19:20 / 20.09.2022
4842
Йил бошидан бери Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 млрд долларга камайди

Жаҳон молия бозорида олтин котировкалар нархи пасайди. Бу республика захира активларида олтин миқдори 9 тоннадан зиёдроққа ошишига қарамай, унинг қиймати пасайишига сабаб бўлган. Олтин нархининг арзонлашиши ортидан Ўзбекистон Марказий банки март ойидан бери ушбу қимматбаҳо металл экспортини амалга оширмаяпти. 

Фото: Getty Images

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2022 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34,08 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун бу кўрсаткич 2022 йил 1 август ҳолатига кўра 34,6 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 527 млн долларга камайганини кўрсатмоқда.

Август ойи давомида олтиннинг физик ҳажми сезиларли миқдорда: 12 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга ( тахминан 9,33 тонна) ошган бўлса-да, қиймати 21,07 млрд доллардан 21 млрд долларга пасайган. Бу асосан ҳисобот даврида жаҳон бозорида олтин нархларининг арзонлашгани билан боғлиқ.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари ҳам 12,47 млрд доллардан 12, 04 млрд долларга ёки 432,9 млн долларга камайган.

“Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан бери 1,06 млрд долларга ёки 3 фоизга камайди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1712,4 долларгача пасайишининг таъсири 1,07 млрд долларни ташкил қилди”, дейилади Марказий банк изоҳида.

Олтин нархининг арзонлашиши ортидан Ўзбекистон Марказий банки март ойидан бери ушбу қимматбаҳо металл экспортини амалга оширмаяпти.

Top