16:59 / 07.03.2022
28548
«Ливерпуль» «Сити»ни қувишда давом этмоқда. АПЛда тур ўйинлари якунлари

«Манчестер Сити» дербида Маҳрез ва де Брейненинг дубллари эвазига «Манчестер Юнайтед»ни йирик ҳисобда таслим этди, «Ливерпуль» «Сити»ни таъқиб қилишда давом этади.

Фото: MATTHEW ASHTON/GETTY IMAGES

Ҳаверц — Тухелнинг снайпери

Бёрнли – Челси 0:4
Голлар: 0:1 – 47 Жеймс, 0:2 – 52 Ҳавертц, 0:3 – 55 Ҳавертц, 0:4 – 69 Пулишич.
Бернли – Поуп, Робертс, Тарковски, Коллинз, Тэйлор, Леннон, Вествуд, Браунхилл, Родригес (Корне, 63), Вегорст (Барнс, 78), Макнил.
Челси – Менди, Жеймс (Ковачич, 70), Тиаго Силва, Рюдигер, Чалоба, Сауль, Жоржиньо, Канте (Лофтус-Чик, 70), Пулишич, Маунт (Вернер, 78), Ҳавертц.

«Челси» клуб янги раҳбар қўлига ўтиши ҳақидаги хабарлар фонида «Бёрнли» меҳмони бўлди ва ўйинни жуда камтарлик билан бошлади. Тухель шогирдлари танаффусга қадар камида икки гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Эпизодлардан бирида Менди тўпга чиқишда ишончсиз ҳаракат қилди, лекин мезбонлар футболчиси қулай вазиятдан бўш қолган дарвозани ишғол этолмади. Бошқа вазиятда Тиагу Силва чемпионатда учинчи бор тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатди. АПЛда ушбу 37 ёшли бразилияликка етадигани йўқ.

Аммо ўйиннинг иккинчи қисми «Челси» сценарийси бўйича кечди, Жеймс эса штатдаги форвардларга дарс берди. Ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олган ҳимоячи рақиб ҳимоячиларини бир неча финт билан доғда қолдирди ва тўпни узоқ устун томон аниқ йўналтирди. Мезбонлар ўзига келиб улгурмасидан Ҳаверц яна икки аниқ зарб билан ўйин тақдирини ҳал қилди. Томас Тухел даврида жамоанинг энг кўп гол урган футболчиси (13 гол) бўлиб турган Ҳаверцнинг ўйиндаги иккинчи голига оқшом қаҳрамонларидан бири Жеймс ассистентлик қилди.

Ливерпуль — Вест Ҳэм 1:0
Гол: Мане (27). 
Ливерпуль — Алиссон, Александер-Арнольд, Конате, ван Дейк, Робертсон, Фабиньо, Ҳендерсон, Кейта (Милнер, 90), Диас (Жонс, 90+6), Салоҳ (Жота, 79), Мане. 
Вест Ҳэм — Фабьянски, Доусон, Зума, Крэссуэлл, Жонсон, Боуэн (Бинраҳма, 54), Влашич (Нобл, 61), Соучек, Лансини, Форналс, Антонио.
Огоҳлантиришлар: Доусон (31), Жота (89).

«Вест Ҳэм» кўп вақт кучли тўртликдаги ўрнини сақлаб турди, аммо Дэвид Мойес жамоасининг захира ўриндиғи катта эмас ва бундай ҳолатда юқори поғоналарни сақлаб қолиш қийинлашади. Бу ҳафта ўртасида Англия кубоги доирасидаги ўйинда ҳам билинди, лондонликлар «Саутҳемптон»га ютқазиб, турнирни тарк этишди.

«Ливерпуль»га қарши туриш янада мураккаб эди, жамоа ҳимояда янада сергаклик билан ҳаракатланиши талаб этиларди. Аммо бу Александр-Арнольд учун муаммо туғдирмади. У жарима майдони ичида тўпни эгаллагач, барча зарба беришини кутганида тўпни дарвозабон ҳудудида турган Манега етказиб берди ва ҳисоб очилди. Шу тариқа ушбу ҳимоячи ўзининг шахсий рекордини янгилади, жорий мавсумда барча турнирлар доирасидаги голли паслари сонини 16 тага етказди.

Александр Арнольд барчасига улгурди, рақиб ҳудудида вазиятни кескинлаштиришга ҳам, ўз жамоаси ҳимоясида ҳам катта иш бажарди. Танаффус арафасида яккама-якка ҳолатга чиқиб борган Влашич тўпни Алиссоннинг устидан ошириб ташлаганида, айнан у тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб юборди. Иккинчи бўлимда эса у марказий ҳимояга ёрдамга етиб келиб, ақл бовар қилмас подкатни амалга оширди ва Лансинининг ҳаракатларини йўққа чиқарди. «Ливерпуль» қийинчилик билан ғалабани ва чемпионлик пойгасидаги интригани сақлаб қолди.

