Олий Мажлис Сенатининг бугун, 20 октябрь куни бўлиб ўтаётган XX ялпи мажлисида сақлаш ва муҳофаза қилишга етарлича эътибор қаратилмагани оқибатида йўқолиб кетган маданий мерос объектлари масаласи муҳокама қилинди.

“Давлат дастурининг 20-бандида маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қайд этилган. Бунда барча маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектларининг электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан инвентаризация қилиш, давлат кадастри ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат кадастрини ягона тизимга кириш ахборотларини жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган.

«Ўзбек амалдорлари маданий меросга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишади» – америкалик тарихчи

Лекин сентябрь ойида қўмитамиз томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи билан “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижросини ўрганганимизда давлат дастуридаги қатор топшириқлар бажарилмаганига гувоҳ бўлдик.

Хусусан, пойтахтимизда миллий рўйхатга киритилган 354 та моддий маданий мерос объекти орасида айримлари кўрсатилган манзилда йўқлиги, яъни Яккасарой туманидаги учта, Олмазор туманидаги битта объект мавжуд эмаслиги аниқланди”, дейди Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Бахтиёр Сайфуллаев

Сенат раиси Танзила Норбоева маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган, бироқ ҳозирги пайтга келиб йўқолиб кетган тарихий объектлар муаммоси бошқа ҳудудларда ҳам мавжудлигини таъкидлаб, сенаторлардан масъул вазирликлар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва қонунчиликка ўзгартириш киритиш йўли билан уларни ҳал қилишни сўради.