20:33 / 28.06.2022
58822
Дунёни ўзгартирган 10 та автомобил

Американинг Forbes бизнес журнали «дунёни ўзгартирган» 10 та автомобил рўйхатини эълон қилди. Унга тарихда энг кўп сотилган, энг чиройли деб топилган, «халқ автомобили» деб тан олинган, экологик тозалиги билан ажралиб турган машиналар, спорткар, минивэн ва гибрид автомобил киритилди.

Фото: wikipedia.org

Рейтингга инновацион ечимларни таклиф қилган, янги автомобиллар синфини очган, инқилобий дизайни билан ажралиб турган ёки арзонлиги ва ишончлилиги туфайли машҳур бўлган моделлар кирган. Шу туфайли ҳам рўйхатда жуда арзон Trabant ва Ford Mustang спорткари ёнма-ён туради. Рейтинг автомобил саноатининг сўнгги 100 йилини қамраб олади.

Forbes журналига кўра дунёни ўзгартирган 10 та автомобил

1. Ford Model T (1908)

Ўртаҳол синф учун ҳамёнбоп бўлган ва серияли тарзда ишлаб чиқарилган дунёдаги илк арзон автомобил.

Ford Model T (litfund.ru)

«Тунука Лиззи» номи билан танилган ушбу автомобил Американинг Ford Motor Company компанияси томонидан 1908-1927 йилларда ишлаб чиқарилган. Бу миллионлаб серияларда чиқарилган дунёдаги биринчи автомобил эди.

Кўпчиликнинг фикрига кўра, Ҳенри Форд янги енгил автомобилни ўртаҳол америкаликлар учун нисбатан арзон қилиш орқали «Американи ғилдиракларга ўтқазиб қўйган». Бунга инновацияларни жорий қилиш, қўлда йиғиш ўрнига конвейердан фойдаланиш, автомобил конструкциясини соддалаштириш, натижада таннархни пасайтириш орқали эришилди.

Model T 1908 йилда Америка бозорига 825-850 доллардан таклиф этилди. Ваҳоланки, кўпчилик автомобилларнинг нархи 1100-1700 доллар атрофида эди. 1916-17 йилларга келиб, таннарх пасайди ва автомобилнинг нархи 350 долларга тушди.

Model T дунёнинг кўплаб мамлакатларида ишлаб чиқарилган «бутунжаҳон» автомобилга айланди. Хусусан, Ford Motor Company филиаллари Германия, Буюк Британия, Франция ва Австралияда очилган эди.

Ҳаммаси бўлиб 15 миллиондан сал кўпроқ Ford Model T ишлаб чиқарилган.

2. Volkswagen Beetle (1938)

Дунёдаги энг оммавий ишлаб чиқарилган автомобил. У ихчам (кичик) автомобиллар учун сифат стандартига айланди.

Volkswagen Beetle (moma.org)

Volkswagen Käfer (немисча Кäфер – «Қўнғиз») – 1946 йилдан 2003 йилгача Германиянинг Volkswagen компанияси томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобил. Бу асосий дизайни йиллар давомида ўзгартирилмаган ҳолда ишлаб чиқарилган тарихдаги энг оммавий автомобилдир. Жами 21,5 миллионта «Қўнғиз» завод конвейеридан чиққан. Тарихда энг кўп сотилган машиналардан бири.

Германияда Beetle 1970-йилларнинг ўрталарига қадар ишлаб чиқарилган, кейинчалик Лотин Америкасидаги заводларга кўчган. Сўнгги машина 2003 йилда Мексикадаги заводдан чиқиб кетган.

3. Jaguar XK120 (1948 йил)

Мутахассислар уни дунёдаги энг чиройли автомобиллардан бири деб ҳисоблашади.

Jaguar XK120 (classicdriver.com)

Jaguar XK120 – 1948 йилдан 1954 йилгача Буюк Британияда ишлаб чиқарилган спорт автомобили. Серияли автомобилнинг максимал тезлиги 200,5 км/соат, махсус тайёрлангани эса 219,83 км/соатни ташкил қилган.

