18:02 / 05.05.2021
20701
Ўзбекистонга импорт қилинаётган 6,5 минг тонна кунгабоқар ёғи божхона омборларида тўпланиб қолди

1 майдан ўсимлик ёғи импорти учун ҚҚС бекор қилинди. Натижада божхона омборларида ёғ маҳсулотлари тўпланиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Фото: РИА Новости

Ўсимлик ёғи импорти учун қўшилган қиймат солиғи 2021 йил охиригача бекор қилиниши божхона омборларида ёғлар тўпланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Kun.uz Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидан олган маълумотга кўра, тадбиркорлар солиқ имтиёзи берилишини кутиб импорт қилаётган ўсимлик ёғларини маълум муддат божхона омборларида сақлаган. Натижада омборлардаги ёғ маҳсулотлари миқдори бир ҳафтада 3 минг тоннага ортган.

«Нарх-навонинг ошишига таъсир кўрсатган омиллардан бири – ўсимлик ёғи импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисидаги қонуннинг кучга киришидир. Бу – божхона омборларида ўсимлик ёғининг ортиқча миқдорда тўпланишига олиб келди.

Жорий йилнинг 27 апрел ҳолатига кўра, божхона омборларида 3,5 минг тонна кунгабоқар ёғи ва май ойи бошида (4 май) 6,5 минг тонна писта ёғи мавжуд эди», – дейилади ИТИМ маълумотида.

Марказга кўра, айни пайтда ўсимлик ёғи нархи ўсиши тўхтаган.

«Операцион маълумотларга кўра, ўтган ҳафта ўсимлик ёғи нархлари 1,5 фоизга, бир ҳафта олдин эса 5 фоизга пасайиши кузатилди. Бозорнинг ушбу кўрсаткичлари ўсимлик ёғи нархлари даражасининг барқарорлашув тенденциясини кўрсатади», – дея қайд этади Ўзбекистон президенти ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар маркази.

Top