19:04 / 26.07.2022
8965
Кремл Путин Москвага «таътилга» келган Шрёдер билан мулоқот қилиши мумкинлигини билдирди

Шрёдернинг рафиқаси Со Ён Ким-Шрёдер собиқ канцлер Москвага энергетика сиёсати бўйича музокара ўтказиш учун келганини айтган. 

Фото: DPA

Кремл Владимир Путин Москвада бўлиб турган Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдер билан мулоқот ўтказиши мумкинлигини истисно қилмади

«Бизга маълум бўлишича, у [Шрёдер] дарҳақиқат Москвада. Учрашув режалаштирилмаган, лекин мулоқотни истисно қилмаймиз», — деди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Шрёдер Москвага бир неча кунга келган бўлиб, у бу ҳақда NTV телеканали мухбирига берган интервюсида айтди.  

«Мен бу ерда бир неча кунлик таътилдаман. Москва гўзал шаҳар», деди у.

Шрёдернинг рафиқаси Со Ён Ким-Шрёдер Spiegel нашрига берган интервюсида собиқ канцлер Москвага энергетика сиёсати бўйича музокара ўтказиш учун келганини айтди. 

Герҳард Шрёдер Москвага охирги марта март ойида, Путин билан Украинадаги «махсус ҳарбий операция»ни муҳокама қилиш учун келганди.

1998-2005 йилларда Германия ҳукуматини бошқарган Герҳард Шрёдер кўп йиллар давомида Россия давлат компанияларида ишлагани ва Россия президенти Владимир Путин билан дўстлиги учун танқид остига олинган.

Top