Ўзбекистон | 11:18 / 05.03.2022
36256
6 дақиқада ўқилади

Магистратурада бепул ўқиш ва имтиёзли қабул – Ўзбекистонда қизлар таълими учун қандай имкониятлар бор?

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг магистратурада ўқиш харажатларини давлат қоплаб бериши эълон қилинди. Бироқ бу йил магистратурага қабул мураккаброқ бўлиши ҳақида эслатиб ўтиш лозим.

Президент иштирокидаги хотин-қизлар масалаларига бағишланган видеоселекторда қизлар таълими учун бир қанча имтиёзлар берилиши маълум қилинди. Kun.uz аёллар таълими учун Ўзбекистонда мавжуд имкониятларни жамлаган ҳолда тақдим этади.

Таълим имтиёзлари

  • янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизлар контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм);
  • ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади;
  • ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизлар (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади;
  • ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади;
  • докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади;
  • ҳар йили хотин-қизлар талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилади;
  • янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун илк марта 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирча бу янгиликларнинг ишлаш механизми ишлаб чиқиляпти.

Ўқишга кириш имтиёзлари

2021 йилда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсияномалари асосида 2 минг нафар эҳтиёжманд оилалар қизлари қўшимча грант асосида талабаликка қабул қилинди. 2020 йилги қабулда бундай хотин-қизлар учун 940 та грант ўрни ажратилганди.

Тавсиянома қуйидаги тоифадаги хотин-қизларга берилади:

  • кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
  • турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
  • икки ва ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёллар қиз фарзандлари;
  • ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

2026 йилда хотин-қизлар учун ажратиладиган грантлар 6 мингга етказилиши режа қилинган.

Фақат қизлар учун бериладиган имтиёзлар

Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, бакалавриат талабалари бўлган лауреатлар эса магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича синовларсиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

Зулфиячилар

"Ҳамшира" кўрик-танлови ғолиблари давлат комиссияси қарори билан тегишли ОТМлар мос йўналишига танловдан ташқари кириш имтиҳонисиз қўшимча грант асосида қабул қилинади. 

Сирдарёликларга имконият

Президент Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувда келгуси 5 йилда сирдарёлик хотин-қизлар учун олийгоҳларга кириш давлат гранти 3 баробарга оширилишини маълум қилган.

Контрактни тўлаб бериш

2021 йил сентябр ойида ҳукумат қарори билан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жорий йилги ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўз ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4-курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йили якунланишига қадар тўлаб бериши лозим. Президент видеоселекторда контракти тўлаб бериладиган хотин-қизлар сони 150 нафарга етказилишини маълум қилди.

Молиявий барқарор ОТМлар эса 50 нафаргача талаба қизларни биринчи ўқув йилида бепул ўқитиши керак. Бунда талабгорларнинг кейинги ўқув йиллари учун таълим кредити расмийлаштирилади. Ҳокимликлар ўз ҳудудларидаги талабгорлар учун учинчи шахс кафиллигини беради ҳамда ўқишни тамомлагандан сўнг, уларни иш жойи билан таъминлайди.

Бу имконият отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёлларга берилади. Бу тоифаларга мос келувчи қизлар кириш имтиҳонлари жавоблари эълон қилинган кундан бошлаб  ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномани ҳар йили 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига тақдим этади. Давлат ОТМ 5 кун мобайнида рўйхатни шакллантириб, ҳокимликларга маълумотларни ёзма равишда юборади.

Айтилган тоифаларга мос келадиган, контрактга ўқишга киришдан қўрқиб турган абитуриент қизлар низомнинг тўлиқ варианти билан танишиб чиқиб, олдиндан имкониятини тўла билиб олиши мумкин.

Магистратура

Хотин-қизлар таълимига оид энг охирги янгиликлардан кўпчиликни суюнтиргани, шубҳасиз, янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизлар контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши бўлди. Бунинг учун 200 млрд сўм ажратилмоқда.

Шу ўринда эслатма: келгуси йилдан давлат ОТМлари магистратура босқичларига қабул мураккаброқ тарзда бўлиб ўтади.

Келаётган қабул – 2022/2023 ўқув йилидан чет тилидан хорижий тил сертификатига эга бўлмаган абитуриентлар магистратура учун ҳатто ҳужжат ҳам топшира олмайди.

Магистратура мутахассислиги учун чет тили сертификатининг даражаси B2 (IELTS 5,5) бўлиши керак.

“Мен ҳозир бакалавр босқичида ўқиётган ва кейинги йил магистратурага кириш ниятида бўлган талабаларга ҳам эслатмоқчиман: кейинги йилдан хорижий тил билиш бўйича сертификати бўлмаган талабанинг ҳатто ҳужжати ҳам магистратурага қабул қилинмайди. Бу хорижий тажриба. Хорижий тилни ўрганиш учун эса бир йил етарли”, деб маълум қилганди олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов.

Бундан ташқари, магистратурага тест имтиҳонларини ўтказиш ҳам тўлалигича ДТМ ваколатига топширилади.

Берилган имкониятдан хурсанд бўлишдан ташқари, магистратурада ўқишни хоҳлаган хотин-қизлар тайёргарликни ҳам кучли қилиши мақсадга мувофиқ. 

Мавзуга оид