18:13 / 03.03.2022
15154
“Капалак эффекти”: жаҳон бозорида айрим маҳсулотлар нархи бир ҳафта ичида рекорд даражага етди

24 феврал куни Россия президенти Владимир Путин Украинада “махсус операция” бошлаш тўғрисида буйруқ берганидан сўнг ЕИ давлатлари, АҚШ, Жанубий Корея, Япония ҳамда бошқа мамлакатлар Россияга нисбатан кескин санкциялар жорий этди. Бу эса жаҳон бозоридаги нархларга ўз таъсирини ўтказди.

Фото: AP

3 март куни Нидерландиянинг TTF ҳабида минг куб метр газнинг апрел ойи учун фючерс нархи 2279 долларга етди. Аввалги рекорд ўтган йил декабрда қайд этилганди – 2190 доллар. Айни вақтга келиб нарх 1777 долларга тушган.

Маълумотларга кўра, Болгария, Чехия, Эстония, Латвия, Венгрия, Австрия, Руминия, Словакия, Словения ва Финландия 75-100 фоиз, Германия, Швеция ва Польша 50-75 фоиз табиий газни Россиядан импорт қилади.

Украинадаги тўқнашувлар ва санкциялар фонида нефть нархи ҳам кўтарилиб кетди. Brent русумидаги нефтнинг бир баррели нархи 119,15 долларни ташкил этди ва кейинроқ 118,49 долларга тушди. Brent нархи охирги марта 2012 йилда 119 доллардан ошганди.

2 март куни Европада кўмир нархи мутлақ рекордни қайд этди – нарх 32 фоизга кўтарилиб, бир тоннаси 400 долларга яқинлашди.

Буғдой нархи охирги 14 йилдаги энг юқори кўрсаткични ташкил этди - бир тоннаси 370-375 доллар. Қайд этилишича, бунга "Украинанинг Қора денгиз портларидан буғдой етказишнинг тўхтатилиши сабаб бўлган”. Бутун дунёдаги буғдой сотуви ҳажмининг қарийб учдан бири (29 фоиз) Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади.

Алюминий нархи ҳам ўсиб бормоқда. Февралда ушбу металл 13,1 фоизга қимматлаган бўлса, баҳорнинг дастлабки икки кунида яна 5,2 фоизга ошган. 2 март куни бир тонна алюминий нархи 3,5 минг долларга етиб, тарихий максимум қайд этилди.

Бундан ташқари, охирги икки кун ичида никель нархи 2,3 фоизга, палладий нархи 6,7 фоизга ошди. Маълумот берилишича, дунё бўйича ишлаб чиқариладиган палладийнинг 40 фоиздан ортиғи Россиянинг «Норильский никель» компанияси ҳиссасига тўғри келади.

P.S. Капалак эффекти — бир воқеанинг улкан ва олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга (жумладан, мутлақо бошқа жойларда) олиб келиши. 

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top