09:30 / 18.08.2022
2180
Қозоғистон – Ўзбекистон: дўстлик, шериклик ва иттифоқдошликнинг 30 йиллиги

Жорий йилнинг ноябр ойида Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси орасида дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганига 30 йил тўлади.

Мустақил ривожланиш йилларида Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ўзаро фойдали шериклик руҳида ривожланиб келди. Бизнинг мамлакатларимиз қандайдир ҳал қилиб бўлмайдиган келишмовчиликка дуч келмаган. Бизларни Марказий Осиёдаги энг узун чегара боғлаб турибди ва уни дарҳақиқат дўстлик чегараси деб атаса бўлади.

Яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурматнинг мисоли тариқасида 2020 йил май ойида Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши натижасида сув босган ҳудудларни тиклаш бўйича икки мамлакатнинг биргаликда иш олиб борганлигини эслатиш мумкин. Биз бир биримизни пандемия даврида ҳам ўзаро қўллаб-қувватлаб, зарур ёрдамни бериб турдик.

Икки томонлама муносабатларни қўллаб-қувватлашда ва икки халқларнинг янада яқинлашувида мамлакатларимизда яшовчи кўплаб қозоқ ва ўзбек диаспоралари муҳим роль ўйнамоқда, улар учун миллий маданият, тил ва анъаналарини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилган. Миллий-маданий марказлар фаолият олиб бормоқда, ўзбек ва қозоқ тилида таълим берувчи мактаблар ишлаяпти, қозоқ ва ўзбек тилларида газета ва журналлар чоп этилмоқда. Қозоғистондаги олий ўқув муассасаларида 14 мингдан зиёд Ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Шу контекстда айтмоқчи эдимки, айни пайтда Қозоғистонда ва Ўзбекистонда икки мамлакатларнинг университетлари филиалларини паритет асосида очиш масаласи кўрилмоқда.

Бизнинг халқларимиз қадим замондан тинчликда ва муросада, бир бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда яшаб келмоқда. Бизни умумий чегара, тарихий тақдир, қариндош тиллар, дин, маданий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатлар бирлаштириб турибди. Мана шу замин яратувчи асосларга таянган ҳолда биз кенг кўламли муносабатларда мисли кўрилмаган чўққиларга эришдик.

Мана шу уч ўн йиллик мобайнида мамлакатларимиз орасида муносабатлар сифат жиҳатдан янги, стратегик шериклик даражасига чиқди, давлатлараро муносабатлар намунаси бўлди. Сўзсиз, бундай натижага мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди. Қозоқ-ўзбек икки томонлама ҳамкорликда умуман янги саҳифа очилди – давлатлараро алоқалар иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бу, ўз навбатида, бизни мамлакатларимизни янада яқинлашишга олиб келади ва муносабатларнинг энг ишончли характерини ифодалайди.

Сиёсий соҳада фаол ва очиқ мулоқотни йўлга қўйдик. Олий даражада ушбу мулоқот мамлакатларимиз раҳбарларининг шахсий ишонч ва ўзаро қўллаши билан намоён бўлмоқда. Фақатгина жорий йилнинг бошидан Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари 10 маротаба телефон орқали мулоқотга киришдилар. Давлат раҳбарлари ўзлари бошқарадиган Олий давлатлараро кенгашни таъсис этишга келишиб олди. Аслида у яқин қўшнилар ва содиқ дўстларга хос бўлган хайрихоҳлик ва илиқ учрашувлар янги анъанасини бошлаб беради.

Ҳукуматлар даражасида ҳам уйғунликда иш олиб борилмоқда, парламентлараро алоқалар ҳам фаоллашиб ва мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакатларимиз давлат органлари ва идораларининг алоқалари яқинлашган режимига ўтказилди. Улар нафақат тўғридан тўғри контактларни, балки яхши муносабатларини ҳам ўрнатган – кўплаб саволларни телефон орқали ёки видео конференц-алоқа режимида ҳал қилишга эришиляпти, бу эса қарорларни қабул қилишни тезлаштиради.

Халқаро трекда бизда кўплаб минтақавий ва халқаро кун тартибига оид саволлар бўйича умумий ва яқин қарашлар мавжуд. Биз БМТ, МДҲ, ШҲТ, ОМИЧМ, ИКТ, ТДТ ва бошқа таркибларда фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз, бу эса самарали алоқа ва бир биримизни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорлик янада ривожланиб, қўшма иқтисодий тадбирларнинг сони ошиб боряпти (Ҳукуматлараро Қўмита, Ишбилармонлар кенгаши, Минтақалараро форум, товар алмашувини ўзаро ошириш бўйича ишчи гуруҳ).

Ўзбекистон Қозоғистоннинг етакчи савдо шериги бўлганлигини таъкидламоқчиман, у Марказий Осиёда биринчи ўринни, МДҲ мамлакатлари орасида эса иккинчи ўринни (Россиядан кейин) эгаллаган.

