
Фото: The Kiev Times
Президент фармойиши билан давлат раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир “йўл харитаси” тасдиқланди.
Йўл харитаси 7 та йўналишдан иборат. Унда, жумладан қуйидагилар белгиланган:
- 2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолиятини йўлга қўйиш;
- 2023 йилдан жойлардаги поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш;
- оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўлашни йўлга қўйиш.
2022 йил 1 майдан:
- барча туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида болалар бўлимини ташкил этиш;
- тиббиёт бригадаларига 2022–2023 йилларда қўшимча 8 500 та ҳамшира ва доя штат бирликларини бериш;
- 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизимини жорий қилиш;
- тажрибали шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат бериш;
- 3-15 ёшдаги болаларни 2022 йил 1 июлдан йод препарати билан бепул таъминлаш;
- янгидан ташкил этилаётган 46 та туманлараро перинатал марказларда чақалоқлар реанимацияси бўлими фаолиятини йўлга қўйиш.