13:10 / 03.03.2022
15814
BMW’дан Apple’гача: Бир қатор гигант компаниялар Россия бозорини тарк этаётганини эълон қилди

Америка ва Европанинг бир қатор компаниялари ўз маҳсулотларини Россияда сотишни тўхтатди.

Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кириши бошланганидан кейин кўплаб Ғарб компаниялари руслар билан ишлашни тўхтата бошлади. Баъзи компаниялар буни санкциялар ёки бизнес юритишдаги қийинчиликлар туфайли амалга оширган бўлса, бошқалари очиқчасига уришаётган мамлакат билан ишлашга тайёр эмасликларини билдиришди. BBC сўнгги бир неча кун ичида Россия бозорини тарк этган йирик компаниялар рўйхатини тузди.

Авиация

Ғарб мамлакатларидаги авиация гигантлари Boeing вa Airbus Европа Иттифоқининг 26 февраль куни Россия авиация саноатига қарши жорий этган санкциялари доирасида Россия авиакомпанияларига техник ёрдам кўрсатиш тўхтатилганини эълон қилди.

Boeing Россиядаги асосий ҳаво қатновларини тўхтатди ва Киевдаги ваколатхонаси вақтинча ёпилишини эълон қилди.

«Шунингдек, биз Россия авиакомпанияларига қарашли ҳаво кемаларига бутловчи қисмлар етказиб бериш, техник ёрдам ва техник хизмат кўрсатишни ҳам тўхтатдик», — дейилади компания баёнотида.

Кўп ўтмай, Airbus ҳам Россияга эҳтиёт қисмлари жўнатилиши ва рус авиакомпанияларини қўллаб-қувватлаш хизмати тўхтатилганини эълон қилди.

Жаҳон тижорат авиациясининг энг йирик лизинг компанияларидан бири бўлган AerCap ҳам Россия авиакомпаниялари билан ҳамкорлик қилишдан воз кечди. Унинг мижозлари орасида S7 авиакомпаниялари, Aeroflot ва Урал ҳаво йўллари бор эди.

Электроника

Apple корпорацияси Россия ҳудуди бўйлаб чекловлар жорий қилаётганини эълон қилди.

«Биз Россияда ўз маҳсулотларимизни сотишни тўхтатдик. Ўтган ҳафтадан мамлакатдаги дистрибюторларимизга барча экспорт тўхтатилди. Apple Pay ва бошқа хизматлардан фойдаланиш чекланган. Россия ҳудудидан ташқарида App Store’дан RT News вa Sputnik News иловаларини юклаб олиш мумкин бўлмайди», дейилади компания хабарида.

Чоршанба куни Аpple’нинг Россиядаги re:Store ритейлери Москвадаги дўконларини ёпган. Кейинроқ дистрибюторнинг расмий вакили Подьем нашрига савдо нуқталарини ёпиш қарори вақтинчалик экани ва «бозордаги мавжуд вазиятни баҳолаш зарурати билан боғлиқлигини» айтган. Шунингдек, рус тилидаги мобиль банк иловалари ҳам Apple iOS операцион тизимига эга қурилмаларда ишламай қолиши мумкин.

Финландияда Nokia компанияси ҳам санкциялар сабаб Россияга ускуналар етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. Таъкидланишича, компания «МТС», «Теле2», «ВимпелКом» ва «МегаФон» учун ускуналар етказиб берган.

Худди шундай қарор Siemens томонидан ҳам қабул қилинди. Компания Россияда режа қилинган барча янги лойиҳаларини номаълум муддатга тўхтатган.

Кийим-кечак

Американинг энг йирик спорт товарлари ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири бўлган Nike Россия бозорига ўз маҳсулотларини етказиб беришни чеклаб қўйди. Сешанба куни эълон қилинган баёнотга кўра, бу етказиб бериш муаммолари билан боғлиқ. «Nike ҳозирда Россиядаги мижозларига товарларни етказиб беришга кафолат бера олмайди», — дейилган расмий муносабатда.

Буюк Британиянинг АSOS онлайн-дўкони (кийим-кечак, пойабзал, аксессуарлар ва косметика маҳсулотлари билан савдо қилади) ҳам Россияга ўз товарларини етказиб бермаяпти.

Компаниянинг рус тилидаги веб-сайтида шундай эълон жойлаштирилган: «Ҳозирда Россияга маҳсулотларни етказиб бериш имконияти мавжуд эмас».

Автомобиллар

Россия бозоридан чиқиб кетиш қарори бир қанча йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи гигант компаниялар томонидан ҳам эълон қилинди.

Ford Россиядаги барча ишларини тўхтатди, шу жумладан Sollers Auto гуруҳи билан биргаликда амалга оширилаётган қўшма корхона иши ҳам қисқартирилади.

«Ford Украинага бостириб кирилиши ва бунинг натижасида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солинаётганидан қаттиқ хавотирда. Вазият бизни Россиядаги фаолиятимизни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди», — дейилади компания баёнотида.

BMW Калининграддаги заводида автомобилларни йиғиш ва уларни Россия бозорига етказиб бериш тўхтатилганини эълон қилди. Шу билан бирга, компания ўз мижозлари автомобилларига хизмат кўрсатишни давом эттиради.

Бошқа бир қатор йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилар: Daimler, Volvo, Jaguar вa Land Rover ҳам Россиядаги фаолиятини тўхтатди.

Нефть компаниялари

Ғарбнинг нефть гигантлари ҳам Россияни тарк этмоқда. Чоршанба куни Американинг ExxonMobil компанияси «Сахалин-1» нефть-газ лойиҳасидан чиқишини эълон қилди.

«ExxonMobil Украина халқининг ўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва миллат сифатида келажагини белгилашга интилишини қўллаб-қувватлайди. Биз Россиянинг Украина ҳудудий яхлитлигини бузувчи ва унинг халқига хавф соладиган ҳарбий ҳаракатларини қоралаймиз», — дейилади компания баёнотида.

Компания Россиянинг Узоқ Шарқдаги Сахалин оролида учта йирик денгиз нефть ва газ конини бошқариб келаётган эди.

Бундан аввал, яна бир нефть гиганти Shell «Газпром» билан тузилган барча қўшма корхоналардан, жумладан «Сахалин-2» лойиҳасидан ҳам чиқишини маълум қилган.

27 февраль куни Британиянинг BP компанияси «Роснефт»даги ўз улушини сотиб, акциядорлар таркибидан чиқмоқчи эканини билдирганди.

Австриянинг OMV нефть-газ компанияси «Шимолий оқим-2» газ қувури лойиҳасидаги иштирокини қайта кўриб чиқишга қарор қилган. Лойиҳа оператори ва «Газпром»нинг шуъба корхонаси «Nord Stream 2 AG» эса банкротлик тўғрисида ариза берган.

Кино

Украина билан уруш туфайли Россия кинотеатрлари Ҳолливуд фильмларисиз қолади: энг йирик киностудиялар Россия кинотеатрларидаги янги фильмлар премьераларини бекор қилишди.

Warner Bros биринчи бўлиб ўзининг релизлари бекор қилингани ҳақида эълон қилди: «Бетмен» блокбастерининг режалаштирилган премьераси тўхтатилди.

Кейинроқ Paramount, Sony вa Walt Disney компаниялари ҳам ўзларининг релизларини музлатиш ҳақида эълон қилишди.

Netflix русча оригинал лойиҳалар устида ишлашни тўхтатган. Канн кинофестивали ташкилотчилари 2022 йилда Россия расмий делегациясини қабул қилишдан бош тортмоқда.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top