18:47 / 11.11.2022
3243
Дунё аҳолисининг учдан икки қисми коронавирусга қарши антитаналарга эга

Янги тадқиқотга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг учдан икки қисми эмлаш ёки касалликни бошдан кечириш натижасида SARS-CoV-2 вирусига қарши антитаналарга эга.

Фото: Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) олимлари 2020 йилнинг январидан 2022 йилнинг апрелигача бўлган вақтда дунё бўйлаб 5 миллиондан ортиқ одам ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келишди.

Одамларнинг 40 фоизи кам ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди, одатда улар кўпинча бундай тадқиқотлар эътиборидан четда қолади.

Олимлар ҳисоб-китобига кўра, SARS-CoV-2 вирусини юқтириб олганлар ичида антитаналар шаклланганлар улуши 2020 йил июнидаги 7,7 фоиздан 2021 йил сентябрида 59,2 фоизга етган. Шундан буён бу рақам катта эҳтимол билан янада ошган.

ЖССТ маълумотларига кўра, 2022 йил ноябрь ҳолатига кўра, 630 миллион одамда COVID-19 касаллиги аниқланган, шундан 6,5 миллиони ўлган. Агар бу тадқиқотлар тўғри бўлса, у ҳолда миллиардлаб одамлар вирус билан алоқада бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Олимларнинг таъкидлашича, одамларда антитаналарнинг мавжуд бўлиши касалликка қарши иммунитет борлигини англатмайди.

Муаллифларнинг фикрича, ушбу тадқиқот дунё бу даҳшатли вирусга аста-секинлик билан кўникаётганини кузатиш зарурлигини таъкидлайди. Ва бошқа нафас йўллари патогенларига яхшироқ тайёргарлик кўриш учун COVID-19 тарқалишини кузатиш ҳали ҳам зарур.

Мавзуга оид
Top