Жамият | 15:00 / 23.07.2019
211387
6 дақиқада ўқилади

Kun.uz суриштируви: Яккабоғда тадбиркор ҳоким ўринбосарини ёқиб юбормоқчи бўлди. Сабаб нимада?

Интернетда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосарига бензин қуйиб ёқиб юбормоқчи бўлгани тасвирланган видео тарқалди.

Унда гувоҳлар тилидан «Дўкон эгаси 2 литр баклашкага солинган бензинни олиб чиқди-да, бульдозер устида ўтирган ҳоким ўринбосарининг устига сепиб юборди. Кейин гугурт чақиб, устига отган эди Туймаев ёниб кетди. Одамлар уни бульдозердан тушириб, тепиб-тепиб ўчирди» дейилади.

Kun.uz мухбири мазкур ҳодиса бўлиб ўтган ҳудудга бориб, воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашди. Шу маҳаллада яшовчи, воқеани кўзи билан кўрган бир неча киши 20 июлда содир бўлган ушбу воқеа видеоёзувларини тақдим этди. Видеотасвирларда Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг экскаваторда ўтириб тадбиркорларга тегишли биноларни бузаётганини кўриш мумкин. Жумладан, ҳоким ўринбосари тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини буза бошлаганида тадбиркор кескин норозилик билдиради. Унинг норозилиги эътиборсиз қолдирилгач 1 литрли сув идишида экскаватор кабинасига бензин сепиб юборган. Тасвирларда ҳоким ўринбосари М.Туймаев ўтирган кабина ва тадбиркорнинг ўзига тахминан икки сония олов ўрлаганини кўриш мумкин. 

Гувоҳларнинг айтишича, олов ҳоким ўринбосари танасини ҳам бир лаҳза қоплаган. Биз воқеага янада аниқлик киритиш мақсадида Яккабоғ туман марказий шифохонасида бўлдик. Шифохона қабул бўлимида 20 июль куни соат 20:25 да ҳоким ўринбосари М.Туймаев юз, иккала кафт куйиши ташхиси билан, шифохонага ўзи келгани қайд этилган. Ходимлар М.Туймаевнинг айни вақтда шифохона реабилитация бўлимида даволанаётганини маълум қилишди. Аммо бу вақтда соат тунги 00:55 бўлгани, Мансур Туймаевнинг ухлаётгани боис кўришолмадик. Бироқ, туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари, эрталаб ҳоким ўринбосари Тошкентга кетганини маълум қилди, аслида у шифохонада экани суриштирувларимиз асносида ойдинлашди.

Айни вақтда видеотасвир орқали тадбиркор Баҳриддин Исомов ҳам куйиш тан жароҳати олганини билганимиз сабабли тадбиркор билан кўришишни ният қилдик. Маҳалла вакиллари тадбиркорни ички ишлар ходимлари олиб кетишганини маълум қилишгач, туман ИИБга бордик. Ички ишлар бўлими навбатчиси бино таъмирланаётгани сабабли тадбиркорнинг бу ерда эмаслиги, айнан қайси туман ИИБда сақланаётганини билмаслигини маълум қилди. Тадбиркорнинг ўғиллари эса отасига 21 июль куни соат тунги 00:00 атрофидагина тиббий хизмат кўрсатилганини айтмоқда.

Тадбиркор нега бунчалик даражага борди?

Тадбиркорнинг олов ёқиб ўзи ва ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев куйишига сабабчи бўлишини оқлаб бўлмайди. Шу билан бирга, унинг нима сабабдан бу даражага борганини аниқлаш илинжида яна воқеа гувоҳлари олган видеотасвирларига мурожаат қиламиз.

Тасвирда ҳоким ўринбосари бульдозерда биноларни бузаркан, техника икки қаватли бино деворига зарба берган вақтда бино пиллапоясида тадбиркор ва унинг яқинларини кўриш мумкин. Шунингдек, иккинчи қаватда ишчилар ва мижозлар бўлган. Бу эса афтидан, тадбиркорни жазавага солган. Шунингдек, маҳалла аҳлини энг қаттиқ норози қилган нарса – ҳокимлик шу вақтгача ҳеч қандай ёзма огоҳлантириш бермаганидир. Огоҳлантиришсиз бузилишни эса аҳоли, жумладан, тадбиркорлар адолатсизлик, қонунсизлик деб топган.

«Ниҳоят, мана шу хунук воқеадан кейин орадан бир кун ўтибгина ҳокимлик вакиллари бизга огоҳлантириш хати олиб келиб беришди. (20 июль санаси билан). Ҳокимлик вакиллари мазкур хат бино бузилишида содир бўлган жанжалдан кейин ёзилганини тан олишди», - дейди тадбиркорнинг ўғли Ш.Даминов.

Воқеадан кейин тадбиркор ва унинг яқинлари тақдири қандай кечган?

Ҳоким ўринбосарига бензин сепиб юборган тадбиркорни тўппа тўғри  ИИБ бўлимига олиб кетишган.

Бош прокуратура матбуот хизматидан хабар беришларича, Баҳриддин Исомовга нисбатан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳодиса оқибатда туман ҳокими ўринбосари танасининг 35—40 фоизи куйгани айтилган.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Шу билан бирга, олов ёқишда иштирок этмаган ўғли М.Даминовни ҳам ИИБда 50 соатдан ортиқ вақт мобайнида ушлаб турилган. Унинг боши ва елкасидаги жароҳатларни кўрмасликнинг иложи йўқ эди. М.Даминовнинг таъкидлашича, бу жароҳатларга ИИБ ходимлари сабаб бўлган.

Воқеа содир бўлган куни тадбиркорнинг яна бир ўғли Ш.Даминов фарзандли бўлгани учун маҳаллада бўлмаган. Аммо кечқурун, соат 19:00 лар атрофида маҳаллага кириб келган Ш.Даминовни ҳам ИИБ ходимлари олиб кетиб, 11 соат давомида ушлаб туришган, бироқ Ш.Даминовга унинг айби нимада эканлигини айтишмаган.

Мазкур дастлабки хабар Яккабоғдаги Мустақиллик маҳалласида ободонлаштириш ишлари номи билан бўлаётган бузилишларга гувоҳ бўлганлар ва мавжуд видео, аудио материаллари асосида эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳокимлик, ИИБ ва бошқа тегишли ташкилотларнинг фикр ва хулосалари олингандан сўнг воқеа тафсилотлари ҳақида янада батафсил маълумот берилади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Kun.uz мухбири.
Яккабоғ, Қашқадарё

Мавзуга оид