18:02 / 25.06.2022
23447

Ҳокимлар кенгаш раислигидан кетади. Раислар депутатлар орасидан сайланади

Муҳокамага қўйилган Конституция лойиҳасига кўра, ҳокимлар маҳаллий депутатлик кенгашларига раислик қилишига чек қўйилади. Бироқ кенгаш раислари ҳам бевосита халқ томонидан сайланмаслиги мумкин: улар кенгаш депутатлари орасидан сайланади. Маҳаллий бюджетни шакллантириш ваколати ҳокимда қолади, кенгаш бюджетни ҳоким тақдимига биноан тасдиқлайди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари бир-биридан ажратилади.

Бу борада 99-, 100- ва 101-моддаларга ўзгартишлар киритиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра:

  • Ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.
  • Халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.
  • Кенгашлар ва ҳокимлар фаолиятини ташкил этиш қонун билан тартибга солинади.
  • Кенгашларнинг ваколат муддати – 5 йил.

Лойиҳада маҳаллий кенгаш раисини ким сайлаши масаласи қисман очиқ қолган. Яъни раисни кенгаш депутатлари ўзаро ички овоз бериш орқали сайлайдими ёки маҳаллий депутатлик сайловлари вақтида кенгаш раиси ҳам халқ томонидан сайланадими – бу масалага етарлича аниқлик киритилмаган.

“Халқ депутатлари кенгашлари депутатларининг сайлови тартиби қонунда белгиланади”, деган банд киритилган қонун лойиҳасига. Бундан келиб чиқадики, маҳаллий кенгаш раисини ким сайлаши (депутатларми ёки бевосита аҳоли) масаласига тўғридан тўғри Конституцияда эмас, тегишли қонунда тўла ойдинлик киритилади.

Айни пайтда бош қомуснинг 117-моддасига ҳам тузатиш киритиб, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига киритилиши кутилмоқда. МСК ваколатлари доирасида “кенгаш раиси сайлови” деган тушунча йўқ.

Конституцияда маҳаллий кенгашларнинг ваколатларини қуйидагича белгилаш таклиф этиляпти:

  • ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ва уни қуриш қоидаларини ҳокимнинг тақдимига биноан тасдиқлаш;
  • тегишли маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимига биноан кўриб чиқиш ва қабул қилиш, ушбу бюджетларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;
  • маҳаллий солиқлар ставкаларини ва бошқа мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
  • бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;
  • ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини тан олиш ҳамда муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;
  • қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳокимнинг қарорларини тасдиқлаш;
  • тегишли прокурорларнинг, ички ишлар органлари раҳбарларининг, адлия органларининг ва давлат бошқаруви органлари бошқа бўлинмаларининг ҳисоботларини эшитиш;
  • ҳокимнинг ва қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Ҳокимларнинг ваколатлари эса қуйидагилар деб белгиланиши мумкин:

  • қонунларни ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг фармонларини, қарорларини ва фармойишларини, юқори турувчи органларнинг ҳамда тегишли халқ депутатлари кенгашининг қарорларини бажариш;
  • соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чораларни амалга ошириш;
  • фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чораларни амалга ошириш;
  • муниципал мулкни ва маҳаллий коммунал хўжаликни бошқариш; атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш;
  • фуқароларнинг бўш вақтини ташкил этиш ва маданият соҳасидаги хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;
  • халқ депутатлари кенгашларига вилоятни, туманни, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳаларини, шунингдек уларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш;
  • қонунда белгиланган ҳолларда, қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини бекор қилиш ва халқ депутатлари кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;
  • республикада ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш юритиш;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси бугундан бошлаб 10 кун жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Кеча қонун лойиҳасини 1-ўқишда маъқуллаган Қонунчилик палатаси барчани муҳокамада фаол бўлишга чақирмоқда.

Top