15:12 / 14.03.2022
37195
«Барса» класико арафасида шоу уюштирди, фанатлар Месси ва Неймарга ҳуштакбозлик қилди. Кучли бешликда тур якунлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Англия: «Челси» санкцияларга қарамай ғалаба қозонмоқда, йил бошидан буён енгилмаган «Ньюкасл» мағлуб этилди.

Челси — Ньюкасл 1:0
Гол: Ҳавертц (89).
Челси — Менди, Чалоба, Кристенсен, Рюдигер, Зиёш, Канте, Жоржиньо, Сарр (Пулишич, 78), Маунт (Лукаку, 63), Вернер (Ковачич, 63), Ҳавертц.
Ньюкасл — Дубравка, Манкильо (Гейл, 90+1), Шер, Ласселс, Берн, Таргетт, Мерфи (Фрейзер, 90+1), Лонгстафф, Гимараэш, Алмирон (Сен-Максимен, 69), Вуд.

Роман Абрамовичга қўйилган санкциялар туфайли «Челси» устида қора булутлар пайдо бўлган. Шу туфайли «Стэмфорд Бриж»да футболга сиёсатни аралаштирмасликни талаб қилган мухлисларни учратиш мумкин. Аммо бу кўкларнинг мушкулини енгиллатиб қўймайди. Вазият жамоа ўйинига ҳам таъсир қилмай қолмаган, «Ньюкасл»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида бирорта аниқ зарба йўлланмади.

Шу билан бирга Томас Тухел жамоаси тўпга эгалик қилиш бўйича 70 фоиз устунлик қайд этди, бундай устунликда «Челси» очко йўқотиши ҳам адолатдан бўлмасди. Лондонликлар ўйин охирида барибир мақсадга эришди, Жоржиньонинг диагонал узатмасидан кейин Ҳаверц  Дубравкани доғда қолдирди. «Биз одамларга хурсандчилик бағишлаш учун ўйнаймиз», — деди ўйиндан кейинги интервьюсида Тухель.

«Арсенал»ни тўхтатиб бўлмаяпти

Арсенал — Лестер 2:0
Голлар: Томас (11), Ляказетт (59, пенальти).
Арсенал — Рэмсдейл, Соареш, Уайт, Габриэль, Тирни, Томас, Жака, Сака (Пепе, 85), Эдегор, Мартинелли (Смит-Роу, 78), Ляказетт (Нкетиа, 88).
Лестер — Шмейхель, Амарте, Перейра (Жастин, 61), Суюнжи, Томас, Дьюзбери-Ҳолл, Менди (Ндиди, 61), Олбрайтон, Меддисон, Барнс, Иҳеаначо (Дака, 74).
Огоҳлантиришлар: Иҳеаначо (30), Суюнжи (58), Дака (80).

«Арсенал» эса юқори темпда ўйнашда давом этмоқда. «Лестер» устидан ғалаба — қаторасига бешинчиси. «Канонирлар» сўнгги тўрт ўйиннинг ҳар бирида камида 20та зарба йўллаган.

Микел Артета жамоаси тўртинчи ўринда ўзини қулай ҳис қилмоқда. «МЮ» билан орадаги фарқ атиги бир очко бўлса-да, лондонликлар захирасида учта ўйин бор. Аммо бу ўйинларнинг биринчиси шу ҳафта ўртасида — «Ливерпуль»га қарши кечади, чоршанба кунига қолдирилган бу ўйин икки жамоа учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.

Испания: «Севилья» совринни «Реал»га топширмоқда

Рақобатчиларнинг ўзи «Реал»га чемпионлик учун йўлни очиб бермоқда. «Севилья» «Райо Вальекано» билан дуранг ўйнаб қўйгач, андалусияликлар биринчи ўриндан 7 очкога ортда қолмоқда, қолаверса «Реал» бу турда «Мальорка»га қарши ўйинни душанба куни ўтказади. Шу билан бирга севиляликларнинг турнир жадвалидаги ўрни мустаҳкам, улар иккинчи ўриндан фақат давомли инқирозга кириб қолсагина тушиб кетиши мумкин.

