07:43 / 12.10.2022
11406
Байден: Путин Украинага бостириб кириб, хато қилди

АҚШ президентининг сўзларига кўра, Владимир Путин оқилона сиёсатчи, аммо Украинага қарши уруш бошлаб, вазиятни ва Украина аҳолисининг РФ қуролли кучларига қандай муносабатда бўлишини нотўғри баҳолаган.

Фото: CNN

Россия президенти Владимир Путин ақлли сиёсатчи, бироқ Украинага ҳарбий бостириб киришда «жуда хато қилди». Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден CNN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди, ундан парчалар 11 октябр, сешанба куни кечқурун оммага эълон қилинди.

Шу билан бирга, Байден 2022 йил февралида Украинага бостириб кириш тўғрисида қарор қабул қилинган Путин нутқига нисбатан «норационал» атамасини ишлатган. «Менимча, нутқи, мақсадлари норационал эмас эди. У уни қучоқ очиб кутиб олишларига, Киев - Россиянинг уйи эканлигига ва бу ерда хурсандчилик билан кутиб олишларига ишонган. Бу мутлақо нотўғри ҳисобланган», деди Америка давлати раҳбари журналист Жейк Тапперга берган интервьюсида.

Суҳбат Байденнинг G7 мамлакатлари вакиллари, жумладан Украина  президенти Володимир Зеленский иштирокидаги виртуал мулоқотдан бир неча соат ўтиб, ёзиб олинган. Володимир Зеленский G7 давлатлари раҳбарларини Киевга Россия ракеталаридан ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишда ёрдам беришга чақирди.

Ушбу учрашув натижасида G7 Россиянинг «Украинадаги фуқаролик инфратузилмаси ва шаҳарларига ракета ҳужумларини» кескин қоралади ҳамда бу «бегуноҳ тинч аҳолининг ўлимига» олиб келгани ва тинч аҳолига қарши ҳужумлар Россия президенти Путин ва бошқа айбдорлар жавобгарликка тортиладиган «ҳарбий жиноят» эканлигини эслатди.

10 октябр куни эрталаб Россия Киев, Днепр, Харкив, Одесса, Лвов ва Украинанинг бир қатор бошқа шаҳарларига кучли ракета зарбалари берди. Кузатувчиларга кўра, РФ қуролли кучлари февраль ойида қўшни давлатга кенг кўламли босқин бошланганидан бери Украинадаги объектларга бундай йирик ҳужумларни амалга оширмаган.

Аввалроқ, 7 октябр куни Жо Байден Россиянинг Украинада ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини изоҳлар экан, бу рўй бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, ядровий апокалипсис таҳдиди ҳозирда 1962 йилдаги Кариб инқирозидан кейинги энг юқори даражада эканлигини кўрсатган эди. 

«Кубадаги ракета инқирозидан кейин биринчи марта, агар ишлар шу тарзда давом этса, биз ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидига дуч келяпмиз. Биз Кеннеди давридан бери Армагеддон эҳтимолига дуч келмагандик», деди у. Байденнинг сўзларига кўра, Путин «тактик ядровий, биологик ёки кимёвий қуроллардан фойдаланиш эҳтимоли ҳақида гапирганда ҳазиллашмаяпти, чунки унинг ҳарбий кучлари, айтиш мумкинки, анча орқада қолган».

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top