Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин: «Қирғизистондаги ҳарбий базаларимиз – минтақадаги барқарорликнинг муҳим омили»
Қирғизистонга ташриф билан келган Россия етакчиси икки давлат иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштиришга доир ҳужжатни имзолади. Шунингдек, Путин хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор берилаётганини айтди. Жапаров эса Россия – ҳар доим «яхши дўст» бўлиб қолишини билдирди.
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистонда жойлашган Россия ҳарбий базалари минтақадаги барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу ҳақда Бишкекка келган Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров иштирокидаги музокаралар чоғида айтди.
«Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Республикага жойлаштирилган бирлашган Россия ҳарбий базаси – минтақада барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир», — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, «Россия-Қирғизистон муносабатлари стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик руҳида, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини инобатга олиш асосида муваффақиятли ривожланмоқда». Шунингдек, Россия Қирғизистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ҳамкоридир.
«Ўтган йили товар айирбошлаш 13,6 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 4,1 миллиард долларга етди, январь–сентябрь ойларида яна 17 фоизга кўпайди. Эндиликда барча тўловларнинг қарийб 97 фоизи миллий валюталарда амалга оширилмоқда. Ўзаро ҳисоб-китобларни ташкил қилишнинг янги вариантларини кўриб чиқмоқдамиз», — деди Россия етакчиси.
Путин Қирғизистонга киритилаётган инвестицияларнинг ўсиши ҳақида айтди.
«Сиз рус инвестициялари ҳақида айтдингиз. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, улар ҳам ўсмоқда, деярли икки миллиард долларга етди. Республикада Россия иштирокидаги 1,8 мингта корхона фаолият юритмоқда», — деди у.
Жапаров нималар деди?
Садир Жапаровнинг айтишича, Путиннинг Қирғизистонга давлат ташрифи икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамлигини яққол тасдиқлайди.
«Россия – Қирғизистон учун ҳар доим стратегик иттифоқчи, ишончли ҳамкор ва яхши дўст бўлган ва бўлиб қолмоқда. Албатта, биз биродар Россия билан мустаҳкам ва кўп қиррали муносабатларни доимо юқори баҳолаймиз», — дея Жапаровнинг сўзларини келтирмоқда унинг матбуот хизмати.
Бундан ташқари, президент Садир Жапаров икки томонлама кун тартиби доимий равишда кенгайиб бораётгани, у янги лойиҳалар ва ташаббуслар билан бойитилаётганини таъкидлади.
«Биз инфратузилмавий, энергетика, саноат ва гуманитар ташаббусларни ривожлантиришда Россия кўмагини юқори қадрлаймиз», — деди у. Шунингдек, Жапаров таълим, маданият ва миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида аҳамият берилаётганини айтди.
Келишувлар
Қирғизистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, ташриф доирасида «таълим, соғлиқни сақлаш, миграция, иқтисодий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик» соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Дастлаб, Садир Жапаров ва Владимир Путин Қирғизистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича Қўшма баёнотни имзолади.
Шунингдек, бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди:
- Икки давлат иқтисодиёт вазирликлари ўртасида стратегик режалаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
- Ички ишлар ва миграция масалалари бўйича ваколатли органлар ваколатхоналари ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги битим;
- Борис Елцин номидаги Қирғиз–Россия Славян университетининг кампусини қуриш шартлари тўғрисидаги битим;
- Аҳолининг санитария–эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
- Икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида кардиология соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- 2017 йилдаги ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги Шартномага ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги протокол;
- Икки давлат почта ташкилотлари ўртасидаги ниятлар тўғрисидаги битим.
Россия президентининг Қирғизистонга ташрифи 27 ноябргача давом этади.
Икки томонлама музокаралардан сўнг Бишкекда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. Ушбу йиғилишда қатнашиш учун Бишкекка Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон етакчилари ҳам етиб келган. Владимир Путин 2026 йилда Россиянинг ташкилотдаги раислигининг устувор йўналишлари ҳақида ахборот бериши кутилмоқда.
Мавзуга оид
21:08 / 01.04.2026
Қирғизистонда Қамчибек Ташиевнинг укаси коррупцияда гумон қилиниб қўлга олинди
20:35 / 01.04.2026
Ўзбекистон Россия авиакомпаниялари учун асосий халқаро йўналишга айланди
13:21 / 01.04.2026
Қримда ҳарбий самолёт қулаб, 30 киши ҳалок бўлди
20:56 / 31.03.2026