09:41 / 17.09.2022
9701
Германия президенти: Горбачёв айтган умумий Европа уйи харобага айланди

Горбачёв томонидан илгари сурилган умумий Европа уйи концепцияси Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин вайронага айланди, деди Германия президенти.

Фото: dpa

Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер Россиянинг Украинага бостириб киришини темир парда қулагандан бери энг ёмон инқироз деб атади ва дунёни янги можароларга тайёрланишга чақирди. «1989-90 йиллардан бери ҳеч бир инқироз, бирорта ҳам можаро Россиянинг Украинага ҳужуми каби жиддий бўлмаган», деди Штайнмайер 16 сентябр, жума куни Берлинда G7 давлатлари («катта еттилик») парламентлари раҳбарлари билан учрашувда.

«Биз ҳаммамиз ишлаган нарса, жумладан, G7 доирасида ҳам йўқ қилинди. Россия президенти Владимир Путин сўнгги мулоқот кўприкларини, Европадаги тинчлигимизнинг сўнгги устунларини вайрон қилди», - дея давом этди Германия президенти.

Унинг сўзларига кўра, СССР сўнгги президенти Михаил Горбачёв айтган «умумий Европа уйи харобага айланди». «Ҳамкорлик хавфсизлиги ғояси тарихга кирди. Европанинг сиёсий харитаси ўзгарди ва ўзгаради. Кўпроқ ташқи сиёсат керак, ҳамфикрлар ўртасида кўпроқ ҳамкорлик керак», деди Штайнмайер.

Қарама-қаршилик ва рақобат кучайиб бораётган бир пайтда, «кейинги кескинлик хавфи жуда катта», дея огоҳлантирди у ва гап нафақат Россияга, балки «Хитой билан тобора мураккаблашиб бораётган муносабатларга» ҳам тегишли эканлигини таъкидлади. 

Президент «ҳамма кейинги қарама-қаршиликларга, янги можароларга тайёр бўлиши керак», деб огоҳлантирди. «Бу биз НАТОда, G7’да ўзимизни ҳимоя қила олишимиз ва иқтисодий босим ўтказишимиз керак деган маънони англатади», - дея хулоса қилди у ҳамда инқироз даврида сиёсий мунозараларни далиллар билан эмас, балки дезинформация ёки ҳатто зўравонлик, шу жумладан Россия ёрдами билан ўтказишга интилаётган популистик кучларга «қатъий қаршилик кўрсатиш»га чақирди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top