77 фоизини қайта ишлайди. Бу – Британияникидан деярли 2 баробар кўп, АҚШдагидан 20 фоиз юқори.

Япон мактабларини ўқувчиларнинг ўзи тозалайди

 Фото: Chris Willson / Alamy

BBC мухбирлари Стив Жон Поуелл ва Анжелес Марин Cабеллонинг Япония кўчалари тозалиги ҳақидаги мақоласи шундай бошланади:

“Ўқувчилар 7та 50 дақиқали дарс тугагач, уйга кетишга чоғланиб, портфеллари олиб, парталарига ўтиришди. Ўқитувчи эртанги жадвал ҳақида эълон қилишини сабр билан тинглашди. Кейин ҳар кунгидек, ўқитувчининг охирги гапи шундай бўлди: Бугун 1- ва 2-қаторлар синфни, 3- ва 4-қаторлар даҳлиз ва зинани, 5-қатор хожатхонани тозалайди. 5-қатор ўқувчилари орасидан норозиликлар эшитилган бўлса ҳам, улар супурги, латталарни олиб ҳожатхона томон кетишди. Бундай воқеа Япониянинг деярли ҳамма жойида ҳар куни такрорланади”.

“12 йиллик мактаб таълими давомида бошланғичдан то юқори синфгача тозалик вақти ўқувчилар кунлик жадвалининг муҳим қисмига айланган. Шунингдек, уйимизда ҳам бизга нарсаларимиз ва хонадонимизни тоза сақламаслик ёмон деб ўргатишади”, – деган Ҳиросима префектурасининг Токиодаги ваколатхонаси директори ёрдамчиси Маико Аване.

Мактабга келгач ўқувчилар оёқ кийимларини шкафда қолдириб, мактаб учун алоҳида оёқ кийим кийишади. Одамлар кўчага кийган оёқ кийимларини уйга кираверишда қолдириб киришади. Бундай дунёқараш болаларда мактаб даврида ривожланса, кейин улар улғайгач қўшнилари, шаҳарлари ва бутун мамлакатга нисбатан шундай муносабатда бўлишга ўрганишади.

“Бошқалар бизни ўз атрофини тозалаб юришга ақли етмайди, деб ўйлашини хоҳламаймиз…”

 Япониялик мухлислар Россидаги ЖЧ-2018да ўтирган трибуналаридан чиқиндиларни йиғиб кетгани олқишларга сазовор бўлганди / Фото: AFP / Juan Barreto

Ижтимоий хабардорлик японларнинг кунлик ҳаётида ҳам акс этади. Эрталабки 8да офис ишчилари ва дўкон ходимлари ўзларининг иш жойи атрофини тозалаб чиқади. Волонтёр болалар ҳар ойда кўчаларни тозалаб, ўз мактаблари атрофидаги ахлатларни йиғиб чиқишади. Қўшнилар ҳам доимий тозалик кунларини ўтказишади. Одамлар банкноталарни бировнинг қўлига бермайди. Масалан, таксига чиққанингизда пул қўйиш учун махсус патнислар бор.

Япон футбол фанатлари ҳам тозалиги билан дунёни ҳайратга солган. 2014 йил Бразилия ва 2018 йил Россиядаги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида япон жамоаси мухлислари футболдан кейин қолиб, стадиондан чиқиндиларни териб чиқишган. Ўйинчиларнинг кийиниш хоналари ҳам тоза турган.

“Бошқалар бизни ўз атрофини тозалаб юришга ақли ва фаросати етмайди деб ўйлашларини хоҳламаймиз”, – деган Маико Аване.

Сингапурда фуқаро кийимидаги назоратчи ахлат ташлайдиганларни кузатиб юради

Сингапурда сигарет қолдиғи ёки ширинлик қоғозини кўчага улоқтираётганга қўлга тушсангиз, биринчи мартасида 300 доллар жаримага тортиласиз. Бу жарима бора-бора минг долларга етиши, ҳатто доимий равишда ахлат териб юришга мажбурланишингиз ҳам мумкин.

Сингапурда чиқиндига оид қонунлар ижроси қатъий назорат қилинади. Кўчаларда оддий одамлар кийимидаги минглаб ишчилар асосий кўчаларда юради. Уларнинг вазифаси – чиқинди ташлайдиган одамларни аниқлаш ва тўхтатиш. Ўз навбатида, бу ерда ахлатни контейнерга ташлаш анча осон: қутилар шаҳар бўйлаб жуда қулай жойларга жойлаштирилган ва бу қонунни бузишга мотив қолдирмайди.

Бундан ташқари, Сингапурда сақич импорти тақиқланган. Улар чайналган сақичларга энг ифлослантирувчи нарса деб қарашади, чунки сақичларни тозалаш оддий чиқиндини тозалашдан анча қимматга тушади.

“Ҳаммаси ишни яхши ташкиллаштиришга боғлиқ”

 Навоий шаҳар деҳқон бозори / Фото: Kun.uz

Ўзбекистон шаҳарлари орасида Навоий шаҳри ўзининг озодалиги билан ажралиб туришини кўпчилик эътироф этади.

Шаҳар тозаликка қандай эришганини Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Мақсуд Ортиқов шундай изоҳлайди:

“Ҳаммаси ишни яхши ташкиллаштиришга боғлиқ. Доимий равишда бўлим бошлиқлари ўзига бириктирилган ҳудудни назоратга олиб, тозаликка риоя қилади. Дарахтларга қарайди, бутайди, оқлайди, йўлнинг ёмғир ўйиб юборган қисмларини ямаб чиқади. Шаҳар бўйича навбатчи электриклар қўйилган. Ҳар куни кечқурун қайси кўчада, нечта лампа, қаерда куйганини аниқлаб чиқади.

Мустақиллик, Наврўз байрамларида кўчалар ҳар хил корхона ташкилотлар томонидан доимий тозалаб турилади, шанба-якшанба кунлари ҳам тозлашга чиқиб туришади. Бир кунда ҳудудни тозалигига қараб 2-3 марта ҳам тозаланади”, – дейди у.

Бир қараганда бундай ишлар пойтахт кўчалари ёки исталган катта шаҳарларда ҳам такрорланиши мумкин. Мақсуд Ортиқовнинг айтишича, одамларнинг ўзи ҳам ахлат ташламасликка ўрганган. Улар дам олиш кунлари ҳашар қилишга кўнгилли бўлиб ҳам чиқишади.

Нима қилиш керак?

Еган маҳсулоти қоғозини исталган жойга улоқтириш типик ўзбекистонликларга хос одатга айланди. Бу борада Экология партияси ва Экология қўмитаси дадил таклифлар киритмаса бўлмайди. Боғча ва мактабларда чиқиндини саралаш бўйича экологик соатлар ўтилиши керак.

Бундан олдин, албатта, ҳукуматнинг ўзида чиқиндини қайта ишлаш бўйича аниқ ва қатъий истак бўлиши керак. Бу борада хориж тажрибасини ҳам ўрганган ҳолда мукаммал режа ишлаб чиқиш тўғри бўларди.

Ахлат улоқтирганлик учун жарима миқдорини ошириб, унинг устидан назоратни кучайтириш керак. Шу билан бирга, чиқинди контейнерлари ва уларнинг турини кўпайтириш ҳам зарур. Контейнерларни жуда қулай жойлаштириш керакки, одамлар ахлатни ерга ташлашига ҳожат қолмасин.

Ажратилган чиқиндини қайта ишлаш ва чиқинди полигонлари эса яна бир катта мавзу. Бу ҳақда кейинги мақолаларда батафсил сўз юритамиз.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Top