“Бу ҳали бошланиши” — Шавкат Мирзиёев “тонировка” бўйича қарор имзолади
1 июлдан автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш текин бўлади, олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади. “Бу ҳали бошланиши” дея эълон қилган президент одамларни қийнаётган ва аҳамиятини йўқотган бошқа тартиб ва чекловлар ҳам бекор қилинишини айтди.
Шавкат Мирзиёев бугун, 28 июн куни қишлоқ хўжалигига оид масалалар юзасидан ўтказилган селектор сўнгида автомобиллар ойналарини қорайтириш масаласига тўхталди.
“Ҳар бир ислоҳотимиз, таклиф ва ташаббусларимиз, бу – энг аввало инсон қадри учун. Шу боис, халқимизга қандай енгилликлар берсак, у биздан рози бўлади, деган савол барча раҳбарларни ҳар куни, ҳар дақиқа ўйлантириши керак.
Ҳар гал жойларга чиққанимда оддий-оддий одамлар билан учрашиб, муаммоларини эшитаман, яна қанча аҳолимизда шундай муаммолар борлиги ҳақида ўйлайман ва унга ечим қидираман.
Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалардан ҳам хабардорман.
Мана, бугунги кунда мамлакатимизда енгил автомашиналар сони 3,5 миллиондан ошди. Ҳайдовчиларимизда ҳам кўплаб эътирозлар тўпланиб қолган.
Шу боис, бугун ҳайдовчилар ва йўловчилар анчадан бери кутган, уларнинг кайфиятини кўтарадиган қарорни имзоладим”, дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 1 июлдан бошлаб:
- автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади;
- олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади;
- ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади.
Шунингдек, эндиликда 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.
“Бу ҳали бошланиши. Мен президент маслаҳатчилари, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларга топшириқ берганман. Одамларимизни қийнаётган, аҳамиятини йўқотган тартиб ва чекловларни бекор қилиш бўйича Ишчи гуруҳи барча йўналишларда мунтазам ишлаяпти.
Жойлардан тушган асосланган таклифлар ва ечимлар бўйича доимий тарзда халқимизнинг фойдасига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб борилади”, деди президент йиғилиш якунида.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда (1 июлгача) Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар учун автомобил ойналарини қорайтиришга рухсат олиш тўлови қуйидагича:
- орқа ён ойналар – йилига 5 БҲМ (1 млн 500 минг сўм);
- барча ён ойналар – йилига 50 БҲМ (15 млн сўм).
Воқеа тарихи
Ўзбекистонда автомобиль ойналарини қорайтиришга 2018 йилда рухсат берилганди. Муайян тўлов эвазига бериладиган рухсатнома фақатгина 1 йил амал қилади. Белгиланган тўлов миқдорининг юқори экани кўп марта танқид қилинган, ҳаттоки жамоатчилик бунга фаол қаршилик билдирган, бироқ “Mening fikrim” порталига жойлаштирилган петиция 10 мингдан ортиқ овоз тўплаган бўлса-да, негадир кўриб чиқилмаганди.
2019 йили ноқонуний “тонировка” учун жарима миқдори бирданига аввалгисига нисбатан кескин оширилди. ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров бу ўзгаришга изоҳ бераркан: “Биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин”, деб жавоб берган, мулозимнинг ушбу сўзлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан истеҳзо билан қарши олинганди.
МЖтКнинг 126-моддасига кўра, автомашинани рухсатсиз “тонировка” қилиш 25 БҲМ (7,5 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима – 40 БҲМ (12 млн).
Бир неча ойдан буён ҳайдовчилар #Тонировка_жиноят_эмас ҳештегли кампания бошлашган. 1 июлдан автомобил ойналарини қорайтириш текин бўлиши ҳақида миш-миш тарқалган, лекин ИИВ матбуот котиби бундан бехабарлигини айтганди.
Ўн кун олдин Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов “тонировка” тўловининг бекор қилиниши “инсон қадрининг бир кўриниши” бўлишини айтган, унинг бу сўзлари кўпчилик учун умидли янграганди.
Йилдан йилга жазирама тафти кучайиб бораётгани, 40–50 даража иссиқда қорайтирилган ойналар ҳузур-ҳаловат эмас, ҳаётий эҳтиёж ҳисобланиши бот-бот такрорланмоқда. Интернет фойдаланувчилари расмийларга мурожаат қилиб, фуқароларнинг талабларига эътибор қаратишни сўрашмоқда.
Апрел ойидаги матбуот анжуманида ИИВ мулозими Kun.uz саволига жавобан тонировка масаласида енгиллик берилиши кутилмаётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
19:47 / 11.12.2024
Мирзиёев ва Путин икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди
15:25 / 06.12.2024