16:36 / 10.10.2022
51924
Қирғизистон томони Ўзбекистон билан чегара келишуви тафсилотларини маълум қилди

Чегара масаласида келишилмаган энг муҳим жой – Кампирравот сув омбори (Андижон сув омбори) атрофидаги 5 минг гектарга яқин ер Ўзбекистонга ўтадиган бўлган.

Фото: Kaktus media

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакат парламентида ўтган йиғилишда Ўзбекистон билан чегара делимитацияси доирасидаги ер алмашувлари ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, келишув бўйича Ўзбекистон 4 485 гектар, Қирғизистон эса 19 699 гектар ер олади.

Ташиевга кўра, Қирғизистон қуйидаги ерларга эга чиқади:

  • Ғовасой ҳудуди (Ғовасой дарёси ўтган ҳудуд) – 12 949 гектар;
  • Ола-Буқа туманидаги Кўксерек қишлоғи – 105 гектар;
  • Ола-Буқа туманидаги Баястан қишлоғи – 212 гектар;
  • Унгар-Тоо тоғи – 35 гектар;
  • Қорасув туманидаги Оқтош қишлоғи – 100 гектар;
  • Ола-Буқа туманидаги Қорабелес қишлоғи – 25 гектар (аввал Ўзбекистон таркибида бўлган);
  • Шаҳрихонсойнинг бир қисми – 19,5 гектар;
  • Сўзак туманидан қўшимча 500 гектар;
  • Ўзган туманидан қўшимча 500 гектар;
  • Ўрта тўқай сув омбори – 1 009,5 гектар (тўлалигича);
  • Ола-Буқа туманидаги Биринчи май ва Кўксерек қишлоқлари;
  • Оқсой туманидаги Жетиген, Кербен ва «Аэропорт» қишлоқлари – 571 гектар;
  • Ноокен туманидаги Шамалдисой қишлоғи – 1 088 гектар;
  • Аравон тумани – 148 гектар;
  • Қадамжой туманидаги Кўкдала ва Пилдириқ ҳудудлари – 1 013 гектар.

Шунингдек, Ташиев Кампирравот сув омбори яқинидаги 4 485 гектар ер Ўзбекистонга ўтганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сув омборида сувнинг горизонтал сиғими ҳажми 908 метрдан 900 метрга туширилгач, 1 246 гектар ер бўшаган ва бу ерлар Қирғизистонга ўтган.

«Авваллари Кампирравот сув омборидан фақат Ўзбекистон фуқаролари фойдалана оларди. Энди эса бошқарув тенг йўлга қўйилади: икки давлатдан 4 кишидан бўлади. 70 йил давомида сув омборидан фойдаланишни Ўзбекистон мустақил белгилаб келди. Энди Қирғизистон фуқаролари сувдан эркин фойдалана олади: [экинларни] суғориш, ҳайвонларни суғориш, балиқ овлаш ва насос билан сув тортишлари мумкин бўлади», деди Ташиев.

«Биз ғалаба қозондик дея олмайман, аммо бир қарич жойимизни ҳам бермадик. Баъзилар ёмон ерларни олдик деяпти, ундай эмас, жуда яхши, ҳосилдор ерларни олдик. У ерларда ҳатто олтин ҳам бор, Ўзбекистон ўз вақтида олтита лицензия берган, шунга қарамай бу ерларни олишга муваффақ бўлдик», деди қўшни давлат МХҚ раиси.

Ташиевнинг сўзларига кўра, келишув имзоланса, Қирғизистон ҳудуди 15 806 гектарга кенгаяди.

10 октябр куни ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг Ўзган туманида Кампирравот сув омборидаги ерлар Ўзбекистонга ўтаётганидан норози бўлган қирғизистонликлар тўплангани акс этган видеолар тарқалди.

Аввалроқ Садир Жапаров чегара масаласини ҳал қилишда биргина тумандагиларнинг фикри билан чекланиб қолмаслиги кераклигини айтганди.

Қирғизистонда чегара делимитацияси доирасида Ўзбекистон энг яхши жойларни олиб кетаётгани ҳақида айтиб келишади. Ўтган йилларда ҳам айнан сув омбор атрофидаги ерлар берилишидан норози бўлган қирғизлар кескин эътирозлар билдирганди.

Top