13:54 / 28.04.2022
10191
Сенат ялпи мажлиси жонли эфири тўхтаб қолди

2019 йилдан буён барча ялпи мажлислари жонли эфирга узатиб келинган Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги умумйиғилиши жонли эфири бошланганидан 8 дақиқа ўтиб узилиб қолди. Сенат расмийси Kun.uz билан суҳбатда буни “техник ҳолат” деб изоҳлади. Барча даражадаги депутат ва сенаторларнинг сессиялари жонли эфирга узатилиши – президент фармонида белгиланган талаб.

Фото: Kun.uz

Бугун, 28 апрел куни Олий Мажлис Сенатининг 25-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис, одатдагидан фарқли равишда, жонли эфирга узатилмаяпти.

UzReport телеканалининг мажлисдан жонли эфири 8 дақиқа давом этиб, сўнг узилиб қолди.

Kun.uz мухбири билан гаплашган Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев ялпи мажлиснинг жонли эфирга узатилмаётганини “техник ҳолат” деб изоҳлади ҳамда бу бўйича қўшимча маълумот олиб беришини билдирди.

Мажлисни бевосита кузатаётган Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, тадбирни ёритиш учун келган журналистларга ҳеч қандай монелик қилинмаяпти.

2019 йил июнида Сенатга Танзила Норбоева раис этиб сайлангач, у палата ялпи мажлислари жонли эфирга узатилишини йўлга қўйган эди. Ўша йилнинг октябр ойидан бошлаб ўтказилган барча ялпи мажлислар тўғридан тўғри эфирга узатиб келинаётганди.

2021 йил июнида қабул қилинган очиқликка доир президент фармонида, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб парламентнинг ҳар иккала палатаси ва ҳудудий кенгашлар сессияларини телеканаллар ва интернет тармоғи жонли эфирга узатилиши белгиланган. Бу вазифа ижроси учун масъул сифатида МТРК ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги кўрсатилган.

Аввалига мазкур талабни бажармаган Қонунчилик палатаси кўп ўтмай жамоатчилик босими билан ўз мажлисларини эфирга узата бошлаган, бироқ орадан маълум вақт ўтиб трансляциялар тўхтаб қолиб, депутатлар яна ёпиқ эшиклар ортида мажлис ўтказа бошлаганди.

Ижтимоий тармоқларда фаоллар Сенат мажлисидан трансляция бўлмаётгани очиқлик сиёсатида орқага қадам бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

“Парламент моҳиятига кўра очиқ ва шаффоф бўлиши керак, аслида унинг мажлислари тўғридан тўғри эфирга кетишини талаб қилиш мантиқсиз. Чунки депутат ва сенаторнинг ўзи бундан манфаатдор бўлиши лозим. Ваҳоланки, президент фармонида бу талаб оқ-қора қилиб ёзиб қўйилган эди. Парламент шаффоф бўла олмас экан, бошқалардан хафа бўлмаса ҳам бўлади”, – деб ёзди Davletovuz Telegram-канали.

“Айтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари жонли эфирда узатилиши - бу Президент фармони талаби ҳам. Бундан буёғига қонунлар, қарорлар ва фармонларнинг очиқчасига бузилишига секин-аста ўзимизни кўниктириб боришимизга тўғри келадиганга ўхшайди.

[Собиқ ташқи ишлар вазири] Камиловнинг ўша машҳур тарихий чиқишидан кейин аввал парламентнинг қуйи палатасида, мана энди Сенатда ҳам жонли эфирлар тақа-тақ тўхтади”,деди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бу ҳолатга “Салом, Эски Ўзбекистон” дея муносабат билдириб, қуйидагича саволни ўртага ташлади:

“Энди бундан буён сенаторлар ва депутатларнинг муҳокамалари кенг жамоатчиликнинг кўзидан йироқ, ёпиқ эшиклар ортида ўтадими?”

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг бундан олдинги ялпи мажлиси март ойида бўлиб ўтган, унда чиқиш қилган ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирган эди.

Top