Барселона — Осасауна 4:0
Голлар: Торрес (14 пенальти, 21), Обамеянг (27), Пуч (75). 
Барселона — тер Стеген, Алвес Пике (Лангле, 62), Гарсия, Альба (Мингеса,  80), Бускетс, Педро (Пуч, 73), Гави, Дембеле, Торрес (Брэйтуэйт, 80), Обамеянг (Депай, 71).
Осасуна — Эррера, Видаль, Д.Гарсия, Круз, Коте, Мартинес (Брашанац, 73), Торро (У.Гарсия, 46), Монкайола, Бенито (Будимир, 68), Р.Гарсия (Р.Торрес, 46), К.Гарсия.

«Барселона» учун Европа Лигасида «Галатасарой» билан ўйиндаги голсиз дуранг — тасодиф бўлди. Бу натижа каталонияликларни сафар ўйинларида яхши қатнашаётган «Осасуна»га қарши ўйинга янада жиддийроқ тайёрланишга ундади.

«Камп Ноу»да осасуналиклар кўп бардош бериб тура олишмади. 13-дақиқадаёқ меҳмонлар ҳимоячиси жарима майдони ичида Гавини йиқитди ва Ферран Торрес тўп ва дарвозабонни бошқа-бошқа томонларга жўнатди. Бу муваффақият тўлқинида кўк-анорранглилар рақиб ҳимоясини пароканда қилиб ташлашди. Иккинчи ва учинчи голларда Дембеленинг икки ажойиб узатмасини эътироф этиш керак. Январ ойида шартнома бўйича юзага келган можародан кейин француз футболчи ва каталонлар клуби умумий тил топа олган ва янги шартнома бўйича келишувга эришган кўринмоқда.

Аммо бу келажакнинг иши, ҳозир эса Хавини масъулиятли ҳафта кутмоқда. Қайси бири муҳимроқ эканини ҳам айтиш қийин: Европа Лигаси жавоб ўйиними ёки якшанба куни бўладиган класико? Бу ўйинларга «Барселона» юқори формада ва ла лиганинг янги рекорди билан бормоқда, осасуналикларга қарши ўйинда якуний ҳисобни ўрнатган Рики Пуч каталонияликлар сафида жорий мавсумда гол урган 22-футболчи бўлди.

Италия: «Интер» энди соядаги етакчи эмас

Верона — Наполи 1:2
Голлар: Фараони (77) — Осимҳен (14, 71).
Четлатишлар: Чеккерини (83), Фараони (90+8).

«Ювентус» тез суръатлар билан яқинлашиб келаётганини ҳис қилган Лучано Спаллетти жамоаси қийин рақиб устидан муҳим ғалабага эришди. «Наполи» қаҳрамони Осимҳен бўлди, «Верона» ҳимоячилари уни тўхтатишга улгуришмади. Нигериялик ҳужумчи Политанонинг пасини қабул қилганида ҳам, Ди Лоренцонинг пасига очилиш учун ҳимоячидан қочиб кетганида ҳам. Мезбонлар таслим бўлишмади ва голеадор ҳимоячи Фараонининг голидан кейин ҳисобни қисқартиришди, аммо уларнинг ўзи вазифани қийинлаштириб қўйишди. Ўйин охирида арбитр «Верона»нинг икки футболчисига қизил карточка кўрсатди, Фараони бир дақиқа ичида икки бор огоҳлантирилди.

Торино — Интер 1:1
Голлар: Бремер (12) — Санчес (90+1).

«Торино»га қарши сафар олдидан битта захира ўйини бўлган «Интер» соядаги етакчи бўлиб турганди. Аммо якшанба кунги ўйин Симоне Индзаги сценарийси бўйича кечмади. Аввалига миланликлар сўнгги уч мавсумда энг кўп гол урган голеадор ҳимоячи Бремердан (11 гол) ўтказиб юборишди. Кейин меҳмонлар бир неча қулай вазиятларни йўққа чиқаришди ва ёрқин ўйин кўрсатган Бериша дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиқа олишмади.