Jaguar XK120 серияли автомобиллар ичида энг тезкори бўлган. 1951 йилда ўтказилган 24 соатлик Ле-Ман пойгасида биринчи ўринни эгаллаган.

Жами 12078 та Jaguar XK120 ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг 80 фоизидан ортиғи хорижга, асосан Америкага экспорт қилинган.

4. Trabant (1958)

30 йил давомида Германия Демократик Республикасида (ГДР) ишлаб чиқарилди ва Европадаги коммунистик лагер мамлакатлари учун «халқ автомобили»га айланди.

Trabant (wikiwand.com)

Trabant (немисча Trabant – Спутник) – Шарқий Германиянинг кичик автомобиллар бренди бўлиб, Sachsenring Automobilwerke корхонаси томонидан оммавий ишлаб чиқарилган, ГДР рамзларидан бирига айланган.

Ҳаммаси бўлиб тахминан 3 миллионта Trabant ишлаб чиқарилган, бу уни энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиллар қаторига қўяди. Trabant социалистик мамлакатларга (асосан Чехословакия, Полша ва Венгрия), шунингдек, бир қатор капиталистик мамлакатларга – масалан, Греция, Нидерландия, Белгия, Жанубий Африка ва ҳатто Буюк Британияга экспорт қилинган.

Оммавий моторизация муаммосини ҳал қилиш учун мўлжалланган «халқ автомобили» ўта ҳамёнбоп, масалан, Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган ГАЗ-24 «Волга» автомобилидан қарийб 3 баробар, ВАЗ-21011 автомобилидан қарийб 2 баробар арзон бўлган. Бу эса уни сотиб олиш учун узундан узоқ навбатларни юзага келтирган. Баъзи харидорлар уни қўлга киритиш учун 10 йиллаб кутишган.

5. Porsche 911 (1964)

Афсонавий машина, спорт автомобилларининг стандарти, Porsche брендининг юзи ҳисобланади.

Porsche 911 (1zoom.ru)

Porsche 911 (немисча Neunelfer) — Германиянинг Porsche AG компанияси томонидан 2 эшикли купе ёки унинг негизида кабриолет кузовида ишлаб чиқарилган, 1964 йилдан ҳозирги кунгача турли модификацияларда чиқарилган спорткар.

911 модели нисбатан арзонлиги ва юқори қувватга эга хусусиятлари туфайли жаҳон автоспортида энг кўп тарқалган автомобиллардан бирига айланди. Йиллар давомида ралли бўйича жаҳон чемпионатлари, «Тарга Флорио» пойгаси, 24 соатлик «Дайтона», 12 соатлик «Себринг», 24 соатлик «Нюрбургринг» каби машҳур ҳалқали пойгаларда ғолиб бўлган.

6. Ford Mustang (1964)

Қўшма Штатларда ушбу модел билан «мушаксимон автомобиллар», яъни дизайни худди мушаклар каби бўртиб чиққан спорт купелари даври бошланди.

Ford Mustang (hdpic.club)

Ford Mustang – бу Ford Motor Company томонидан ишлаб чиқарилган машҳур Pony Car ҳисобланади. Америкада бундай ибора билан спортча кўринишда ишлаб чиқарилган, аммо юқори қувватли двигателга эга бўлмаган автомобиллар аталади.

Биринчи Mustang 1964 йилда конвейердан чиққан бўлиб, ҳозирги кунда унинг 6-авлоди дунё бўйлаб кезмоқда. Ford компаниясининг энг узоқ вақтдан буён ишлаб чиқарилаётган автомобили ҳисобланади.

Mustang спорт купелари ва кабриолетларининг замонавий линияси сифатида яратилган бўлиб, дастлаб узун капот ва қисқа палуба пропорциясига эга бўлган. У автомобилсозликка янги йўналишдаги дизайнни тақдим қилган. 2018 йил августига келиб Ford 10 миллионинчи Mustang конвейердан чиқарган.

7. AMC Eagle (1980)

4 ғилдираги ҳам тортувчи дунёдаги биринчи хэтчбеклардан бири.

