11:23 / 17.04.2022
21769
«Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти» — Шавкат Мирзиёев
Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 апрель куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда 2022 йил учун тижорат банкларига 2 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари берилгани қайд этилди. Лекин бугунги кунгача тижорат банкларига киритилган 790 миллиард сўмлик талабномадан атиги 53 фоизи, айрим ҳудудларда эса 25-30 фоизи молиялаштирилган, холос. Тижорат банкларининг бу борадаги фаолияти танқид қилиниб, қўшимча кўрсатмалар берилди.

Президент сўнгги вақтларда айрим ҳудудларда тадбиркорлар фаоллиги пасайгани, улар кредит, солиқ ва инфратузилма билан боғлиқ қийинчиликларга учраётганини айтиб ўтган.

Шунингдек, давлат раҳбари, ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули эканлигини таъкидлади.

«Бугун тадбиркорлик учун жуда катта кредит маблағлари – қўшимча 500 миллион доллар ажратилмоқда. Нима учун? Чунки, қанчалик қийин бўлмасин, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз фаровонлигини, давлатимизнинг барқарор ривожланишини ўйлашимиз шарт. Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм – бюджетданми, банкданми – бу ҳаммаси халқнинг пули.

Инфраструктурага жавоб берадиган — газ, свет ва ҳоказо, ўшалар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Менда кўп маълумот бор.

Шунча қийналиб топган пулимизни ҳалоллик билан халқимизга етказиш бўйича ҳаракат қиляпмиз, лекин йўлимизда ер бериш, ер олиш, ер сотиш бўляпти. Биласизларми, бу нарсаларни эшитиш менга қандай алам қилади?» — дейди президент.

Top