15:44 / 09.05.2021
58381

«Долларнинг ошиши, олтин захиралари, арзонлаши кутилаётган пахта ёғи» – ҳафта хабарлари

Май ойида мамлакат иқтисодиётига оид бир қанча муҳим янгиликлар юз берди. Kun.uz «ҳафтанинг пуллик хабарлари»ни тўплади.

Пахта ёғи арзонлашиши кутилмоқда

Aксилмонополия қўмитаси Республикада ёғ нархи кескин ошиб бораётгани сабабли нархлар назорати кучайтирилганини маълум қилди. Қўмита расмийсига кўра, бу икки йўналишда: биринчиси нархга таъсир қилувчи омиллар ва ёғ-мой корхоналарининг ўзаро муносабатларида тил бириктириш ҳолатларини ўрганиш асосида амалга оширилади.

Пахта ёғи нархи тушиши кутилмоқда – ўртача 12-13 минг сўм, максимум 15 минг сўм атрофида бўлиши мумкин.

ДСҚ учта рақамли хизматни ишга туширади

Солиқ қўмитаси муҳим иқтисодий аҳамиятга эга 3та онлайн хизматни ишга туширишни маълум қилди:

Булар:

– Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги;

– Ягона электрон шартномаларнинг ахборот портали;

– Электрон ишончномаларни расмийлаштириш онлайн тизими.

Йилнинг биринчи чорагида паррандалар сони кескин камайди

2021 йилнинг январ-март ойлари ҳолатига кўра, республикада 84,1 миллион бош парранда мавжуд. 2021 йилнинг 1 январ ҳолатида эса 90,1 миллион бош парранда борлиги қайд қилинди. Йилнинг дастлабки уч ойида паррандалар сони 6 миллион бошга камайди.

Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор қилингач, омборларда импорт ёғлари тўпланиб қолди

Ўсимлик ёғи импорти учун қўшилган қиймат солиғи 2021 йил май ойидан 31 декабргача бекор қилиниши божхона омборларида ёғлар тўпланиб қолишига сабаб бўлди.

Тадбиркорлар солиқ имтиёзи берилишини кутиб импорт қилаётган ўсимлик ёғларини маълум муддат божхона омборларида сақлаган. Натижада омборлардаги ёғ маҳсулотлари миқдори бир ҳафтада 3 минг тоннага ортган.

2020 йилда Ўзбекистонда энг кўп зарар ва фойда кўрган корхоналар рўйхати эълон қилинди

Давактив агентлиги 2020 йил якуни бўйича давлат улуши бўлган энг юқори соф фойда олган 20та ва энг кўп зарар кўрган 10та корхона рўйхатини шакллантирди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов фойда билан ишлаган корхона ҳам, зарар билан ишлагани ҳам жамият ва иқтисодиётга ёмон таъсир қилиши борасида фикрларини билдирди.

Доллар курси бир ҳафталик тушишдан сўнг яна ошди

10 май, душанба кунидан бошлаб, Ўзбекистонда AҚШ долларининг расмий курси 7 май, жума кунига нисбатан 18 сўмга қимматлашиб, 10,511.84 сўмни ташкил қилади. 3 май, душанба кунидаги кўтарилишдан (13 сўмга қимматлаб, 10,523 сўмни ташкил қилганди) сўнг, ҳафта давомида курс тушиш кўрсаткичини намоён қилиб келганди.

Ўзбекистон халқаро захираларидаги монетар олтин ҳажми қарийб 10 тоннага ошди

Жорий йил 1 май ҳолати бўйича, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 34,1 миллиард долларни ташкил этди. 1 апрел ҳолатида республиканинг расмий захира активлари 32,6 миллиард долларни ташкил қилган. Олтин-валюта захираларининг кескин ошишига олтин нархи унсияси учун 1685,35 долларгача пасайишидан кейин, 1830 долларгача қимматлашини сабаб сифатида келтириш мумкин.

Шунингдек, ўтган бир ой давомида захирадаги монетар олтин ҳажми 0,3 миллион троя унсиясига (9,33 тонна) ошгани ҳам кузатилди.

Top