08:49 / 10.09.2022
2537
Брюссел россияликлар учун виза режимини кучайтиришни тавсия қилди

Еврокомиссия Европа иттифоқи мамлакатлари учун россияликлар учун янги виза режими бўйича тавсияларни эълон қилди. Виза бериш муддати оширилади, текширувлар кучайтирилади.

Фото: Unsplash

8 сентябр куни Еврокомиссия Европа иттифоқи мамлакатлари томонидан россияликлар учун виза режимини кучайтириш бўйича тавсияларни эълон қилди. Қатъийлаштириш зарурати унда «Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши контекстида Европа иттифоқи дуч келадиган хавфсизлик хатарлари» билан оқланади. Ҳужжатда айтилишича, бу хатарларни ҳисобга олиш Россия фуқаросига «визани рад этиш ёки амалдаги визани олиб ташлаш»га олиб келиши мумкин.

Тавсияларга кўра, эндиликда Европа иттифоқи давлатлари консуллик идоралари россияликларнинг виза аризаларини 45 кун ичида (аввалгидек 15 кун ўрнига) кўриб чиқишлари, «юқори даражадаги текширишни таъминлаш» учун улардан қўшимча ҳужжатларни сўрашлари, шунингдек, ЕИга сафари зарурат билан оқланмаган аризачилар, шу жумладан сайёҳлар учун устуворлик бўйича пастроқ даража белгилашлари мумкин.

«Европа иттифоқига сайёҳ сифатида саёҳат қилиш имконияти асосий ҳуқуқ эмас», - деди ЕКнинг ички ишлар бўйича комиссари Ильва Йоханссон россияликлар учун виза режимининг кучайтирилишини изоҳлар экан. 

Ҳужжатда, шунингдек, Россия фуқароларининг аризаларини қабул қилишда консулликлар визага мурожаат этувчининг жамоат хавфсизлигига ёки Европа иттифоқи давлатларидан бирининг халқаро муносабатларига таҳдид солишини «алоҳида эҳтиёткорлик билан текшириши» кераклиги айтилади. Шунга ўхшаш текширувлар амалдаги қисқа муддатли визалар эгаларига нисбатан ҳам ўтказилиши ва агар асослар мавжуд бўлса, бекор қилиниши белгиланган. Европа комиссияси Европа иттифоқи мамлакатларига фақат битта қисқа муддатли саёҳатлар учун визалар беришни тавсия қилди ва бутун Шенген ҳудудига эмас, балки битта аниқ давлатга ташриф буюриш учун визалар бериш имкониятини эслатди. 

Шу билан бирга, ЕИ «муҳим сабабларга кўра саёҳат қилаётган Россия фуқаролари, жумладан, Европа иттифоқи фуқароларининг оила аъзолари, журналистлар, диссидентлар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун очиқ қолади», дейилади ҳужжатда. Бундай тоифалар учун виза сўровини кўриб чиқишнинг стандарт тартибида енгиллик бўлиши мумкин - масалан, виза тўлови миқдорини камайтириш. 

31 август куни Прагада Европа иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Россия билан 2007 йилдан бери амалда бўлган виза режимини соддалаштириш бўйича келишувни тўхтатиб туришга келишиб олди. Шу билан бирга, Шарқий Европа, Болтиқбўйи, Финландия, Дания ва Нидерландия, шунингдек, Украина томонидан талаб қилинганидек, русларга Европа визаларини беришга тўлиқ тақиқни жорий этишдан воз кечишга қарор қилинди. Германия ва Франция бундай чорага қарши чиқди. 

Умумевропа қароридан қатъи назар, Эстония, Латвия, Литва, Финландия ва Чехия миллий даражада Россия фуқароларига визалар беришни кескин чеклаб қўйди ёки яқин келажакда буни амалга ошириш ниятида. Полша бу имкониятни ўрганмоқда. 

Европа иттифоқининг ташқи чегаралар хавфсизлиги агентлиги маълумотларига кўра, 24 февралдан бери Европа иттифоқи мамлакатларига Россиядан миллионга яқин одам кириб келган, уларнинг аксарияти Эстония ва Финландия орқали кирган. Болтиқбўйи мамлакатларига кўра, руслар ҳозирда 10 миллиондан 12 миллионгача Шенген визасига эга. ОАВ хабарларига кўра, Еврокомиссия ушбу визалар билан қандай йўл тутиш масаласини ўрганмоқчи. 

Top