09:48 / 31.08.2022
11798
«Газпром» «Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришни тўхтатди

«Газпром» огоҳлантирганидек, газ таъминотининг тўхтатилиши «Портовая» КСдаги ягона ишлайдиган газ берувчи агрегатга техник хизмат кўрсатиш муносабати билан 31 августдан 2 сентябргача давом этади.

Фото: Picture Alliance

«Шимолий оқим» қувури орқали Россиядан Германияга газ етказиб бериш 31 август, чоршанбага ўтар кечаси нол даражага тушиб кетди. «Шимолий оқим» орқали Россия газини қабул қилувчи Германиянинг Nel ва Opal газ қувурлари операторлари маълумотига кўра, Германия шимолидаги Грайфсвальд шаҳридаги қабул пунктида газ оқими биринчи ҳолатда тўлиқ тўхтаган, иккинчисида эса, Москва вақти билан соат 3:00 атрофида (Тошкент вақти билан 5:00), бир неча баравар камайган. Nord Stream AG қувури операторига кўра, 31 август эрта тонгда таъминот нолга тушади.

Аввалроқ, Россия давлат концерни «Газпром» «Портовая» компрессион станциясидаги ягона ишлаётган Trent 60 газ бериш агрегати техник хизмат кўрсатиш ва режали профилактика ишлари учун 31 августдан 2 сентябрга қадар тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эди. «Газпром»нинг ваъдаларига кўра, Siemens мутахассислари билан биргаликда зарур ишлар олиб борилади ва таъмирдан сўнг кунига 33 миллион кубометр газ етказиб бериш қайта тикланади, бу газ қувури ўтказиш қобилиятининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади.  

Айни пайтда, Россия Канадада техник хизмат кўрсатилган ва июль ойи ўрталаридан бери Германияда бўлган «Шимолий оқим» учун Siemens турбинасини Германиядан ҳалигача олмаган. Siemens Energy компанияси вакилининг сўзларига кўра, Москва ҳужжатларга ёпишиб олишда ва бемаъни талабларни қўйишда давом этмоқда. Ускуна Россияга юк автомашиналарида олиб ўтилиши керак, шунинг учун Германия дарёларида сувнинг ҳозирги паст даражаси, дарё транспорти билан жиҳозларни етказиб беришга тўсқинлик қиладиган жиҳатлар ҳеч қандай рол ўйнамайди, деди немис компанияси вакили. 

Июнь ойида «Газпром» «Шимолий оқим» қувури орқали газ оқимини кескин камайтирди. Россия компанияси буни Канададаги таъмирдан сўнг Siemens газ турбинаси ўз вақтида қайтарилмагани билан изоҳлади. 11 июлдан 21 июлгача газ қувурининг иккала тармоғи режалаштирилган таъмирлаш ишлари туфайли тўхтатилди. «Шимолий оқим» орқали истеъмол қилинадиган Россия газининг асосий қисмини оладиган Германияда етказиб бериш сиёсий сабабларга қисқарган деб ҳисобланмоқда.

Top