Аммо чемпионларга барибир омад кулиб боқди, видеотакрордан кейин Раноккиа Белоттига қўполлик қилмагани қайд этилди ва «Торино» пенальти тепа олмади. Албатта, бу ҳал қилувчи вазият эмасди, аммо ўйинга таъсирини кўрсатди. «Интер» қўшимча дақиқаларда мақсадига эришди, ўйин давомида бир неча вазиятни кўкка совурган Жеко тўпга бир тегиниш билан Алексис Санчесни қулай вазиятга чиқарди. «Нерадзурри» мағлубиятдан қутулиб қолди, аммо йўқотилган очколар сони бўйича «Милан»дан ўзиб кетди ва қолдирилган ўйинда ғалаба қозониб ҳам ҳамшаҳарларига ета олмайди.

Германия: Ҳоланд майдонга қайтди

Бундеслигада ўйин куни сенсация билан бошланди — «Байер» ўз уйида мағлуб бўлди. Леверкузенликлар штаби Шикнинг жароҳати туфайли Озмунга имконият беришмоқда, аммо 64-дақиқада майдонга тушган эронлик ҳужумчи гол ура олмади, Шиндлер эса «Кёльн»га яна ғалаба келтирди. Бу мағлубият «Байер»ни қийин вазиятга солиб қўйган, жамоа учинчи ўринни сақлаб қолган, аммо ортдан келаётган таъқибчилар гуруҳи билан фарқ атиги бир очкони ташкил қилмоқда.

«Байер»га икки фронтда кураш олиб бориш учун куч ва ресурслар етишмаяпти. Жамоа вундеркинди Вирц ҳам оғир жароҳат олиб сафдан чиқди ва энди янада илгарилаб кетаётган «Боруссия»га етиб олишни эмас, ҳозирги поғонани сақлаб қолиш муҳим. Захирада «Майнц»га қарши қолдирилган ўйини бўлган дортмундликлар пешқадам билан орадаги фарқни 7 очкога қисқартирди. Аммо барибир «Боруссия» учун «Арминия» устидан ғалаба эмас, Ҳоланднинг сафга қайтиши кун воқеаси бўлди. Иккинчи бўлим ўрталарида ўйинга қўшилган норвегиялик тўпурар 21 январдан буён илк ўйинини ўтказди.

«Лейпцига» Чемпионлар лигаси тўртлигидан ташқарида қолиши фақат бир тур сақланиб қолди. Қайсидир маънода «ҳўкизлар»га уларнинг собиқ мураббийи Юлиан Нагельсманн ёрдам берди, унинг бошқарувидаги «Бавария» шанба куни «Ҳоффенҳайм»нинг ғалабали сериясини тўхтатди. Шу билан бирга Доменико Тедеско ҳам ўз ишини қилиши керак эди ва у ўз вазифасини аъло даражада уддалади.

Ўтказиб юборилган тезкор гол меҳмонларнинг жаҳлини чиқарди ва қолган вақт давомида аутсайдерлар ҳимояси яксон этилди. Қизиқарли факт: бундеслига тарихида иккинчи марта бир ўйинда бир жамоанинг уч футболчиси иккитадан голли узатма муаллифи бўлди. Бу уч футболчи қаторида жамоасининг олтинчи голини урган Нкунку ҳам бор. «ПСЖ» тарбияланувчиси бўлган бу футболчи жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 26 гол уриб, 15 голли узатма муаллифи бўлишга улгурди. Португалиялик Андре Силва эса Германия чемпионатида урган голлари сонини 50тага етказиб қўйди - у бу голларининг кўп қисмини аввалги жамоаси «Айнтрахт» сафида киритган (2019-2021 йилларда жами 40 гол).

