Иқтисодиёт | 19:14 / 16.04.2021
32413
3 дақиқада ўқилади

15 та йирик давлат корхонасининг акциялари очиқ савдога чиқарилади

Uzbekistan Airways, «Ўзавтосаноат», «Ўзбекнефтгаз», 5 та банк ва 3 та йирик металлургия комбинати 2023 йилгача IPO ўтказиши белгиланди.

2021-2023 йилларда акциялари фонд биржаси орқали оммавий сотувга чиқариладиган (IPO) давлат корхоналари рўйхати тасдиқланди.

Капитал бозорини ривожлантиришга оид президент фармонига кўра, рўйхатга қуйидаги 15 та компания киритилган:

  1. «Ўзбекистон металлургия комбинати» AЖ
  2. «Ўзбекнефтгаз» AЖ
  3. «Миллий банк» AЖ
  4. AТ Халқ банки
  5. «Aгробанк» AТБ
  6. «Микрокредитбанк» AТБ
  7. «Қишлоқ қурилиш банк» AТБ
  8. «Ўзагросуғурта» AЖ
  9. «Қурилишмашлизинг» AЖ
  10. «Ўзбекинвест» AЖ
  11. «Uzbekistan Airways» AЖ
  12. «Узтрансгаз» AЖ
  13. «Олмалиқ КМК» AЖ
  14. «Навоий КМК» AЖ
  15. «Ўзавтосаноат» AЖ

Қарорда, Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат комиссияси билан келишган ҳолда рўйхатга ўзгартириш киритиши мумкинлиги назарда тутилган.

Рўйхатдаги компанияларнинг ўз акцияларини очиқ бозорга чиқаришига оид йўл хариталари 2 ой муддатда тасдиқланиши лозим.

Компаниялар қанча миқдордаги акциялар пакетини сотувга қўйиши номаълум. Шуниси маълумки, юқоридаги 5 та банкдан фақат биттаси – «Қишлоққурилишбанк» хусусийлаштирилиши кутилмоқда. Шунингдек, «UzAuto Motors» АЖ 10 фоизгача акцияларини IPO ўтказган ҳолда сотишини эълон қилган.

Ўзметкомбинат, ОКМК ва НКМК IPO ўтказиши ҳақида 2019 йил бошида маълум қилинганди.

  • IPO (инглизча – Initial public offering) акциядорлик жамияти акцияларини чекланмаган миқдордаги шахсларга дастлабки оммавий сотишни билдиради.

Ўзбекистон тарихида илк бор тажриба тариқасида «Кварц» АЖ 2017 йил декабрида «Тошкент» фонд биржасида IPO ўтказган. Шундан сўнг «Жиззах пластмасса» АЖ ҳам акцияларини очиқ равишда фонд биржасига жойлаган.

«Кварц» ва «Жиззах пластмасса» ҳозирча Ўзбекистонда IPO ўтказган биринчи ва охирги компаниялар бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, 2019 йилдаёқ мамлакатдаги ўнга яқин компания акциялари очиқ савдога чиқарилиши эълон қилинганди. «Биз йил охирига қадар 10 тадан кам бўлмаган компания IPO жараёнини ўтказишини кутмоқдамиз. Ҳеч бўлмаганда, 6 компания», деганди ўшанда Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Асқар Обидов.

2019 йилдаги ҳукумат қарорида «Жиззах пластмасса» АЖдан ташқари, Ўзсаноатқурилишбанк ва Asia Alliance Bank ҳам IPO ўтказиши белгиланган эди.

2020 йил ёзидаги ҳужжат лойиҳасида эса «Қизилқумцемент», Товар-хомашё биржаси, Андижон биокимё заводи, УзБАТ, «Ўзтемирйўлконтейнер» каби давлат активлари акцияларини ҳам очиқ оммавий савдога чиқариш режа қилинганди.

Мавзуга оид