18:01 / 27.04.2022
51498
«Пропагандани тингламанг» — Украинанинг турли шаҳарларидаги ўзбеклар билан суҳбат

Россия Украинага ҳужум бошлаганига 2 ойдан ошди. Кўплаб ўзбекистонликлар ватанга қайтарилган бўлса-да, ҳамон уруш ўчоғида қолаётган ўзбеклар ҳам бор. Kun.uz Украинада қолишга қарор қилган ўзбеклар билан у ердаги вазият ва уруш уларнинг ҳаётига қандай таъсир қилгани ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Anastasia Vlasova/Getty Images

Бекзод Саттиев, Лвов шаҳридан

«Бизнинг шаҳарга ҳам 5-6 марта ракета тушди»

– Мен 2011 йилдан бери Украинада яшайман. Савдо-сотиқ билан шуғулланаман. Уруш бошлангандан бери ҳаётимда кўп нарса ўзгармади, лекин жуда катта сабоқ олдим. Бизнинг шаҳарга ҳам 5-6 марта Россия ракетаси тушди. Ракета тушганда ер қимирлаб, қиёмат қойим кўз олдингизга келаркан. Ҳозир Украинанинг шарқий тарафида, асосан Луганск ва Донецкда жанглар бўляпти. Эвакуация бўлган ўзбекларнинг Польшага етиб олишида бошчилик қилдим.

Ҳозир бу ерда ўзбеклар деярли қолмаган. Ўзининг уйи, иш жойи борларгина қолишган. Уруш бошида Ўзбекистонга кетган ўзбеклар Украинага қайтиб келишни бошлади. Иш кўп. Озиқ-овқатдан умуман қийинчилик йўқ. Нархлар озгина ошган, лекин супермаркетларда ҳамма нарса бор.

Мадиёр Эшматов, Киевдан (исми ўзгартирилган)

«Ўзбекларга инглиз тилидаги манбалардан ахборот олинг деган бўлардим»

– Киев шаҳрида 2 йилдан бери яшаб келаман, Украина иқтисодининг бир неча йўналишларида иқтисодий таҳлиллар қиламан. Айни дамда Украинанинг қатор вилоятларида (ғарбий ва марказий) вазият анча тинчиган, озиқ-овқат таъминоти тикланган. Катта шаҳарларга кириш йўллари Украина ҳарбийлари томонидан назорат қилиняти, ҳаво тревогалари кунига бир ёки икки марта огоҳлантиради. Бу – урушнинг биринчи кунларига қараганда анча кам.

Уруш бошланган биринчи кунларданоқ шу нарсани сездимки, украинлар урушни жуда вазминлик билан қабул қилишяпти. Ҳатто, ҳаво ҳужумлари ва қаттиқ портлаш овозлари эшитилганида ҳам ваҳима қилишмади.

Дўконларнинг деярли барчаси аста-секин ишга тушиб бўлди. Украинанинг иш таклиф қилувчи сайтларида (rabota.ua, glassdor.com, jooble.ua) эълонлар кўпайган.

Охирги пайтларда янгиликларга ёзилган изоҳларни ўқиб, жуда хафа бўламан. Ҳеч қандай асоси бўлмай туриб, одамлар жуда ёмон фикрлар ёзишяпти. Айниқса, «бу ҳаммаси фейк, буларни ўзлари уюштиришяпти» деган фикрлар ёзишади. Мен ўзбекларга кўпроқ китоб ўқинг, тарихни ўрганинг, инглиз тилидаги манбалардан кўпроқ ахборот олинг деган бўлардим.

Даврон Мажидов, Киевдан (исми ўзгартирилган)

«Ҳеч кимга раҳм қилинмади. Жуда оғир бўлди»

– Мен бу ерда беш ярим йилдан бери яшайман. Ҳозир вазият анча яхши. Лекин Киевда ўзбеклар деярли қолмади. Ҳар қадамда пост бор эди, ҳаммасини олиб ташлашди. Мариупол ва Одессада вазият оғирроқ. Ҳамма ҳар хил гапириб юрибди, лекин мен ўзим кўрганимни айтаман, Украинада ҳозир иш кўп. Иш ҳақи олдин 500–600 доллар бўлган бўлса, ҳозир 1000 доллар. Кафе ва бозорларда иш кучига талаб бор. Озиқ-овқат нархлари 2-3 баробар кўтарилиб кетган. Машина ва кўчмас мулк нархи тушиб кетган. 30 мингли машинани 12 мингга зўрға сотиш мумкин.

Одамлар фақат яшаш учун курашишяпти. Бу ерда ҳақиқий уруш бўляпти. Ҳеч кимга раҳм қилинмади. Жуда оғир бўлди.

Фотима Боқиева, Одессадан (исми ўзгартирилган)

«Эртага бизни нима кутяпти, тахмин қилиб ҳам бўлмайди»

– Бу ерда дўконим бор, анча йилдан бери савдо-сотиқ қиламан. Лекин уруш бошлангандан бери савдом деярли тўхтади. Шу дўконимдаги нарсаларимни сотиб, Ўзбекистонга қайтмоқчиман. Бу ерда ҳеч кимнинг кайфияти яхши эмас, чунки бугун тинчмиз, эртага бизни нима кутяпти, тахмин қилиб ҳам бўлмайди. Аҳвол яхши эмас.

Иш топиш йўқ ҳозирча. Украиналикларнинг ярмидан кўпи ўз ватани, туғилиб ўсган жойини ташлаб Польшага кетишган. Дўконларда энди-энди озиқ-овқат сотишни бошлашди. Лекин нархлар уруш сабаб қимматлаб кетган.

Бучадаги ўзбеклар шу уруш туфайли бедарак кетди. Уларнинг ўлиги ҳам, тириги ҳам йўқ. Иложи борича ўзбекистонликларга Украинага келмасликни маслаҳат берардим. Уруш тугагандан кейин, ҳамма жойда қурилиш ишлари кўпайиб кетади, ўша пайт бемалол келиб ишлашса бўлади.

Мурод Ҳожибоев, Харковдан (исми ўзгартирилган)

«Рус босқинчилари иссиқ жойимизни совитди»

Украинага келганимга 32 йил бўлди. Ҳозир пенсионерман, ҳам қурилишда механик бўлиб ишлайман. 24 февралдан бери мен яшаётган Харков ракета ва снарядлар билан ўққа тутилмоқда. Ўққа тутилмаган кўп қаватли уйлар қолмади ҳисоб. Бинолар вайрон бўлиб кетган. Бу ерда фақат Украина фуқаролигини олган ўзбеклар қолди. Лекин оила аъзоларимизни Ўзбекистонга жўнатиб юбордик. Менинг оилам ҳам ҳозир Тошкентда.

Озиқ-овқат етарли, супермаркетлар ишлаб турибди. Ижтимоий ёрдам бериб туришибди. Лекин корхоналар ишлаётгани йўқ. Шунинг учун иш топиш масаласи қийин. Уруш бошлангандан бери ҳаётим орқага кетди. Рус босқинчилари иссиқ жойимизни совитди, болаларимиз ўқийдиган олий ўқув юртлари вайрон бўлди. Харковда 400дан ортиқ ўзбек талабаси бор эди.

Ўзбекистонлик ватандошлардан, Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларидан Россия пропагандасини тингламасликларини сўрайман. Интернетни кузатиб боряпман. Ўзбекистондан Россияга келган меҳнат муҳожирлари фуқаролик бераркан деб, Россия қуролли кучлари билан шартнома тузиб, урушга қўшилмоқчи экан. Бунақа ваъдаларга ишонманглар.

Kun.uz мухбири Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top