10:30 / 14.02.2023
26230

Сенатор Бахтиёр Сайфуллаев оламдан ўтди

Сайфуллаев кўп йиллар маданият вазири ўринбосари ва вазир лавозимларида ишлаганди.

Фото: Kun.uz

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев 72 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Бахтиёр Сайфуллаев 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1972 йилда ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган, 2002-2005 йилларда шу институтга ректорлик қилган.

2005-2012 йилларда Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари бўлган, 2012-2017 йилларда яна Давлат санъат ва маданият институтига ректорлик қилган, 2017 йилдан Маданият вазирлигига раҳбар этиб тайинланган (параллел равишда Ўзбекистон Давлат консерваториясига ректорлик қилган).

2020 йилнинг 18 январида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан сенатор этиб тайинланган, 20 январ куни янги таркибдаги Сенатнинг илк ялпи мажлисида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси этиб сайланганди.

У профессор илмий даражаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби унвонлари билан мукофотланганди.

Top