20:51 / 07.07.2022
4158
2022 йилда хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган 427 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди – Миграция агентлиги

Қайд этилишича, Ўзбекистонга қайтарилганлар орасида вақтинча сақлаш марказларида қолиб кетганлар, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолганлар, тиббий ёрдамга муҳтожлар бор.

Фото: Миграция агентлиги

2021 йилда хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган 321 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилган бўлса, 2022 йил 6 ойи давомида ушбу кўрсаткич 427 нафарни ташкил этган.

“Ўзбекистонга қайтарилганларнинг аксариятини турли сабабларга кўра чет элда қийин вазиятда қолиб кетганлар, жумладан, вақтинча сақлаш марказларида сақланаётганлар, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолганлар, тиббий ёрдамга муҳтожлар ташкил этади. Мана, куни кеча агентлигимизнинг Москва шаҳридаги ваколатхонаси негизидаги Меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлаш ва уларга ҳуқуқий кўмаклашиш маркази ходимлари ёрдами билан маҳаллий корхонада ишлаётган вақтида жароҳат олиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган юртдошимиз Ўзбекистонга давлат ҳисобидан олиб келинди. Бундан ташқари, ушбу фуқарога меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолгани учун компенсация пули, даволаниш харажатларини иш берувчидан ундириб бериш масаласи ҳам ҳал қилинмоқда”, дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.

Унинг Kun.uz’га маълум қилишича, 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга олиб келинган 427 кишидан 69 нафарининг харажатлари Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланган.

“Чет элда қийин ҳолатга тушиб қолган ўзбекистонликларни вазирлик ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қайтаришнинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Жумладан, бунинг учун меҳнат муҳожирлари меҳнат шартномаси, ишлаш ҳуқуқини берувчи патент ва бошқа ҳужжатларга эга бўлиши, яъни чет элда қонуний тарзда фаолият юритиши талаб этилади.

Шу боис ҳам жорий йилда ватанга олиб келинганлардан 37 нафарининг харажатлари хорижий мамлакатдаги вакилларимиз топган ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қопланган. 3 нафар ўзбекистонлик Халқаро миграция ташкилоти ҳисобидан, қолгани эса Ўзбекистоннинг чет давлатдаги консуллик идоралари томонидан қайтарилган”, дейди Ортиқхўжа Норов.

Аввалроқ апрел ойида хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 214 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилгани маълум қилинганди.

Top