16:01 / 29.09.2022
13259
АҚШ ўзбек пахтасига қўйилган чекловларни бекор қилди

АҚШ Меҳнат вазирлиги дунёда мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият бўйича иккита ҳисоботни эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: KUN.UZ

Болалар меҳнати энг ёмон шакллари тўғрисидаги ҳисоботда («TDA Report») Ўзбекистон 2011 йилдан бери биринчи марта болалар меҳнати энг ёмон шаклларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарадорлиги бўйича «сезиларли тараққиёт» энг яхши тоифасига кирди

Ўзбекистон 2011 йилда «болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича давлат томонидан ҳеч қандай муҳим саъй-ҳаракатлар қабул қилинмаган» 4-тоифага киритилган эди. 2018 йилда АҚШ идораси қарори билан Ўзбекистон «ўртача тараққиёт» билан 2-тоифага ўтказилди.

Ҳисоботга кўра, бу йил 131 давлат ичида Ўзбекистон «сезиларли тараққиёт» мақомига сазовор бўлган 9 та давлат қаторидан жой олди. Баҳолаш болалар меҳнати энг ёмон шаклларини тақиқловчи қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар, шикоятларни кўриб чиқиш ва бундай ҳуқуқбузарликларни текшириш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва институционал механизмлари, болалар меҳнат энг оғир шаклларига жалб этилиши олдини олишга қаратилган ижтимоий дастурлар амалга оширилишига, ушбу йўналишдаги давлат сиёсати самарадорлигига асосланади.

Ўзбекистоннинг тизимли мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш бўйича эришган муваффақиятларини ҳисобга олиб, АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рўйхати»дан мамлакатда етиштирилган пахта ҳосили чиқарилишини эълон қилди. Ушбу қарор Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни АҚШга олиб киришга қўйилган расмий чекловларни бекор қилади ва шу орқали маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Ҳисоботга кўра, ўзбек пахтаси ушбу рўйхатдан чиқарилиши сабаблари «президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни хорижий сармоядорлар учун жозибали манзил сифатида кўрсатиб, иқтисодий ислоҳотларни олға сура бошлаган 2017 йилдан буён Ўзбекистонда пахта саноатидаги жиддий ўзгаришлар» билан боғлиқ.

Ҳужжатда таъкидланганидек, ҳукумат бутун ишлаб чиқариш занжирини механизациялашга, ишчи кучидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжни камайтирадиган йўналишни давом эттирмоқда. «Мажбурий меҳнат ҳолатлари қисқариши мажбурий пахта теримини бекор қилиш ва ишчиларни ёллашда мажбурлашни тақиқловчи ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жазоларни назарда тутувчи янги сиёсатни жорий этиш орқали мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳукумат биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир».

Пахта терими учун минимал тўлов оширилиши, ишчилар ва иш берувчилар ўртасида давлат аралашувисиз жамоавий битимлар тузиш амалиёти йўлга қўйилгани таъкидланди.

Мазкур янгиликка муносабат билдирган Сенат раиси Танзила Норбоева бу давлатимиз раҳбари бошчилигида меҳнат муносабатлари тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижасидир. Шу ўринда,  Ўзбекистонда 2017 йилда пахта саноатида бошланган иқтисодий ислоҳотларнинг самараси эканини таъкидлаган

"Бу эса янги имкониятларни очиши билан бирга, ўзбек пахтасини АҚШга экспорт қилиш бўйича мавжуд чекловларни бекор қилади, пахта саноатини ривожланишига, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади" дейди Норбоева.

Top