11:06 / 02.05.2022
9326
Парижда 1 май намойиши полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди

Парижда 1 май марши иштирокчиларидан бир қисми дўконларни вайрон қилиш ва ойналарни синдиришни бошлаб юборган, камида 29 киши қўлга олинди.

Фото: Bloomberg

Парижда анъанавий 1 май марши намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувга айланиб кетди. Бу ҳақда 1 май, якшанба куни Франциянинг BFMTV телеканали хабар берди. 

Унга кўра, намойишчилар колоннаси маҳаллий вақт билан соат 14:30 да (Тошкент вақти билан 17:30) Республика майдонидан Миллат майдонига қараб юрган. Кейинчалик қора кийим, қўлқоп ва ниқоб кийган бир гуруҳ шахслар намойишчилардан ажралиб, маҳаллий префектура билан келишилмаган ҳолда ўз маршрути бўйлаб ҳаракатлана бошлаган. Қоидабузарлар деразаларни синдириб, дўконлар, McDonald's ресторани филиали ва банкларни вайрон қилган. Йиғилганларнинг баъзилари баррикадалар ўрнатишга уринган.

Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сувотар қуроллар (водомёт) билан жавоб берди. Ўт ёқиш натижасида юзага келган ёнғинларни ўчириш учун воқеа жойига ўт ўчирувчилар етиб келган. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлардан бири ўт ўчирувчиларга ҳужум қилишга уринган. 

Twitter'да ички ишлар вазири Жералд Дарманен тартибсизликларни қоралаб, улар қабул қилиб бўлмайдиган зўравонлик ҳаракатларини қўллаш орқали «Биринчи май намойишларини издан чиқаришга» уринганидан афсусда эканини билдирди. 

Парижда кечки пайт камида 29 киши қўлга олинган.

Бу йилги биринчи май намойишлари қайта сайланган президент Эммануэл Макрон томонидан эълон қилинган пенсия ислоҳотига қарши қаратилди. Дастлаб, у пенсия ёшини 62 ёшдан 65 ёшгача ошириш мумкинлигини айтди. Бироқ, кейинчалик бошқа бир юқори чегарани белгилади: 64 ёш. 

Макрон президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонганидан кўп ўтмай, 25 апрелга ўтар кечаси Парижда автомобил полициячиларни уриб юбориши билан боғлиқ жиноий ҳодиса юз берди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўт очган. Машинада бўлган икки киши ҳалок бўлган. 

Top