Франция: «ПСЖ» ўзини йирик ғалаба билан оқлади

«ПСЖ» Чемпионлар лигасидан чиқиб кетиши ортидан жамоа спорт директори Леонардонинг истеъфоси ҳақида миш-мишлар болалади. Унинг ўрнини Арсен Венгер эгаллаши, бош мураббийликка Зинедин Зидан олиб келиниши мумкинлиги айтилди. Парижлик фанатлар эса клуб президенти Носир Ал-Хилайфийнинг истеъфосини талаб қилишмоқда, шунингдек навбатдаги тур ўйинида Месси ва Неймарга тўп келиб тушган маҳалда ҳуштакбозлик қилинди. Бу футболчиларга таркиблар эълон қилинганида ҳам ҳуштакбозлик қилинди, Мбаппени эса ўйин арафасида ҳам, ҳисобни очганида ҳам олқишлашди.

Бу форварднинг 15-голи бўлди ва у «Монако» сардори Бен-Йеддер билан бирга чемпионат тўпурарлари рўйхатини бошқариб турибди. «Парк де Пренс» уни голидан кейин олқишлади, Неймарни эса иккинчи голни урганида ҳам аяб ўтиришмади, икки ажойиб узатмаси билан голлар урилишини таъминлаган Мессига эса фанатларнинг бир қисми ҳуштакбозлик қилишди. Ёзда «ПСЖ»ни жиддий қайта қуриш кутаётгани кўриниб турибди.

«Монако» учун Страсбургга ташриф бурилиш нуқтаси бўлиши кутилганди. Жума ва шанба кунги ўйинларда «Лилль» ва «Нант» очко йўқотган, монегаскларда нафақат бу жамоаларни қувиб ўтиш, балки еврокубокка йўлланма берувчи бешликни якунлаб турган «Страсбур» билан тенглашиб олиш имкони бор эди.

Аммо монегасклар бу имкондан фойдалана олишмади, эльзасликлар эса бурчак зарбасидан максимум натижа чиқаришди, жарима майдонидаги палапартишлик якунида Жику қайчи услубида зарба йўллаб, ҳисобни очди. Филипп Клеман ўйинчилар алмаштириш орқали вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилди, иккинчи бўлимда аввалига Бен-Йеддер, кейин Александр Головин майдонга туширилди. Аммо меҳмонлар тўпга эгалик қилишса-да, бундан фойдалана олишмади.

Кун статистикаси

  • 4.15 — «Анже»нинг бир ўйинда кутилган голлари коэффициенти (xG). «Реймс»га қарши ўйинда жамоа 20 бор зарба берди, шундан 7таси дарвоза соҳасига аниқ борди, аммо бирортаси голга айланмади - 0:1.
  • «Бетис»га келганидан буён франциялик яримҳимоячи Фекир 5 марта қизил карточка олди. Ла лигада бирор футболчи бу вақт ичида бу қадар кўп бор майдондан ҳайдалмаган.
  • «Женоа» ўз тарихида қаторасига етти ўйинда дуранг ўйнади, якшанба куни жамоа «Аталанта»дан очко тортиб олди (0:0).
  • Жорий мавсумда «Реал Сосьедад» 7 ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу топ-5 чемпионатларида бу борадаги энг максимал кўрсаткич.
  • «Болонья» футболчилари 17 бор дарвоза устуни ёки тўсинини мўлжалга олишган - улар А Сериянинг энг омадсиз жамоаси бўлиб турибди.
  • «Фейеноорд» жорий мавсумда ҳисобда ортда бораётган ўйинларида 20 очко ишлади. Бу роттердамликларнинг 1998/99 йилги мавсумдан буён энг яхши натижаси.
  • АПЛда «Эвертон» футболчилари 100-қизил карточкасини олди. Бу кўрсаткич бўйича «ирислар» фақат «Арсенал»дан ортда қолмоқда (101).
  • «Барселона» сафида Пике 600 ўйин ўтказди.
Top