Иқтисодиёт | 20:27 / 29.08.2024
6466
3 дақиқада ўқилади

Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди

7 ойлик якунларига кўра, солиқ тушумлари “Ўзбекнефтгаз”да 24 фоизга, Бухоро нефт заводида 42 фоизга, “Иссиқлик электр станциялари”да 2,2 баробарга, “Uz-Kor Gas Chemical”да 3,2 баробарга камайган. “Uzbekistan GTL”нинг солиқ тўловлари қанчага камайгани маълум эмас, лекин қисқариш энг камида 1,5 баробар бўлган.

Фото: “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб борувчи 65 минг 134 та компания томонидан 2024 йил январ-июл ойларида 23 трлн 839 млрд сўм солиқ тўланган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга кўп. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Ҳисобот даврида, НКМК ва ОКМКни инобатга олмаганда ишлаб чиқарувчилар орасида энг кўп солиқни “Ўзбекнефтгаз” АЖ тўлаган – 2 трлн 290,7 млрд сўм. Лекин бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,1 фоизга кам. Таққослаш учун, 2023 йилнинг январ-июл ойларида компания тўлаган солиқлар миқдори 3 трлн 19,6 млрд сўм бўлган.

2023 йил билан таққослаганда, 7 ой давомида қуйидаги давлат корхоналарнинг ҳам давлат бюджетига тўлаган солиқлари миқдори сезиларли даражада қисқарган:

  • “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖда 707,8 млрд сўмдан 410,3 млрд сўмгача ёки 42 фоизга;
  • “Иссиқлик электр станциялари” АЖда 816,4 млрд сўмдан 368,3 млрд сўмгача ёки 2,2 баробарга;
  • “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖда 295,5 млрд сўмдан 198,4 млрд сўмгача ёки 32,8 фоизгача;
  • “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖда 547,6 млрд сўмдан 170,5 млрд сўмгача ёки 3,2 баробарга.

Шунингдек, ўтган йили январ-июл ойларида 245,5 млрд сўм солиқ тўлаган “Uzbekistan GTL” заводи, 196,2 млрд сўм солиқ тўлаган “Қизилқумцемент” (хусусийлаштирилган), 141,7 млрд сўм солиқ тўлаган “Ўзбеккўмир” 2024 йилнинг 7 ойи якунлари бўйича энг кўп солиқ тўлаган топ-20 корхоналар рўйхатидан чиқиб кетган.

“Uzbekistan GTL” ўтган йилнинг 7 ойида 254,5 млрд сўм солиқ тўлагани, жорий йилда эса ишлаб чиқарувчилар топ-20талигидаги сўнгги корхона 129,3 мрлд сўм солиқ тўлаганидан келиб чиқилса, GTL заводидан бюджетга солиқ тушумлари ҳам энг камида 49,2 фоизга камайгани аён бўлади. Маълумот учун, корхона жорий йилнинг 5 ойи давомида 101 млрд сўм солиқ тўлаган.

Аввалроқ бу завод 2022 йилда дизел ишлаб чиқаришни бошлаши ортидан Ўзбекистонга дизел импорти камайиш ўрнига, 7,3 баробарга ортгани маълум бўлган эди.

Таъкидлаш керакки, жорий йилда давлат бюджетига солиқ тўловларини кескин камайтирган корхоналарнинг аксарияти ёқилғи-энергетика тармоғидаги ташкилотлар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар миқдори 15 трлн 351 млрд сўмни ташкил қилган, шундан 70,2 фоизи энергетика соҳаси учун ишлатилган.

2023 ва 2024 йилларнинг 7 ойи якунлари бўйича Солиқ қўмитаси тақдим этган инфографикалар

Солиқ қўмитаси маълумотлари асосида, Kun.uz тузган жадвал

Мавзуга оид