08:59 / 15.11.2022
9179
АҚШ Сулаймон Каримовнинг қариндошларига қарши санкциялар жорий қилди

АҚШ Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технологияларни харид қилиш трансмиллий тармоғи ҳамда Кремлга яқин бўлган глобал воситачилар, ёрдамчилар ва бошқалар тармоғига алоқадор яна 14 киши ва 28 та субъектни қора рўйхатга киритди.

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб Россия армиясини Украинага қарши урушда қўллаб-қувватлашга алоқадор деб ҳисобланган шахслар ва компанияларга қарши санкциялар эълон қилди. 14 ноябрь, душанба куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Давлат департаменти билан биргаликда «Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш учун технологиялар трансмиллий харидлар тармоғи»га нисбатан янги жазо чораларини қўллади.

Бундан ташқари, OFAC «ҳаётини Ғарб билан боғлаган» Кремлга яқин икки элитага алоқадор молиявий воситачилар, ёрдамчилар ва бошқаларнинг глобал тармоғини аниқлади», дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.

Натижада 14 киши, 28 ташкилот ва саккизта самолёт АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган янги санкциялар рўйхатига киритилди. Улар орасида россиялик олигарх ва Россия Федерациялар кенгаши аъзоси Сулаймон Каримовнинг қариндошлари, россиялик тадбиркор ва инвестор Мурод Алиев ҳамда унга алоқадор компаниялар бор.

«Қўшма Штатлар Кремлнинг ҳарбий таъминот занжирларини фош қилиш ва бузишда давом этади, Россияни Украинага қарши ноқонуний уруш олиб бориши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялардан маҳрум қилади», - деди молия вазири Жанет Еллен. Унинг сўзларига кўра, АҚШ санкцияларининг сўнгги кенгайиши Вашингтоннинг бутун дунё бўйлаб Россия президенти Владимир Путинга ёрдам бераётган одамларни, шунингдек, унинг режимини молиялаштирган коррупциялашган элиталарни таъқиб қилишга содиқлигини кўрсатади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top