15:57 / 20.10.2022
8043
“James Webb” телескопи юлдузлар пайдо бўлиш жойининг янги тасвирини эълон қилди

NASA’нинг “James Webb” космик телескопи ўзининг навбатдаги тасвирини эълон қилди. Унда юлдузлар пайдо бўладиган жойнинг янгича кўриниши акс этган.

Фото: NASA

“Яратилиш устунлари (Pillars of Creation) Ердан 6500 ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Унинг илк тасвири 1995 ва 2014 йилларда NASA’нинг Hubble телескопида суратга олинганди. “James Webb” олган янги тасвир 3-бўлади.

Бу тасвирнинг олдингиларидан фарқи – устунлар ўта батафсил тасвирланган. Унда зич газ ва чанг ичидаги юлдузларнинг шаклланиш ландшафти акс этган. Тугунлар газ ва чанг устунлари ичида етарли массага эга бўлгач, ўзининг тортишиш кучи сабаб йиқила бошлайди, аста-секин қизийди ва натижада янги юлдузлар ҳосил бўлади.

Тасвирда устунлар 3 бўлакка бўлинган ва катта тош қояларни эслатади. Лекин яхши ўтказувчанлик хусусиятига эга.

Янги тасвир тадқиқотчиларга юлдузлар шаклланиши моделларини қайта кўриб чиқишга, юлдузлар қандай ҳосил бўлишига оид аниқроқ тасаввурларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради. Бу – коинот ҳудудидаги газ, чанг ва янги шаклланган юлдузларнинг аниқ миқдорини аниқлаш орқали амалга ошади.

Маълумот учун, “James Webb” АҚШ, Европа ва Канада космик агентликлари бирлашган лойиҳаси ҳисобланади. У Hubble космик телескопининг янгича варианти бўлиб, ўтган йилнинг декабр ойида коинотга учирилган.

Мавзуга оид
Top