12:59 / 13.04.2022
27453
Мариуполга пресс-тур, Харков ўққа тутилиши давом этмоқда. Уруш суратлари

13 апрел куни Владимир Путин Украина томони Истанбулда эришилган келишувлардан оғишгани ва музокаралар «боши берк кўчага кириб қолгани» ҳақида гапирди. Александр Лукашенко Бучада тинч аҳолининг ўлдирилишини Буюк Британия томонидан амалга оширилган «психологик махсус амалиёт» деб атади. Путин эса, Украинадаги ҳодисалар ҳақида гапираркан, «фожиа» сўзини ишлатди, аммо Россияга «танлов қолдирилмагани»ни қўшимча қилди. Донецк области маъмурияти раҳбари Россия армиясининг Украинага босқини бошланганидан буён Мариупол ва унинг атрофидаги ҳудудларда 20-22 минг киши ҳалок бўлганини айтди. Украина президенти Володимир Зеленский «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси раҳбари Виктор Медведчук қўлга олинганини айтди, ОАВда у«Путиннинг куми» деб аталади - Путин унинг қизининг чўқинтирган отаси ҳисобланади.

Полициячилар Бучадаги оммавий қабр устини плёнка билан ёпмоқда. Суд тиббиёт экспертлари Бучада дафн этилганларни эксгумация қилишни бошлади, бу ерда тинч аҳоли вакиллари бўлган 410дан ортиқ кишининг жасади топилган.
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар

  • АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги ҳаракатларини илк бор геноцид сифатида характерлади. Бунгача, ҳатто Буча ва Киев областининг бошқа шаҳарларида тинч аҳолининг ўлдирилишига оид фактлар маълум бўлганида ҳам Байден фақат «ҳарбий жиноятлар» атамасини қўллаганди.
  • Шу кунларда хорижлик корреспондентлар киришига рухсат берилган Мариуполда жанглар давом этмоқда. Украина қуролли кучлари Россия ҳарбийлари «Азовсталь» металлургия комбинати ва денгиз порти йўналишида ҳужумга ўтаётгани ҳақида хабар берган.
  • Жо Байден маъмуриятидаги манба кўплаб нашрларга яқин вақтлар ичида АҚШ Украинага яна 750 млн долларлик ёрдам бериши ҳақида эълон қилиниши тўғрисида хабар берди. Бу пулларга техникалар харид қилинади, аммо бу қандай техникалар бўлиши маълум эмас.
  • Украина прокуратураси маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён мамлакатда 191 нафар бола ҳалок бўлган, яна 540 бола яраланган.
  • Польша, Литва, Эстония ва Латвия президентлари Украинада бўлиб, Киевда Володимир Зеленский билан учрашади. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратлардан маълум бўлишича, улар Украина поездида Киевга йўл олмоқда.
Кўчалардан йиғилган жасадларни моргга жўнатишга ҳозирланаётган кўнгиллилар
Rodrigo Abd / AP / Scanpix / LETA
Бучадаги қирғин вақтида ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб кетаётган эркак
Fadel Senna / AFP / Scanpix / LETA
Харков ўққа тутилишидан кейинги ёнғин ўчирилмоқда
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Харков области Барвенково посёлкасида турган украин аскарлари
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA