17:49 / 25.10.2022
5658
Қорақалпоғистонда ҲЭТК фермерлардан 2,3 млрд сўмни ноқонуний ундирди

“Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари" корхонаси электр энергияси таъминотида зарур бўлган воситаларни ўрнатиш учун 170 фермердан 2,3 млрд сўм маблағни ноқонуний ундирган. Аслида, бу вазифа ҲЭТКнинг ўзининг зиммасида бўлган.

Фото: “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖ

Монополияга қарши кураш қўмитаси ўтказган текширишларда қорақалпоғистонлик фермерлардан электр таъминоти воситалари учун ноқонуний маблағлар ундирилгани аниқланди.

Қонунчилик ҳужжатларида электр энергияси таъминотида зарур бўлган воситаларни ўрнатиш “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖга юклатилган. Бироқ Қорақалпоғистон ҲЕТК ўзининг табиий монополия субъекти эканидан фойдаланиб, яъни 170 та тадбиркорлик субъектидан ушбу воситалар учун 2,3 млрд сўмга яқин маблағ ундирган.

Қўмита хабарига кўра, қонунга зид ундирилган маблағларни фермерларга қайтариш ишлар кетмоқда.

Шу билан бирга, “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” АЖга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган. Бу қандай чора эканига хабарда аниқлик киритилмаган.

ҲЭТК аксилмонопол органнинг қарори устидан судга шикоят қилган. Ўзбекистон Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори билан кассация шикояти Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фойдасига ҳал қилинган.

Top