08:19 / 18.07.2020
26631
Жўрабек Мирзамаҳмудов — импортни қисқартириш, «ПВХ2» лойиҳаси ва Россияга газ экспорти тўхтагани ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни нефть-газ, электротехника ва фармацевтика соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, давлат раҳбари ҳузурида мазкур тизимлардаги муаммолар, уларни бартараф этиш ва келгусидаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

Фото: Ўзатом

Тадбирда иштирок этган Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари – «Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Kun.uz мухбири билан суҳбатда нефть-газ тармоғини ривожлантириш борасида бажарилаётган ишлар, йиғилишда ўртага ташланган масалалар хусусида сўзлаб берди.

– Жўрабек Турсунпўлатович, давлат раҳбари ўтказган тадбирда қандай масалалар муҳокама қилинди ва келажак учун қанақа режалар тузилди?

– Мажлисда нефть-газ тармоғини ривожлантириш масаласига алоҳида урғу берилди. Аввало, ўзимизда мавжуд хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш энг муҳим вазифалардан экани айтилди. Ҳозир Ўзбекистонга кимёвий ва полимер маҳсулотларни асосан хориждан импорт қилиб олиб келяпмиз. Давлат раҳбари бу маҳсулотларни максимал даражада ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кераклигини айтдилар.

Импортнинг ўрнини босиш билан бирга, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидладилар. Бу бўйича 52та янги лойиҳа таклифларини тайёрлаганмиз. Мажлисда 5та лойиҳамиз муҳокама қилинди. Уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

– Албатта, бу йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун сиёсий ирода билан бирга катта ресурслар лозим. Уларни ҳал қилиш масаласи нима бўлади?

– Йиғилишда кўтарилган яна бир масала – давлат кафолати асосида кредит олмасликни йўлга қўйиш бўлди. Бу хорижий инвестицияларни ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш вақти келди, дегани. Албатта, маркетингни ривожлантириш ҳам муҳим. Чунки ҳамкорларимизга барча ташкилий ишларда кўмакчи бўлиш яхши натижаларнинг аввалидир.

Умуман олганда, лойиҳаларимизни амалга оширишда инвесторларнинг имкониятлари етарли даражада, дея оламан.

Юқори айтганим, муҳокамаси бўлган 5та лойиҳадан энг йириги катта ҳажмда поливинилхлоридни ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи «ПВХ2» деб аталади. Бу маҳсулот импорти ўтган йили 92 миллион 500 минг долларни ташкил этган, яъни катта ҳажмдаги маблағ четга чиқиб кетяпти. Ҳозирги мавжуд қувватлар, бу маҳсулотнинг ишлаб чиқариш ҳажми ички бозорни ҳам қоплай олмайди.

Сиёсий ирода ҳақида гапирдингиз, очиғини айтсам, агар эски тизимда ишласак, ушбу лойиҳани бошлаш учун камида икки йил вақт йўқотишимиз мумкин эди. Бу тажрибада исботланган. Чунки «ПВХ1» лойиҳасини мувофиқлаштириш ишлари 2014 йилдан 2016 йилга қадар давом этган. Давлат раҳбари режалаштирилаётган ишлар тезкорлик билан амалга оширилиши учун ҳукуматдан нима ёрдам керак бўлса, таклифларни беринглар, деб тайинлади.

Ҳужжатлар билан боғлиқ ишларни тугатиб, шу йил якунида қурилиш ишларини бошлашни режалаганмиз. Мазкур лойиҳани амалга оширишда биз биринчи ўринда сифатга эътибор берамиз, кейин нарх ва хавфсизликка.

– Дунё бўйича газ нархи арзонлашган. Шундай пайтда Хитой ва Россияга газ экспорти ҳажми камайгани тўғрисида хабарларни қандай изоҳлайсиз?

– Чиндан ҳам бутун дунёда газ нархи арзонлашган. Шундай пайтда асосий ҳамкорларимиз бўлган хорижий давлатларга экспорт ҳажми ҳам қисқарди. Хитойга экспорт қисқарган бўлса, Россияга белгиланган нархларда экспорт қилиш иқтисодий жиҳатдан манфаат бермай қолди.

Эътибор берган бўлсангиз, «Газпром»нинг ўзи ҳам экспорт ҳажми қисқаргани ортидан 2020 йилнинг биринчи чорагини рекорд даражада зарар (1,3 млрд АҚШ доллари – таҳр.) билан якунлаган, қатор лойиҳалари, жумладан Турк оқими ҳам бир ойдирки бўш турибди.

Мана шундай шароитда газни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Агар шу ишни йўлга қўйиб олсак, келгусида иқтисодий кўрсаткичларимиз анча ўсишига эриша оламиз. Сабаби, газнинг ўзини сотиш бир йўналишда даромад келтирса, бу маҳсулотни чуқур қайта ишлаш минглаб янги иш ўринлари, катта занжирли ишлаб чиқариш тизимини яратади.

Мажлисда топшириқлардан яна бири шу бўлдики, кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш зарур. Чунки катта лойиҳалар катта потенциал ва узоқ муддат талаб қилади. Кичик-кичик лойиҳалар ҳам албатта ўз ўрнида, етарли самаралар беради. Келгусида режаларимизнинг асосий қисми ишлаб чиқилган 52та лойиҳани амалга оширишдан иборат бўлади.

– Ташқи бозорда нарх тушаётган шундай пайтда газни ички бозорга, аҳолига етказиш ҳажмини ошириш масаласи кўрилмаяптими?

– Бу доимий эътибордаги масала. Бугунги кунда аҳолини газ билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти. Аммо айтиш керакки, газ қазиб олиш, янги конлар топиш харажатлари ҳам ошиб бормоқда. Қолаверса, биз қувурда газ етказиб беришда катта исрофга йўл қўйишда ҳам етакчи давлатлардан биримиз. Муҳими, бу йўналишда тежамкорликни йўлга қўйишда. Биз биринчи навбатда мана шу муаммоларни ҳал қилиб олишимиз лозим.

– Сиз вазир ўринбосари бўлиш билан бир пайтда «Ўзатом» агентлиги бош директори лавозимида ҳам фаолият олиб борасиз. Имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистонда атом электростанция қурилишига оид маълумот олсак. Бу лойиҳа тўхтаб қолган, деган хабарлар ҳам бор.

– Лойиҳа асло тўхтагани йўқ, аксинча, ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Иш жараёнида лойиҳага ўзгаришлар киритилмоқда, бу умумий режага ҳам табиийки таъсир қиляпти.

Президент таъкидлаганидек хавфсизлик, фойдалилик ва мақбул нарх борасида доимий музокаралар олиб борилмоқда. Жуда катта куч ва салоҳият талаб қиладиган бу лойиҳа насиб қилса амалга оширилади ва халқимизга хизмат қилади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Top