15:28 / 22.07.2022
14055
Москва «дўст бўлмаган давлатлар» рўйхатини кенгайтирди

«Дўст бўлмаган давлатлар» рўйхатига Греция, Дания, Словения, Хорватия ва Словакия киритилган, деб хабар берилди РФ ҳукумати сайтида.

Фото: Kun.uz

Россия ҳукумати Россия дипломатик ваколатхоналарига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар рўйхатини кенгайтирди. 22 июль, жума куни унга Греция, Дания, Словения, Хорватия ва Словакия қўшилди, дейилади РФ ҳукумати сайтида чоп этилган, РФ бош вазири Михаил Мишустиннинг буйруғида.

Ҳужжатда эслатилишича, рўйхат президентнинг 2021 йил 23 апрелдаги фармонига мувофиқ тузилган ва «элчихоналар, консулликлар ва давлат органлари ваколатхоналарига Россия ҳудудида жойлашган ходимларни ёллаш имкониятини тўлиқ тақиқлашгача бўлган чекловларни назарда тутади».

«Янги топшириққа кўра, Грецияда 34 киши, Дания - 20, Словакия - 16 киши билан чегараланди. Словения ва Хорватия ўзларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига ходимларни ишга ололмайди», - дейилади хабарда. 

Ушбу рўйхат 2021 йил май ойида тузилган, у дастлаб фақат Чехия ва АҚШни ўз ичига олган. 2022 йил март ойида Украинага қарши уруш бошланганидан кейин ва Ғарб санкциялари режими кескин кучайтирилгандан сўнг, «дўстона бўлмаган давлатлар»нинг яна бир рўйхати тузилди, унга ЕИнинг барча давлатлари, Буюк Британия ва яна 20 га яқин давлатлар киритилди. Гап, Россия расмийларининг фикрига кўра, РФга нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга ошираётган давлатлар ҳақида бормоқда. Президент фармонига кўра, «дўстона бўлмаган давлатлар»га алоқадор хорижий кредиторлар олдида валюта мажбуриятлари бўлган Россия фуқаролари, компаниялари, давлат идоралари ва органлари улар билан ҳисоб-китобни рублда амалга ошириши мумкин. 

Top