09:58 / 04.05.2022
12791
Европа иттифоқи Россия газини Африка гази билан алмаштирмоқчи

Европа иттифоқи давлатлари Россия гази ўрнига Африка давлатларидан суюлтирилган газ олиш ва улар билан ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, АҚШдан таъминот ҳажмини кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Фото: AP

Европа иттифоқи Россия ёнилғисини алмаштириш учун Африка давлатларидан суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажмини ошириш имкониятларини қидирмоқда, деб хабар берди Bloomberg 3 май, сешанба куни ҳужжат лойиҳасига таяниб. 

Унинг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг ўзида Европа иттифоқи Украинадаги уруш ва Россия Европа иттифоқи билан шартномаларга бир томонлама ўзгартиришлар киритишга уринаётгани сабабли, Россиядан маҳсулот таъминотига қарамлигини камида учдан иккига қисқартирмоқчи.

Муқобил ёнилғи импорт қилувчилар қаторига Нигерия, Сенегал ва Ангола киради, уларда «суюлтирилган табиий газ соҳасида фойдаланилмаган катта салоҳият» мавжуд. Европа иттифоқи ушбу давлатлар билан ёнилғи етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда, бу борадаги келишув май ойи охиригача имзоланиши мумкин. Бу Европа иттифоқи кенгашининг мамлакатлар Россия гази учун тўловни рублда амалга оширишдан бош тортганини тасдиқлаган фавқулодда йиғилишидан кейин маълум бўлди.

Бундан ташқари, Европа иттифоқи Миср ва Исроил билан Озарбойжондан газ етказиб берилувчи «Жанубий газ йўлаги»нинг қувватини икки баробарга ошириш, йилига 20 миллиард кубометрга етказиш бўйича меморандум имзолашни режалаштирмоқда. 

Bloomberg’нинг ёзишича, ҳужжат лойиҳаси суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажмини йилига 50 миллиард куб метргача оширишни ва Россиядан ташқаридаги етказиб берувчилардан анъанавий усуллар билан газ етказиб беришни йилига 10 миллиард куб метрга етказишни назарда тутади. 

АҚШ бу борада ёрдам бериши керак - келишувга кўра Қўшма Штатлар 2022 йилда 15 миллиард куб метргача суюлтирилган газ етказиб бериши, ундан кейин ЕИга ҳар йили 50 миллиард куб метр газ импорт қилиши мумкин.

Россия газ учун тўловни рублда талаб қилганидан кейин ЕИда Россиядан ёнилғи қабул қилиб олишни қисқартириш зарурати тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда – Европа иттифоқининг деярли барча давлати шартларнинг бундай бир томонлама ўзгаришини номақбул деб ҳисоблаган. Бундан ташқари, апрель ойи охирида «Газпром» Болгария ва Полшага газ етказиб беришни тўхтатди, ушбу мамлакатлар ёнилғи учун тўловни олдиндан еврода тўлаган эди.

Top