20:55 / 23.07.2022
7347
Андижонда “Ташаббусли бюджет” самараси: Аҳоли иккинчи мавсумда ҳам фаол

Андижон вилоятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида 2283 та таклиф киритилган бўлиб, шундан 161 таси ғолиб деб топилган. Андижонликлар бу лойиҳада фаол иштирок этиб, барча вилоятларга ўрнак бўлди десак адашмаган бўламиз.

Ғолиб таклифларнинг умумий қиймати 90 млрд 25 млн сўмни ташкил этиб, маблағлар вилоят бўйича ички йўлларни таъмирлаш, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, ёритиш тизимларини ишга тушириш, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, жиҳозлаш ва бошқа кўплаб йўналишдаги лойиҳаларни бажаришга қаратилди.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланиши олдидан биз биринчи босқич ғолиб лойиҳалари қай даражада амалга оширилгани билан қизиқдик. Шу боис вилоятнинг чекка ҳудуди бўлган Улуғнор туманида ҳамда Шаҳрихон, Олтинкўл туманларидаги лойиҳа ғолиби бўлган маҳаллаларда бўлдик.

Қувонарлиси, аҳоли “Ташаббусли бюджет” туфайли маҳаллаларига кирган ободликдан хурсанд.

Олтинкўл тумани Иттифоқ маҳалласида 1,7 километр йўл асфальт қилинган.

“Ташаббусли бюджет” бизга жуда маъқул келди. Қарангки, ўз муаммомизни телефонда овоз бериш йўли билан ҳал қила олдик. Кўчамизга кириб-чиқишга таксистлар ҳам оғринарди. Эсимда, аёлим ҳомиладор бўлганида “Тез ёрдам” кўчамизга кира олмаган. Кўча бошига “носилка”да олиб чиққанмиз. Ҳозир мана, асфальтлар қилинди, жуда хурсандмиз”, – дейди маҳалла фаоли Низомиддин Ҳайитов.

Маҳалладан халқ депутатлари Олтинкўл туман кенгашига сайланган депутат Гулдона Қурбонова ва маҳалла фаоли Олтинбек Турдиевлар “Ташаббусли бюджет” маҳалла аҳлини биргаликда мақсад сари интилиб натижага эришиш мумкинлигини исботлаганини билдиришди.

Шаҳрихон туман Оқтўнли маҳалласида ҳам 2,7 километр йўл “Open Budget” лойиҳаси орқали асфальт қилинибди.

“Йўлларимиз қишда лой-балчиқ, ўйдим-чуқур, ёзда чанг-тўзон бўлиб, меҳмонлар келса уялиб қолар эдик. Маҳалла аҳли тўпланиб, бир ёқадан бош чиқариб 2721 та овоз йиғдик. Мана энди маҳалламизни жуда кўп кўчалари асфальт қилинди. Аҳоли жуда хурсанд”, дейди маҳалла оқсоқолларидан Обиджон Нурматов.

Улуғнор туманидаги 7-умумтаълим мактаби педагогик жамоаси ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш, яъни қўшимча бинолар қуриш учун ҳаракат қилиб мақсадига эришибди.

Мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Зулфия Бойбобоева ўз фикрларини билдирди:

“Мактабимиз 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, болаларни ўқитишда хоналар етишмовчилиги муаммоси бор эди. Ўқитувчилар ва ота-оналар билан биргаликда “Ташаббусли бюджет”да қатнашиб 481 та овоз билан 844 миллион сўмлик лойиҳани ютиб олдик. Қўшимча бинолар қурилиши бошланиб кетган. Насиб қилса, ўқувчиларимиз янги ўқув йилини чиройли ва замонавий жиҳозланган хоналарда бошлашади”.

Олтинкўл туман 42-умумтаълим мактаби директори Сарварбек Назаров биз билан суҳбатда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 100 ўринли ошхона жиҳозлари учун 25 миллион сўмлик лойиҳада қатнашиб ғолиб чиқишгани ва бугунги кунда мазкур жиҳозлар мактабга етиб келганини билдирди.

Андижонда 2-мавсум бошланган

Маълумки, республикамизда 15 июлдан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди.

Андижон вилоятида навбатдаги мавсумга 77 млрд 64 млн сўм миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу борада Андижон вилояти Молия бошқармаси бўлим бошлиғи Алижон Расулжонов маълумот берди.

“Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсуми бўйича Андижон вилоятида ғолиб деб топилган 161та лойиҳага 90 млрд 25 млн сўм маблағ ажратилиб, лойиҳалар бўйича смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. 129 та объектнинг пудратчиси аниқ бўлиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда товар хизмат сотиб олиш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилди. Қолган лойиҳалар бўйича тендер-савдолари бўлиб ўтмоқда.

Жорий йилнинг 15 июлидан “Ташаббусли бюджет”нинг иккинчи мавсумига старт берилди. Мавсумга 72,0 млрд сўм ҳамда 2-чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 5 млрд 64 млн сўм миқдорида маблағ йўналтирилди. Жумладан:

— Андижон шаҳрига 7 млрд сўм, Хонобод шаҳрига 1 млрд сўм, Андижон туманига 5 млрд 40 млн, Асака туманига 7 млрд 332 млн сўм, Балиқчи туманига 4 млрд 967 млн сўм, Булоқбоши туманига 3 млрд 700 млн сўм, Бўстон туманига 2 млрд 362 млн сўм, Жалақудуқ туманига 4 млрд 309 млн сўм, Избоскан туманига 5 млрд 500 млн сўм, Марҳамат туманига 4 млрд 407 млн сўм, Олтинкўл туманига 4 млрд сўм, Пахтаобод туманига 5 млрд 365 млн сўм, Улуғнор туманига 2 млрд 275 млн сўм, Қўрғонтепа туманига 5 млрд 133 млн сўм, Шаҳрихон туманига 6 млрд 249 млн сўм, Хўжаобод туманига 3 млрд 29 млн сўм ажратилган.

Ўйлаймизки, вилоятимиз фуқаролари иккинчи мавсумда ҳам кўтаринки руҳда иштирок этади”, дейди мутасадди.

“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсумида:

  • 1-босқич – таклифларни илгари суриш 15 июлдан 3 августгача (Қорақалпоғистон Республикасида – 15 августдан 4 сентябргача);
  • 2-босқич – лойиҳаларни саралаб олиш 4 августдан 23 августгача (Қорақалпоғистон Республикасида – 4 сентябрдан 24 сентябргача);
  • 3-босқич – лойиҳаларга овоз бериш 24 августдан 12 сентябргача (Қорақалпоғистон Республикасида – 24 сентябрдан 14 октябргача) давом этади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда “Ташаббусли бюджет” жараёнига фуқароларни кенг жалб қилиш мақсадида жараённинг бошланиши олдидан фуқароларга оммавий тарзда хабардор этувчи махсус СМС хабарнома юбориши кўзда тутилган.

Top