12:13 / 02.05.2022
5319
Қирғизистонда нархлар ошиши ҳақида фейк хабар тарқатганлар жазоланиши мумкин

Қирғизистон ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков озиқ-овқат ва зарурий маҳсулотлар нархи ошиши ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш ҳақида топшириқ берди, деб ёзмоқда 24.kg.

Фото: 24.kg

Вазир бу мамлакат иқтисодий даражасини сақлаб қолиш ва барқарорлигини таъминлаш учун зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу масалани ҳар бир раҳбар ўз назоратига олиши бўйича топшириқ берилган. Шу билан бирга, Улан Ниёзбеков ички ишлар ходимлари қаерда ёлғон маълумот борлиги ва ҳақиқий нарх ошиши қандай эканини аниқлаши бўйича масалага аниқлик киритмади. 

Бундан ташқари, у ИИВ мутасаддиларига президентнинг ҳудудлардаги вакиллари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий равишда ошириш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга олиб чиқиб кетишни тақиқловчи хавфсизлик чоралари бўйича иш режаларини тасдиқлаш ҳақида топшириқ берди.

Шунингдек, вазир оғир иқтисодий вазиятдан фойдаланиб, контрабанда, жисмоний шахсларнинг ноқонуний бойиб кетишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди. 

«Бугун Қирғизистон халқи ўртасида кенг кўламли маърифий ишларни олиб бориш зарур. Хавотирга ҳеч қандай асос йўқлигини, мамлакат барча иқтисодий синовларга тайёрлигини, омборларда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси етарли эканлигини тушунтириш керак», — дея хулоса қилди Улан Ниёзбеков.

Бундан олдин Ўзбекистон Қирғизистондан 7,5 минг тонна картошка импорт қилгани хабар берилганди.

Top