«Арсенал» кўтарилишда давом этди

Уотфорд – Арсенал 2:3
Голлар: 0:1 – 5 Эдегор, 1:1 – 11 Эрнандес, 1:2 – 30 Сака, 1:3 – 52 Мартинелли, 2:3 – 87 Сиссоко.
Уотфорд – Фостер, Фемения, Кэткарт, Самир, Камара, Сиссоко, Клеверли (Калу, 89), Луза (Кайембе, 64), Эрнандес, Деннис, Жоао Педро.
Арсенал – Рэмсдейл, Соареш, Габриэл, Уайт, Тирни, Джака, Парти, Эдегор (Холдинг, 90), Ляказетт (Нкетиа, 80), Мартинелли (Пепе, 73), Сака.
Огоҳлантиришлар: Соареш (58).

«Арсенал» тур якунларига кўра максимум натижага эришган жамоа бўлди. Биринчидан, «канонирлар»да шанба кунги ўйинларда ютқазган «Вест Ҳэм»ни қувиб ўтиш имкони юзага келганди. Иккинчидан, «МЮ» Манчестер дербисида муваффақиятсизликка учраса, кучли тўртликка кириши мумкин эди. Аммо бунинг учун лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Уотфорд»ни енгиш талаб этиларди.

Агар илк дақиқалардаёқ тўпни дарвозага жойлаган Деннисда офсайд қайд этилмаганда, «асаларилар» ўйин бошидаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олган бўларди. Рой Ҳожсон «Уотфорд» футболчиларини қандай тайёрлагани ўйин мобайнида кўриниб турди ва меҳмонларнинг Сака ва Одегар ижросидаги голидан кейинги қувончи узоққа чўзилмади - Кучо Эрнандес «қайчи» услубидаги зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Лекин бўлим давомида Сака барибир савия борасидаги фарқни кўрсатиб қўйди. У рақиб жарима майдони яқинида тўпни олиб қўйиб ҳужум бошлади, Ляказетт унга товони билан тўпни қайтариб бергач, узоқ масофадан кучли ва аниқ зарба йўллади.

Мартинелли номига ёзилган учинчи голда ҳам оқшом қаҳрамони иштирок этди — Сака қанотдан тезлик билан аутни амалга ошириб бошлаган ҳужум якунида Ляказетт бразилиялик форвардни қулай вазиятга чиқарди. Аммо Сиссоко ҳисобни қисқартиргач, ўйин охиригача лондонлик мухлислар ҳаяжонда ушлаб турилди, ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштаги чалингач эса Микель Артета жамоаси билан Чемпионлар лигаси ҳудудига қайтди. «Арсенал» асосий рақобатчилари «МЮ» ва «Вест Ҳэм»дан учта кам ўйин ўтказган ва орадаги фарқ янада йириклашиши мумкин.

«Манчестер Сити» чемпионлик пойгасида яна «Ливерпуль»дан ўзиб кетди.

Манчестер Сити — Манчестер Юнайтед 4:1
Голлар: де Брюйне (5, 28), Маҳрез (68, 90+1) — Санчо (22). 
Манчестер Сити — Эдерсон, Уокер, Лапорт, Стоунз, Канселу, Родри, де Брюйне (Гундўған, 80), Бернарду, Грилиш, Маҳрез, Фоден. 
Манчестер Юнайтед — Де Хеа, Ван-Биссака, Магуайр, Линделёф, Теллес, Фред, Мактоминей, Погба (Рэшфорд, 64), Фернандеш, Санчо, Эланга (Лингард, 64).
Огоҳлантириш: Магуайр (63).

Бир ойдан кўпроқ вақт олдин «Ливерпуль» устози Юрген Клопп шундай деганди: «Соврин учун курашиш ҳақида гапиришнинг мавриди эмас. Биз ҳозир «Манчестер Сити»ни чиранишга мажбур қиладиган ҳолатдамиз деб ўйламайман». Ўшанда унинг жамоаси Англиянинг амалдаги чемпионларидан 9 очко ортда қолаётганди, аммо ўтган вақт давомида «Ливерпуль» тезлик олди ва рақибга яқинлашди - Гвардиола шогирдлари январь ойи охирида «Саутҳемптон» билан дуранг ўйнади (1:1), февралда «Тоттенҳэм»га ютқазди (2:3). «Ливерпуль» эса янги йил бошидан буён АПЛ ўйинларида очко йўқотмаяпти.

Манчестер дербиси арафасида соврин учун асосий икки давогар турнир жадвалида деярли тенг ҳолатда эди — ўйинлар сони бир хил бўлган ҳолатда «Ливерпуль» «Сити»дан фақат уч очко ортда қолаётганди.

Энди эса чемпионлик пойгасида кўп масалага 10 апрель куни,  «Манчестер Сити» «Ливерпуль»ни қабул қилганида ойдинлик киритилиши маълум бўлмоқда. Аммо, ўзаро учрашувга қадар мерсисайдликлар чемпионат етакчиси очко йўқотишига умид қилиши керак бўлади. Шу туфайли якшанба кунги ўйинда жамоа мухлислари азалий рақиб — «Манчестер Юнайтед»га мухлислик қилишди.