Сўнгги 5 йилда мамлакатларимиз орасида савдо алмашуви 2 карра ошган – 2017 йилда 1,9 млрд доллар кўрсаткичдан, ўтган йили 4 млрд доллар кўрсаткичгача. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо кўлами ошаётганлиги кузатилмоқда – унинг ҳажми бугун 2 млрд доллардан ошди.

Сўнгги уч йилда мамлакатларимиз орасида инвестицион ҳамкорлик ва кооперация жиддий фаоллашди. Қишлоқ хўжалик ва юк ташиш техникалари, автобусларни ишлаб чиқариш ҳамда савдога қўйиш бўйича лойиҳалар йўлга қўйилди. Саноат кооперациясида автомобиль соҳаси етакчилик қиляпти.

Кўстанай шаҳридаги «СариаркаАвтоПром» Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси «Chevrolet» маркали автомобилларни ишлаб чиқариш ва савдога қўйиш кўламини оширмоқда. Ўтган йили мазкур корхона томонидан 316 млн долларга тенг деярли 27 минг «Chevrolet» автомобиллари ишлаб чиқарилди. Бугун «Chevrolet» Қозоғистонда сотилаётган брендлар орасида биринчи ўринни эгаллаб турибди, «Cobalt» ва «Nexia» моделлари эса энг кўп сотилаётган моделлардир.

Тошкентда «HyundaiAutoAsia» Қозоғистон-Ўзбекистон корхонаси «Hyundai» енгил автомобилларини савдоси бўйича муваффақиятли иш олиб бормоқда. 2021 йилда сотув ҳажми 23,5%га, яъни деярли 120 млн долларга ошди ва айни пайтда Қозоғистон дилерлик марказига автомашиналар сотуви бўйича квоталар 4 мингдан 10 мингтагача оширилди.

Мамнуният билан айтиш мумкинки, биз давлатлараро товар ўтказиш тизимни яратиш орқали кучли инфраструктуравий базани яратиш жараёнидамиз, у чакана-тақсимот ва агрологистика марказларидан иборат бўлади.

Геосиёсий ва эпидемиологик инқирозлар туфайли глобал ва интеграцион жараёнларнинг турғунликка тушиб қолиши, транспорт алоқалар ва таъминот занжирларининг бузилиши шароитида айнан қўшничилик омили мамлакатларимизнинг ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ривожланган ашёвий, саноат ва транзит салоҳиятига эга. Мамлакатларимизнинг иқтисодий ва ашёвий салоҳияти товар алмашувини 10 млрд долларгача ошириш учун истиқболли замин яратади. Глобал миқёсда биз ресурсларимизни бирлаштирсак, иқтисодимизнинг энергетика, озиқ-овқат ва транспорт соҳаларидаги эҳтиёжларини таъминлаган ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон маҳсулотларини минтақавий бозорларда оширган бўлар эдик. Сўзсиз, буларнинг барчаси фуқароларимиз учун қулай шароитларни яратишга ижобий таъсир қилади.

Бугун биз чегара ўтиш жойларини замонавийлаштириш ишларини фаоллаштирмоқдамиз, чегарада қўшимча ўтиш жойини қуриш масаласини кўриб чиқяпмиз, мамлакатларимиз орасида йўллар орқали алоқаларни ривожлантиряпмиз. Ўтган йилдан бери 6 янги авиа-йўналишлар очилди, автобус ва темирйўл алоқалари тикланди ва кенгайтирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси нафақат ўзаро туристик оқимларини фаоллаштиришга, балки ишбилармонлик ҳамкорлигини жадаллаштиришга ҳам қаратилган.

Умуман олганда, шуни таъкидламоқчиманки, бизнинг мамлакатларимиз жадал ривожланиш ва кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишида ҳаракатланмоқда, уларда ўзаро фойдали ҳамкорликнинг янги чўққиларига олиб чиқувчи йирик салоҳият мавжуд.

Жуғрофия бизни яқин қўшни қилиб қўйди, тарих бизни биродарларга айлантирди, иқтисод эса бизни хайрихоҳ ва ишончли шериклар сифатида шакллантирди. Биз нафақат мустаҳкам алоқаларни сақлаб қолдик, балки давлатларимизни бир бирига яқинлаштирдик. Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини чиндан сезиларли даражада ижобий натижа берадиган, биродар халқларимиз орасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим воқеа десак бўлади.

Шу ўринда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийнинг сўзларини келтираман: “Улар доим, абадий, ажралмас иттифоқда турсин”. Аминманки, бу сўзлар бизга, унинг авлодарига айтилган. Қозоғистонда бизнинг халқларимиз дўстлиги ва биродарлиги билан чин дилдан фахрланишади. Биз бундан буён ҳам яхши қўшничилик, иттифоқдош муносабатлар ва ўзаро ишончни янада кенгайтириш ниятидамиз.

Биродар халқларимизга фаровонлик ва гуллаб-яшнашни, соғлиқ ва муваффақиятлар тилайман.

Дархон Сотиболди
Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ⓣ

Top