15:30 / 23.01.2023
3400
«Пахтасаноат илмий маркази» фаолиятини такомиллаштириш вазифалари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Пахтасаноат илмий маркази» акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан пахта тозалашда янги техника ва технологиялар, энергияга тежамкор машиналар ва асбоб-ускуналар яратиш, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда илмий-инновация фаолияти натижадорлигини ошириш кенг йўлга қўйилади.

«Пахтасаноат илмий маркази» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг  илмий-тадқиқот органи этиб белгиланди. Марказ қуйидаги асосий йўналишларда фаолият юритади:

пахта хомашёсини тозалаш учун замонавий техника ва технологиялар, энерготежамкор машина ва асбоб-ускуналарнинг тажриба-саноат намуналарини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ҳамда фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш; 

пахта ва пахта маҳсулотлари учун халқаро ва давлатлараро стандартлар билан уйғунлашган стандартларни, уларнинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш, рақамли технологиялар асосида тезкор ва аниқлик даражаси юқори бўлган ўлчов ва синаш воситаларини, калибрлаш ва синаш усулларини текшириш учун соҳага тегишли илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда давлат стандарти намуналарини ишлаб чиқиш;

пахтачиликка оид илмий ишланма ва дастурларни тижоратлаштириш, хизмат кўрсатиш чораларини кучайтириш ва шу асосида ўз фаолиятини ўзи молиялаштирадиган тизим яратиш;

аккредитация соҳасига мувофиқ тарзда пахта маҳсулотлари синовларини ўтказиш, мувофиқлик сертификати бериш, лабораториялараро таққослаш синовларини ва раунд-тестларини ташкил қилиш ва ўтказиш, манфаатдор ташкилотлар учун пахта маҳсулотлари ташқи кўринишининг стандарт намуналарини тайёрлаш хизматларини кўрсатиш; 

пахта хомашёсини чуқур қайта ишлашга оид халқаро сифат стандартларини татбиқ этиш ва сертификатлашни ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

замонавий илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизимни шакллантириш; 

республикада районлаштирилган ва истиқболли пахта селекция навларининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш, ушбу йўналишда самарали илмий ечимларни ишлаб чиқиш; 

юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

жаҳоннинг нуфузли университет ва илмий марказлари билан халқаро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Марказ моддий-техника базаси ва етакчи олимларининг салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг базавий кафедралари филиалларини Марказда ташкил этиш чораларини кўради. 

Top