Криштианусиз
Ральф Рангник жамоасида жиддий кадрлар муаммоси юзага келган. Варан ва Шоуда ковид аниқланган, севгилиси билан можаро туфайли Гринвуд ҳамон таркибга қайтарилмаган, Кавани ва Криштиану Роналдуда жароҳат бор. Португалиялик футболчи йўқлиги қоғозда жуда катта йўқотиш бўлиб кўринади, аммо у биринчи даврадаги дербида ўзини кўрсата олмаган, қолаверса 2022 йил бошидан буён атиги бир гол урган.

Кавани ва Криштиану йўқлигида Рангник Рэшфордни тушириши мумкин эди, аммо германиялик мутахассис Гвардиола каби тактика танлашга қарор қилди ва ўйинни бирорта номинал ҳужумчисиз бошлади. Лекин таркиблар эълон қилинганида марказий форвард ролини Эланга бажариши маълум эди — 19 ёшли швед жорий мавсумда ушбу позицияда ўйнаб кўрган.

Схема бўйича турли вариантлар бор эди: масалан, 4-3-2-1 (арча) ёки 4-4-2 (майдон марказидаги ромб). Аммо Рангник Бруну Фернандешни «алдамчи тўққизлик» сифатида ўйнатиб, 4-2-3-1 схемасини танлашга қарор қилди. Аммо бу ғоя иш берди дейиш қийин — португалиялик яримҳимоячи кўп ҳолларда орқароқдан очилди. Шу билан бирга у тўпсиз ҳолатларда олдинроқдан жой олган Погба билан яхши прессинг қилди.

Санчонинг голи
Гвардиола таркибда сюрпризлар қилмади. «Сити» ҳужумида барча ўз позицияларида ҳаракатланди, Де Брюйне эса яккахон ижрочи ролида. Бельгиялик футболчи биринчи бўлимдаёқ дублни расмийлаштирди, аммо у бу билан чекланмади — у ўйин охиригача барча йўналишларда фаоллик кўрсатиб ҳужумлар уюштирди.

«МЮ»да Эланга ва Ван-Биссака қаноти очиқчасига кучсиз ўйнади. Де Брюйненинг икки голи ҳам шу томондан амалга оширилди.

Лекин «Юнайтед» ўйинини ҳам умидсиз деб атаб бўлмасди. Меҳмонлар ҳам қанотлардан фаол фойдаланишди, фақат «Сити» ихчам ҳимояланди ва ўз жарима майдони ичида рақибга иш қолдирмади. Санчонинг голи — истисно. Англиялик футболчи собиқ жамоаси дарвозасига урган голини нишонламади.

Санчонинг голи Де Брюйненинг икки аниқ зарбаси оралиғида рўй берди, аммо «Сити» биринчи бўлимда яна голлар уриши мумкин эди — Де Хеа бир неча бор қутқарди.

«МЮ»нинг тор-мор этилиши
Ўйиндан олдин Гвардиола Рангникни мақтаган ва уни «гегенпрессинг отаси» деб алқаганди. Бу лақаб янги эмас — ушбу мутахассис доимо фаол қарши прессинг тимсоли сифатида қаралади. Аммо «МЮ» ҳозирча Ральф давридаги «Ҳоффенҳайм» ва «Лейпциг» каби кучли прессинг билан ўйнай олмаяпти.

Гвардиола эса Рангникнинг ғоялари бутунлай бошқача футбол ўйнашга ўргатилган жамоага қарши ишламаслигини намойиш этиб берди. Иккинчи бўлимда «МЮ»нинг ўйинида кучайиш бўлмади, немис мутахассиснинг ниманидир ўзгартиришга бўлган уринишлари беҳуда кетди — у Лингард ва Рэшфордни майдонга чиқарди, аммо олдинги чизиқдаги Фернандешни ўйиндан олди. Аммо бу ўзгаришлар «Юнайтед» ўйинини кучайтирмади.

«Сити» эса ўйинини кучайтиришига ҳожат йўқ эди. Учинчи гол урилиши учун бурчак зарбаси белгиланиши етарли бўлди ва Де Брюйне жарима майдонига кириб келаётган Маҳрезни идеал пас билан таъминлади.

«МЮ» йирик ҳисобда ютқазишга лойиқ даражада ёмон ўйнамади. Аммо «Сити» вазиятлардан фойдаланишда ажойиб ҳаракат қилди. Қўшимча дақиқаларда Маҳрез Де Хеани яна бир бор тўпни дарвозадан олиб чиқишга мажбур қилди, видеотакрордан кейин жазоирлик футболчи офсайдда бўлмагани қайд этилиб, гол инобатга олинди.

4:1 — «Сити» «Ливерпуль»га ҳеч қандай босим ҳис қилмаётганини кўрсатди. «МЮ» эса яна очкосиз қолди ва турнир жадвалида Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўриндан тушиб кетди.

Top