16:05 / 30.04.2022
13851
Лавров АҚШ ва НАТОни Киевга қурол етказишни тўхтатишга чақирди

Сергей Лавровнинг фикрича, ғарб мамлакатлари Украина ҳукуматининг ҳаракатларини оқлаш билан нацистларнинг жиноятларига шерик бўлмоқда.

Фото: Anadolu Agency

НАТО мамлакатлари Россиянинг Украинадаги операциясини сиёсий келишув йўли билан тугатишига халақит бериш учун барча ишни қилмоқда, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия вазири НАТОнинг ҳаракатларини «икки ёқлама стандартлар ва иккиюзламачиликнинг кўриниши» деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Украинага Полша ва НАТОнинг бошқа мамлакатлари орқали турли қуроллар тўхтовсиз оқиб келмоқда. Буларнинг барчаси «тажовузга қарши кураш» баҳонасида қилинмоқда, аслида эса АҚШ ва Евроиттифоқ Россия билан «сўнгги украиналик қолмагунича» жанг қилмоқчи ва Украинанинг тақдири уларни мутлақо қизиқтирмайди.  

Россия ташқи ишлар вазири АҚШ ва НАТО «Украина инқирози ҳал қилинишидан манфаатдор бўлса, ўзларига келиши ва Киевга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиши керак»лигини айтди. 

«Украин халқи «Стингер» ва «Жавелин»ларга эмас, гуманитар масалалар ҳал этилишига муҳтож», - деди у.

Лавровнинг фикрича, ғарб мамлакатлари Украина ҳукуматининг ҳаракатларини оқлаш билан нацистларнинг жиноятларига шерик бўлмоқда.

Россия вазири шунингдек, Украина ҳукуматини провокациялардан воз кечишга чақирди. 

Сергей Лавров Россия Украина билан музокараларни давом эттириш тарафдори эканлиги, аммо ғарбнинг иғвогарона ҳаракатлари бунга халал бераётганини таъкидлади. 

«Ишончим комилки, Киев узоқдаги маслаҳатчилар фикри билан эмас, украин халқи манфаатини ўйлаб иш тутсагина келишувга эришиш мумкин», - дея қўшимча қилди у. 

Top