AMC Eagle (zen.yandex.ru)

AMC Eagle – American Motors Corporation (AMC) томонидан 1979-87 йилларда ишлаб чиқарилган, ўрта синф учун мўлжалланган енгил автомобил.

Ўша пайтда Eagle Қўшма Штатларда ишлаб чиқарилган 4 ғилдираги ҳам тортувчи ягона енгил автомобил эди. У катта йўлларда қулай ва ёмон йўлларда яхши ҳаракатланиш имконини берувчи арзон автомобил бўлган.

AMC Eagle биринчи кроссовер (енгил автомобил ва йўлтанламас автомобил ўртасидаги синф) сифатида танилган. Ушбу синф автомобилларининг пешқадами бўлган. Жами 198 мингга яқин Eagle ишлаб чиқарилган.

8. Jeep Cherokee (1974)

Дунёдаги биринчи ўрта ўлчамли, ўртача нарх категорияга эга бўлган йўлтанламас.

Jeep Cherokee (autoreview.ru)

Jeep Cherokee – 1974 йилдан 1983 йилгача Америкада ишлаб чиқарилган SUV (sport utility vehicle) йўлтанламас тоифага кирувчи, аммо асосан шаҳарда ва асфалт йўлда фойдаланиладиган автомобил.

Унинг биринчи авлоди АҚШ ва Австралиядаги заводларда ишлаб чиқарилди, шу сабабли, автомобилларнинг аксарияти ушбу давлатларда тарқалган.

Jeep Cherokee ижобий хусусиятлари орасида кенг салон, кучли двигател, мустаҳкам рамка тузилиши ва ҳаракатланиш имкониятининг юқори эканини ажратиб кўрсатиш мумкин. Аммо унинг ёқилғи сарфи юқори экани – камчиликларидан бири бўлган. Jeep Cherokee америка оилаларининг севимли автомобилларидан бирига айланган.

9. Dodge Caravan (1984)

Дунёдаги биринчи минивэн.

Dodge Caravan (autoevolution.com)

Dodge Caravan – Chrysler томонидан 1984-2020 йилларда ишлаб чиқарилган минивэнлар сериясидир.

Минивэн (инглизча minivan — «кичик фургон») — битта ҳажмдаги кузовга ва капотсиз ёки 1,5 ҳажмдаги компановкага, уч қаторли ўриндиқларга эга енгил автомобил. Одатда 8 та ўриндиқдан ошмаган.

Dodge Caravan йўловчи ва юк ташувчи фургон сифатида тақдим этилган. 1984 йилдан бери бутун дунё бўйлаб 15 миллионга яқин шундай минивэн сотилган.

10. Toyota Prius (2000 йил)

Оммавий равишда ишлаб чиқарилган дунёдаги илк гибрид автомобил. Энг кўп сотилган экологик тоза автомобиллардан бири.

Toyota Prius (drom.ru)

Toyota Prius 1997 йилдан бери Япониянинг Toyota корпорацияси томонидан ишлаб чиқарилади. Бензин ва электр двигателлари билан жиҳозланган дунёдаги биринчи гибрид енгил автомобилидир. Модел номидаги лотинча Prius сўзи «биринчи, дастлабки» деб талқин қилинади.

Автомобилда зарарли чиқиндиларнинг даражаси паст, шунингдек, ёқилғини кам сарф қилади. Экологик тозалиги ва дизайнининг ўзига хослиги туфайли кўплаб мукофот ва совринларга сазовор бўлган. Японияда, Шимолий Америка ва Европада йилнинг энг яхши автомобили сифатида тан олинган.

Муҳим жиҳати шундаки, Prius электр энергия билан қувватлантирилмайди, унга фақат бензин қуйилади. Керакли электр энергияни автомобилнинг ўзи ишлаб чиқаради. Унинг гибрид тортиш ускунаси шундай қурилганки, бензин двигатели ва электромотор автомобил ғилдираклари билан боғланиб, энг самарали режимда ишлайди. Натижада, ёқилғи жуда кам сарфланади. Prius том маънода автомобилсозликда инқилобий ўзгаришларни амалга оширган.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.

Top