Йенс Столтенбергнинг НАТО бош котиби сифатидаги ваколати аллақачон уч марта узайтирилган ва у кузда тугайди. Альянс расмий вакилининг сўзларига кўра, у мандатни янгидан узайтириш ниятида эмас.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ўз лавозимини 2023 йилнинг кузида тарк этиши керак. НАТО матбуот котиби Оана Лунгеску 12 февраль, якшанба куни Брюсселда Столтенбергнинг ваколати октябргача тугаши ва «у мандатни яна узайтириш ниятида эмаслигини» айтди.
Аввалроқ Welt am Sonntag газетаси юқори мартабали дипломатик манбаларга таяниб, Столтенберг ўз лавозимида 2024 йилнинг апрелигача, НАТО ташкил топганининг 75 йиллиги нишонланадиган вақтгача қолиши кераклигини хабар қилган эди. Нашр суҳбатдошига кўра, НАТОга аъзо 30 та давлат Украинадаги уруш фонида альянс раҳбариятидаги барқарорлик учун амалдаги бош котибнинг ваколат муддатини узайтиришга норасмий равишда рози бўлган.
Йенс Столтенберг 2014 йилдан бери НАТО раҳбари бўлиб келмоқда, унинг ваколати аллақачон уч марта узайтирилган, охирги марта - Украинада Россия уруши бошланганидан кўп ўтмай, 2022 йилнинг мартида, муддати эса 2023 йил 30 сентябрда тугайди.