09:47 / 04.11.2022
2904
Самарқандда ўтаётган II Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва йирик халқаро компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди

Халқаро даражадаги етакчи иқтисодчилар ва халқаро экспертларни жамлаган II Ўзбекистон иқтисодий форумида Ўзбекистоннинг келгуси беш йиллик тараққиёт стратегияси, иқтисодий имкониятлари, халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ушбу Форумда ишбилармон доиралар ва хорижий ҳамкорлар, халқаро банклар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, ўзаро мулоқотни йўлга қўйиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Иқтисодий форумнинг биринчи кунида, “SOCAR” (Озарбойжон), “JPMorgan Chase Bank” (АҚШ), “CreditSuisse” (Швейцария) ва MUFG (Япония) компаниялар ва банкларининг вакиллари билан мулоқотлар амалга оширилди.

Мулоқотда йирик халқаро компаниялар ва банкларнинг раҳбарларига сўнгги йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан эришилган натижалар, рақамлаштириш ва трансформация жараёнлари, соҳада амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Даставвал Озарбойжоннинг “SOCAR” компанияси Вице-президенти Рафига Гусейзода бошчилигидаги делегация аъзолари билан музокаралар олиб борилди. Томонлар аввал эришилган келишувларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилдилар, хусусан имзоланган қўшма “Йўл хариталари” ва меморандумлардаги натижа муҳокама қилинди.

Томонлар нефт ва газ соҳасида инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳамда уларнинг кейинги истиқболлари, геология ва қидирув ишлари, экологик хавфсизликни таъминлаш йўналишида технологиялар ва тажриба алмашиш имкониятлари бўйича музокаралар ўтказишди ҳамда ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилди.

Навбатдаги учрашув эса 2,5 триллион долларлик активларга эга бўлган, узоқ йиллардан буён самарали ва ишончли фаолият юритиб келаётган “JPMorgan Chase Bank” делегацияси аъзолари билан ўтказилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси ва “JPMorgan Chase Bank” вакиллари ўртасидаги учрашувда мамлакатимизда нефть-газ саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, трансформация, маъмурий ва таркибий ўзгаришлар, шунингдек, соҳанинг инвестиция жозибадорлиги борасида муҳокама қилишди.  

“JPMorgan Chase Bank” вакиллари билан ҳам ўтган учрашувда томонлар якуний эришилган натижалар муҳокамасини ўтказишди. Шунингдек, турли истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қисқа ва ўрта муддатли молиялаштиришни жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилишди. Доимий мулоқот ва зарур ахборот алмашишни давом эттириш бўйича келишувга эришилди ҳамда ҳамкорликнинг ҳозирда мавжуд йўналишларини ривожлантиришга келишиб олинди.

“CreditSuisse” Форумга ташриф буюрган раҳбарлари билан ўтган музокарада лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди ва бундан ташқари Европа эксперт кредит агентликларидан узоқ муддатли суғурта қопламаларини жалб қилиш йўллари ҳам кўриб чиқилди. 

“CreditSuisse” вакиллари билан учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг айрим истиқболли йўналишлари қайта муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича томонлар доимий алоқада бўлишига ва ҳамкорликнинг барча истиқболли йўналишларини биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар. 

Биринчи кунги музокаралар “MUFG” банки вакили билан ўтказилди ва учрашувда томонлар ўзаро молиявий ҳамкорликнинг янги истиқболларини кўриб чиқишди. 

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва турли корпоратив эҳтиёжларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий форум давом этмоқда ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан форум доирасида ҳамкорлик масалалари юзасидан яна бир қатор нуфузли компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top