19:39 / 15.04.2022
26800
Ўзбекистонда давлат органларига йил охиригача ортиқча харажат қилиш тақиқланди

«Бюджетлараро муносабатларни ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилда қўшилган қиймат солиғи бўйича даромадлар ошириб бажарилган қисмидан ҳудудий бюджетларга йўналтириладиган маблағларнинг 40 фоизи республика бюджетида қолдирилади. 2022 йил 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларидан Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратмалар қилиш тўхтатилади.

2022 йил апрель–декабрь ойларида давлат органларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг ҳамда жамғармадаги бўш турган пулларни банкка жойлаштириш орқали олинадиган даромадларнинг 15 фоизи республика бюджетига ўтказилади.

Давлат органлари жорий йил якунигача асосий воситаларни харид қилиши ҳамда бино ва иншоотларни таъмирлаши тақиқланди. Мактаблар, боғчалар, тиббиёт ва тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйлари мустасно.

Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблашда миноралар, кўприклар (эстакадалар), резервуарлар (ўт ўчириш иншоотлари, цистерналар), бостирмалар, шийпонлар, бетон майдонлар ва деворлар (бордюрлар) солиқ базаси сифатида кўрилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселекторда йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:

  • молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
  • бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаганди.
Top